Ўзбекистон | 18:47 / 17.11.2021
53074
3 дақиқада ўқилади

Йўл ҳаракати қоидалари: Қатнов қисми ва ҳаракатланиш бўлаги

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича мутахассис Носиржон Зокиров автомобил йўллари ва улардаги ётиқ чизиқлар бўйича барча учун зарур бирламчи маълумотларни айтиб ўтди.

Йўл ҳаракати қоидаларида асосий тушунча ва терминлар, ибора ва атамалар бор. Уларни билмасдан туриб, йўл ҳаракати қоидаларини билишнинг иложи йўқ. Ҳар бир атама ва тушунча юридик кучга эга.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”да 50та атама ва тушунча мавжуд. Биз кўпроқ қўлланиладиган сўзларга тўхталиб ўтамиз.

Йўл – транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган ер бўлаги ёхуд сунъий иншоот юзаси. Йўл автомобиль ва шаҳар электр транспорти йўлларини ҳамда тротуарларни ўз ичига олади.

Носиржон Зокиров Фото: Kun.uz

Шундай савол бўлиб қолади: Йўлда нечта қатнов қисми бор? Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кўпчилик йўлнинг таркибини, унинг элементларини билмайди. Бунинг натижасида ўрнатилган йўл белгилари йўлнинг қайси қисмига амал қилиши борасида ҳам тушунмовчиликларга сабаб бўлади.

Йўл тротуар ёки йўл ёқасини ҳам ўз ичига олади. Унинг асосий қисми – қатнов қисмидир. Барча йўллар, токи 5.5 белгиси ўрнатилмаган экан, ҳаракатланиш икки томонлама ташкил этилган ҳисобланади.

Фото: Kun.uz

Йўлда бир нечта қатнов қисми (йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган қисми) бўлиши мумкин. Йўл иккита қатнов қисмига эга бўлиши учун ўртада ажратувчи бўлак (йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ва (ёки) иккита 1.1 ётиқ чизиғи билан белгиланган қисми) бўлиши керак.

Амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларида “1.1 ётиқ чизиғи” деб кетилган ва бу хато. Аслида, “иккита 1.1 ётиқ чизиғи” ёки “1.1 ётиқ чизиқлари” бўлиши керак эди. Шундагина бу ажратувчи бўлак саналади.

Фото: lex.uz

Ҳайдовчиларнинг “полосани босдим” ёки “ЙПХ ходими полоса учун жарима ёзиб берди” дейиши ҳам хато. Русча гапирганда ҳам “полоса” – бу ҳаракатланиш бўлаги (автомобилларнинг бир қатор бўлиб ҳаракатланиши учун етарлича кенг бўлган, йўл чизиқлари билан белгиланган ёки белгиланмаган йўл қатнов қисмининг ҳар қандай бўйлама бўлаги).

Мабодо, йўлда 4та ҳаракатланиш бўлаги бўлиб, унда ажратувчи бўлак ташкил этилмаса, бу ҳолда 1.3 чизиғи чизилади.

Бу ҳолатда йўлнинг таркиби қандай бўлади? Битта йўл бўлади, битта қатнов қисми бўлади. Биринчи кўриб чиқилган ҳолатда битта йўл ва 2та қатнов қисми бўлиб, қатнов қисмиларини ажратувчи бўлак ажратиб турган бўлса, иккинчи ҳолатда йўл ҳам қатнов қисми ҳам битта бўлади. Иккисида ҳам бўлаклар сони олтидан.

Мавзуга оид