Кучли таъсир қилувчи дори воситалари: Нега ёшлар ўзларини заҳарлашмоқда?
Ўзбекистонда соғлом бўла туриб “Тропикамид”, “Лирика”, “Регапен”, “Зардекс” сингари дориларни истеъмол қилаётган ёшлар сезиларли даражада кўпайган. Kun.uz мазкур муаммо сабабларини ўрганди.
Бугун ёшлар орасида айрим дори воситаларини кайф-у сафо илинжида истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Масалан, “Тропикамид”, “Лирика”, “Регапен”, “Зардекс”. Аслида мазкур дорилардан кўз ёки бошқа тана аъзолари касалликларини даволашда фойдаланилади ва уларнинг савдоси қонун асосида назорат қилинади. Дорихоналарда ушбу дорилар шифокор рецепти асосида сотилиши шарт. Лекин афсуски, “қилни қирқ ёрадиган уддабурон”лар шундай турдаги дориларни ноқонуний йўллар билан сотиб олиб, истеъмол қиляпти. Оқибатда нафақат ўз соғлигига, балки атрофдагиларга ҳам зарар етказмоқда.
Бундай дориларга тобелик нималарга олиб келади?
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати инспектори Жамолиддин Насимов мазкур дори воситалари таъсирига тушиб қолган ёшлар ва бунга қандай омиллар сабаб бўлаётгани ҳақида фикр билдирди.
“Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини истеъмол қилиб маст бўлиш ҳозирги кунда уйқу бермайдиган муаммолардан бири. Бу нимадан келиб чиқди? Юртимизда гиёҳванд моддалар истеъмолига қарши кескин кураш бор. Бундай воситаларга қатъий тақиқ бўлиб, улар камайгач, ёшлар орасида унинг прототипини қидириш бошланди. Яъни ҳузур-ҳаловатга эришиш йўли изланди. Тропикамид, лирика, регапен, зардекс ва бошқа ўнлаб, инсонга нотўғри фойдаланиш орқали сархушлик берадиган дори воситаларини истеъмол қилиш ҳолатлари пайдо бўлди.
Мисол учун, тропикамидни олайлик. Бу дори кўз касалликларини даволаш учун ишлатилади. Лекин ёшлар уни бурнига сепиб инъекция ҳосил қиляпти. Яъни бу қон айланишини бузиб, қўпол қилиб айтганда “кайф” беради. Улар минг афсуски, шунинг илинжида юрибди.
Бу нимага олиб келади, аввало соғлом одам истеъмол қилиши орқали бир неча касалликлар келиб чиқади.
Энг ёмон томони шундаки, бундай ёшлар умуман жамиятдан ажралиб қолади. Ўша дори воситаларини топиш учун, сотиб олиш учун ёшлар қўлидан келган хунрезликни қилишга тайёр бўлиб турибди. Ўша дорини қабул қилса бўлди. Умуман, одам сифатида ҳаракат қилмайди.
Ўтган куни Шайхонтоҳур тумани 4-сонли ички ишлар бўлимида жиноят иши қўзғатилди. Ўғрилик содир бўлган. Ўғрилар жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланган. Гаплашиб кўрдим. Улар кўп такси ҳайдовчиларининг телефонларини ўғрилаб кетишган экан. Яъни ўша дориларни сотиб олиш мақсадида ўғрилик қилишган. Ҳаттоки, қўлга олинган пайтда ҳам улар кучли дорилар таъсирида бўлган. Бу жуда ачинарли ҳолат. Уларга оиласидаги ёки бошқа муаммо ва ташвишлар қизиқ эмас. Дард-у хаёли дори истеъмол қилишда.
Тошкент шаҳрида махсус рейдлар ўтказяпмиз. Ўртаҳол одамнинг ёнидан бу каби дорилар чиқмаяпти. Болаларига “Жентра”, “Малибу” каби машиналарни олиб берадиган оилалар фарзандларининг машинасини тўхтатсак, ўша дориларнинг 2-3 тури чиқиб келяпти. Бу реал бўлаётган, айниқса, Тошкентда кузатилаётган ва жуда ҳам аянчли ҳолат”, дейди у.
Маълумотларга кўра, “Регапен” ва “Зардекс” ҳам назорат остидаги дориларга киради. Улар кучли таъсир қилувчи дори ҳисобланиб, оғриқ қолдириш учун ишлатилади. Лекин ҳозир ёшлар мазкур дориларни ҳам маст бўлиш мақсадида истеъмол қилмоқда.
Мутахассислар айнан шу дориларга тобе бўлиб қолган инсон бир кунда 40тагача дори қабул қилиши мумкинлигини ва юқори дозани кўтара олмай юрак хуружи юзага келишини аниқлаган.
Руҳий тобеликни даволаш бир умрга чўзилиши мумкинми?
Нарколог Наргизхон Содиқова кучли таъсир қилувчи дори воситаларини соғлом организм қабул қилганда, зарарли хусусиятларга эгалигини айтади. Қайд этилишича, биринчи навбатда дорилар заҳарга айланади. Дори соғлом организмга киргач, ўз ножўя таъсирларини кўрсатмай қолмайди.
“Кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ўрганиб қолганлар орасида 2 хил тобелик келиб чиқади. Руҳий ва жисмоний.
Шифокор жисмонан тобеликни 1 ҳафтада даволаши мумкин. Масалан, дори таъсирига тушиб қолгач, уни истеъмол қилмай қўйса, юзага келадиган кўп терлашлар, ҳолсизлик, иштаҳа йўқлиги, оёқ-қўллар ва бўғимларда оғриқларни тез даволашнинг имкони бор.
Энг ачинарли ҳолат, бу руҳий тобеликдир. Уни керак бўлса, бир умр даволашга тўғри келади.
Дорилар инсон организмидаги қон томирларни жуда тез кенгайтириб юбориши мумкин. Бунда ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади.
Кайф ҳолати деганда мия фаолиятига кучли таъсир тушунилади. Бу секунд даражасидаги таъсир ҳисобланади. Шу таъсирни излаб, беморлар ўша дориларни дозасини кўпайтириб қайта-қайта истеъмол қилишади.
Агарда кучли таъсир қилувчи дорилар бирданига кўп миқдорда истеъмол қилинса, организмда заҳарланиш ҳолати кузатилади. Бу ҳатто ўлим билан тугаши мумкин.
Кўп беморлар келиб “бу оддий дори-ку, бурунга сепаман, холос. Мен буни ичмайман ёки инъекцион ҳолатда қабул қилмайман. Бунинг организмга таъсири унчалик кучли эмас. Мен бемалол бу йўлдан чиқиб кета оламан”, дейишади.
Аммо бу дорилар инсон организмига жуда қаттиқ салбий таъсир кўрсатади. Чунки қон томир орқали сўрилган ҳар бир дори ички организмдан ўтади. Жигар, буйрак фаолиятига, юрак соҳасига таъсир ўтказади. Кўпгина ҳолатларда юрак соҳасида катта ўзгаришларга олиб келади”, дейди нарколог.
Муаммо ечими кимнинг қўлида?
Ўрганишларга кўра, ёшлар орасида кенг тарқалиб бораётган бу иллат илдизи биринчи навбатда оилавий ва атрофдаги муҳитга бориб тақалади. Тарбия ўз ўрнида бўлса, руҳий жиҳатдан барқарорлик бузилмаса, ҳеч бир ёш бундай бесамар ҳаракатларга чоғланмайди.
Масаланинг яна бир томони – мазкур дориларни ноқонуний тарзда, яъни шифокор рецептисиз сотаётган “тадбиркорлар” билан боғлиқ. Наҳотки, мўмай даромад эвазига ёшлар жонини, ҳаётини заҳарлаш уларга манзур келаётган бўлса?!
Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати инспектори Жамолиддин Насимовнинг айтишича, бу каби дори воситаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш мақсадида ҳукумат томонидан ишчи гуруҳ тузилган. Божхона қўмитаси, ДХХ, Ички ишлар вазирлиги, ССВ, Бош прокуратура билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо муаммо тўлалигича бартараф этилмаяпти. Боиси, кўп ҳолларда болаларнинг ўз яқинлари томонидан қилинадиган назорати рисоладагидек эмас.
“Менимча, бу масалада қаттиқ жазо чораларини кўриш керак. Масалан, автомобил нега олиб қочилмайди ёки кам ўғирланади. Сабаби жазо жудаям қаттиқ. Ўғри 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунинг учун ҳам машиналар деярли ўғирланмайди.
Дори воситаларига ҳам қонуний жазо бор. Лекин жазони яна ҳам қаттиқроқ қилиш керак. Шунда ўринли бўларди.
Ота-оналар фарзандларига барча шароитни қилиб беряпти, лекин болада интилиш, қизиқиш йўқ. Кейин улар шу дориларга ўрганиб қоляпти.
Ота-оналар фарзандлари тарбиясини қаттиқроқ назорат қилишлари керак. Тўқликка шўхлик деймизми, ота-она фарзандини ўзи назорат қилмаса, бу муаммони енгиш қийин. Буни фақатгина қонун, жазо ва ота-оналар назорати билан енгишимиз мумкин. Ота-оналар фарзанди юриш-туришига эътиборли бўлсин. Керак бўлса, кимлар билан дўст бўлаётганини ҳам назорат қилсин.
Ана шу турдаги дори воситаларини сотиб ҳамёнини қаппайтираётган “тадбиркорлар”га мурожаатим, эртага сизнинг фарзандингиз ҳам мана шу турдаги дори воситаларига тобе бўлиб қолмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Сиз ҳам мана шу дардга йўлиқишингиз мумкин.
Қанчадан қанча оилалар шундай дориларни деб дард-у фарёд чекмоқда. Бир фарзандни дунёга келтириб, 20 ёшга киргизгунча ота-она қанча қийинчиликларни кўради? Вақтида бу нарсадан ўзингизни тўхтатинг”, дейди Жамолиддин Насимов.
Маълумот учун, айни пайтда мазкур дори воситаларини ноқонуний сотаётган ёки сотиб олаётганларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилади.
Бемор бундай турдаги дориларни шифокор ёзиб берган ва касалхона муҳри босилган рецепт асосида сотиб олиши зарур. У дорини ўзи билан олиб юрганда қўлида рецепт ҳам бўлиши талаб этилади.
Исломбек Умаралиев, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:18 / 13.11.2024
Ўзбекистон инглиз тили саводхонлиги рейтингида 98-ўринга тушди
21:51 / 29.07.2024
Фарғонада “Мирзо Улуғбек ворислари”га ваъда қилинган мукофот пуллари берилмади, нега?
21:39 / 26.07.2024