Иқтисодиёт | 16:37 / 19.11.2021
17084
2 дақиқада ўқилади

«Бу имконият ҳеч кимда бўлмаган» — ҚҚС тўламаслик хавфини аниқлаштирувчи инструмент ишга туширилади

ДСҚ раисининг сўзларига кўра, янги инструмент 2022 йилдан ишга тушади ва у контрагентнинг бюджетга қанча ҚҚС тўлаганини автоматик ҳисоблаб бериб туради.

2022 йилдан «солиқ узилиши» инструменти ишга тушади. Бу ҳақда ДСҚ раиси Шерзод Қудбиев маълум қилди.

«Қўшилган қиймат солиғини тўламаслик хавфини аниқлаштирувчи таҳлилий инструмент ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш устида иш бошладик. Яъни бу – «солиқ узилиши». Буни 1 январгача жорий қилишга ва ҳар бир ҳисоб-фактурада кўрсатиб туришга ҳаракат қиламиз», деди у.

Қудбиев ушбу инструментнинг қандай ишлашига тўхталди.

«Сиз контрагент билан ишлашдан олдин контрагентингиз неча фоиз ҚҚСни бюджетга тўлаганини ҳисоблаб берамиз. Бу имконият ҳеч қачон ҳеч кимда бўлмаган. Ҳозирги IT шу имкониятни беради.

Дастлабки ҳисоб-китобларимиз жуда аячли аҳволда эканимизни кўрсатиб турибди. ҚҚСнинг бутун занжирини – 20 контрагент бўладими, 30тами – бу математика, уни алдаб бўлмайди. Яққол кўриниб туради. Энди шу занжир бўйича узилиш амалиётини янги йилдан жорий этамиз», дея ДСҚ раиси сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, ҚҚС тўловчилар махсус рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилгани маълум қилинганди. Шунингдек, янги тартибга кўра, интизомли солиқ тўловчиларга ҚҚС суммаси 7 кунда қайтарилади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид