Ўзбекистон | 11:13 / 16.11.2021
600
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда кўкнор ва марихуана гиёҳвандлик моддаларини олиб кетаётган шахс ушланди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида кўкнор ва марихуана гиёҳвандлик моддаларини олиб кетаётган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 8 ноябр куни вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Шаҳрисабз шаҳар, «Тепарлик» МФЙ ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида маҳалла бўйлаб кетаётган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари тадбир иштирокчиларида шубҳа уйғотган. Шундан сўнг, тегишли тартибда унинг ёнида бўлган нарса ва буюмлар кўздан кечирилганида, қўлидаги кўк рангли елим пакет ичида ўттиз икки дона гугурт қутида ва олти дона қоғоз парчаларига ўралган кўкнори ўсимлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Суриштирувлар давомида ушбу шахс Шаҳрисабз тумани «Ҳисор» МФЙда яшовчи А.У. эканлиги, гугурт қутиларида эса жами 91,7 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид