Ўзбекистон | 15:58 / 19.11.2021
20238
8 дақиқада ўқилади

Яна алифбо ислоҳоти ҳақида. Бу давлат бюджети ва одамлар чўнтагига ортиқча юк эмасми?

Яқин кунларда алифбони ўзгартиришга қаратилган навбатдаги ислоҳот якуний босқичига кириши кутилмоқда. Лекин унинг ортидан бўладиган харажатларга давлат бюджети ва фуқаролар тайёрми? Муаммони инновацион йўл билан ҳал этса бўлмайдими?

Фото: Kun.uz

12 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўзбек тилшунос олимларининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича якуний йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда «sh», «ch», «o‘», «g‘» ҳарфларини «ş», «ç», «ō» ва «ğ» шаклида ўзгартириш бўйича таклиф тилшунос олимлар томонидан тўла маъқулланди. Шунингдек, олимларимиз «нг» ҳарф бирикмасини ҳам бир ҳарфдан иборат белги «ñ»га ўзгартириш бўйича келишиб олишган.

Эндиликда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тез орада парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритилиши кутилмоқда.

Тилшунос олимларимизнинг ўз соҳаларидаги билимларини ҳурмат қилган ҳолда ушбу қонун лойиҳасининг эҳтимолий стратегик оқибатларини кўриб чиқамиз.

Таълим

Алифбони ўзгартириш таклиф қилинишига асосий сабаблардан бири сифатида мавжуд алифбонинг мураккаблиги таъкидланмоқда. Бироқ 1995 йилги алифбо асосида ўқиган ёшлар аллақачон олий таълимни ҳам битириб бўлган. Янги алифбога ўтиш етишиб чиққан кадрлар учун мураккаблик туғдиради, холос. Агар мавжуд алифбо мураккаблиги илм-фан тараққиётига таъсири қилиши ҳақидаги гапларга ёзуви иероглифларга асосланган Хитой каби давлатларни мисол келтирган ҳолда жавоб бериш мумкин.

Молия

Бу ўзгаришлар кўплаб миқдордаги китоблар, қўлланмалар, илми ҳамда публицистик адабиётларни янгилашни ҳам талаб қилади. Ваҳоланки, бу бюджетдан, аниқроғи, солиқ тўловчилар ҳисобидан катта харажатларга сабаб бўлади. Пандемия оқибатлари тўла бартараф этилмаган ва кундан кунга экологик муаммолар ўсиб келаётган бир даврда бу бюджетга ортиқча босим келтириб чиқариши табиий. Шуниндек, кўпгина мактаблар таълим олиш учун етарли шароитлар билан таъминланмаган бир даврда маблағлар алифбодаги 4та ҳарфни алмаштиришдан кўра таълим ва тарбияни яхшилашга йўналтирилиши жамият учун кўпроқ фойда келтиради.

Иқтисодиёт

Алифбо ўзгариши шахсга доир ҳужжатларни ҳам янгилашни талаб этади. Одатда бу турдаги ҳужжатлар учун тўловлар аҳолининг ўз ҳисобидан амалга оширилади. Шундан келиб чиқсак, бу ўзгаришлар фуқаролар учун ҳам ортиқча харажатларга сабаб бўлади. Шу пайтгача миллионлаб одамларнинг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатлари амалдаги лотин ёзувига асосланган алифбодаги ҳарфлардан фойдаланиб ёзилган. Давлатнинг ижтимоий соҳага ажратаётган маблағлари шусиз ҳам бюджетнинг катта қисмини ташкил этади. Жуда катта эҳтимол билан ҳукумат бу ишларни текинга амалга оширишни ўз зиммасига олмайди.

Жамиятнинг барча қатламлари ҳам алифбо ўзгаришини қўллаб-қувватламаслиги мумкин

Ўзгартириш киритиш зарурати ҳақида гап кетганда ташаббускорлар ҳозирги алифбодаги айрим ҳарфларнинг мураккаблиги ва ноқулайлигини таъкидлайди. Бу аслида нисбий тушунчадир. Ким учундир ёзишга ёки ўқишга ноқулай бўлган матнлар бошқа инсон учун қулайроқ бўлиши мумкин. Бу бўйича катта кўламдаги тадқиқотлар ёки сўровномалар ўтказилгани ва шундан келиб чиқиб таклифлар илгари сурилгани ҳақидаги маълумот тақдим этилмаган.

БМТнинг Ўзбекистондаги глобал лойиҳаси, ижтимоий сўровлар ўтказувчи онлайн платформа – U-report’да ўзбек тилига оид айрим масалаларга ёшларнинг муносабатини билиш мақсадида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг кўпчилиги (74 фоиз) лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритиш (айрим ҳарфларнинг янги кўринишда киритилиши)га салбий муносабат билдиришган. 36 фоиз иштирокчи ёзув ислоҳотини керак эмас деб ҳисоблайди, 24 фоизи бунга салбий муносабатда, 14 фоизнинг фикрича эса бу ортиқча сарф-харажат қилади.

1QGh80_M86-b97waJDmczr9vevWzWTgw.png (801×396)

Ёш кадрларнинг давлат ташкилотларидаги иш жараёнида кирилл алифбосидан фойдаланишга ўтиб кетишини кўпроқ ҳозирги алифбодаги мураккабликлар билан эмас, балки кўпчилик давлат ташкилотларида иш ҳужжатлари айнан кирилл алифбосига асослангани билан изоҳлаш мумкин.

Бугунги кунда мамлакат фуқаролари, асосан катта авлод вакиллар орасида ёзув билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришларга нисбатан салбий муносабат шаклланган. Амалдаги алифбодан фойдаланишга ўрганган мутахассислар ҳам, мутахассис бўлмаганлар ҳам ўзгаришларни ҳазм қилиши қийин. Бунга етарли даражада сабаблар ҳам бор, аслида. Ўзбекистонда 1993 йилда лотин ёзувига ўтиш бўйича қонун қабул қилинган бўлса, 2005 йил унинг ижросига охирги муддат деб олинган эди. 2004 йилда эса бу муддат яна 2010 йилгача узайтирилди. Аммо 2021 йил тугаб бораётган бўлса-да, ҳалигача бу ишлар амалга ошгани йўқ.

Айни пайтда мамлакатда лотин ва кирилл алифболари кўп йиллар давомида ёнма-ён ишлатилиши натижасида икки тоифа авлод шаклланди: бир томонда, ўзбек мактаблари ва коллежларида лотин алифбосида таълим олган ёш авлод, иккинчи томонда ҳали ҳам кириллда ўқиш ва ёзишни афзал кўрадиган ўрта ва кекса авлод вакиллари. Янги алифбо амалиётга киритилиши эса юқоридаги икки қатламнинг норозилигини келтириб чиқараверади ва учинчи қатлам шаклланишига олиб келади. Бу эса тўлиқ лотин ёзувига ўтишни яна бир неча ўн йилларга кечиктириши мумкин.

Муаммони инновацион йўл билан ҳал этса бўлмайдими?

Бундай ўйлаб қаралса, тилшунослар томонидан бот-бот такрорланаётган ва кўплаб имловий хатоларга сабаб бўлаётгани айтилаётган «o‘» ва «g‘» ҳарфларининг тўғри ёзилишини таъминлаш учун бутун бошли алифбони ўзгартиришнинг зарурати ҳам йўқ. Лотин ёзувига асосланган ҳозирги ўзбек алифбосидан тўғри фойдаланиш учун Windows операцион тизимида клавиатура терилмасини яратиб, алифбони қулай ва бехато режимга мослаштириб олиш бугунги кунда жуда мураккаб иш ҳам эмас.

Бундан ташқари, сунъий идрок технологиялари шунчалик тез тараққий этмоқдаки, ҳозирги алифбодаги барча ҳарфларни ҳам бемалол таниб олиш имкониятига эга, буни оддийгина Google таржимон иловасидан фойдаланиб кўриш билан ҳам исботлаш қийин эмас.

Қолаверса, чет элдан Ўзбекистонга келган илмий кадрлар, делегатлар ва туристлар учун ҳам амалдаги графикада ёзилган йўл қоидалари, бинолар номлари ёки маҳсулот билан ишлаш нисбатан қулайлик туғдиради.

Собиқ халқ таълими вазири ва ҳозирда ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири лавозимига тайинланган Шерзод Шерматов журналист Кирилл Альтманга берган интервьюсида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш масаласида фикр билдириб, бу ислоҳотга қарши экани ҳақида гапирганди.

«Тўғрисини айтганда, мен бунга қаршиман. Лотин алифбосини ислоҳ қилишнинг кераги йўқ. Бизнинг лотин ёзувига тўлиқ ўтмаганимиз унинг мукаммал эмаслигиданмас. Агар истасак шундоқ ҳам ўтишимиз мумкин эди. Ҳаттоки қандайдир экспертлар таклиф қилаётган бир нечта белгини қабул қилган тақдиримизда ҳам лотин алифбосига тўлиқ ўтишимизга кафолат йўқ. Аммо мана шу бир нечта белгини қабул қилиш барча дарсликларни бошқатдан нашр қилишга олиб келади. Бу — миллиардлар дегани. Ва биз яна бир неча авлодни йўқотамиз.

Мен «айтичи» (IT) сифатида ортиқча ҳарфларга қаршиман. Яъни стандарт инглизча клавиатура бор. Мана шу клавиатура доирасида ишлаш керак. Агар жуда содда қилиб айтадиган бўлсак. Тамом. Бизда эса албатта туркча белгилар, яна нимадир қўшишади. Бунинг нима кераги бор?» деганди у.

Гапнинг индаллосини айтганда, ривожланиш босқичидаги мамлакатда алифбо ўзгартирилишига сарфланаётган маблағ таълим сифатини яхшилашга сарфлангани маъқулроқ. Ўйлаймизки, парламент қонун муҳокамасида бу жиҳатларни ҳам инобатга олади.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид