Жамият | 20:40 / 20.11.2021
17361
5 дақиқада ўқилади

Ҳар қадамда ўлим хавфи: Кўчадаги минглаб потенциал қотилларга қарши чора борми?

Биз қурбонларни бир кун эсладик, аслида улар ҳар куни ёдимизда бўлиши керак.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Ўзбекистонда йил бошидан бери салкам 1964 киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлди.  Каттагина қишлоқ, ўртача аҳоли пункти тўлиғича қирилиб кетганига тенг бу. Яна деярли ҳаммаси соғлом, ўлимни тасаввур ҳам қилмай кўчага чиққан инсонлар эканлиги аниқ. Энг даҳшатлиси – уларнинг аксарияти болалар, ота-онанинг қалбида абадий оғриққа айланган фаришталар.

Ҳар йили ноябрь ойининг учинчи якшанбаси «Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни» сифатида нишонланади. Вазият ўта жиддийлигидан шундай алоҳида сана ҳам қайд этилган.

Куни кеча бу сана Ўзбекистонда ҳам илк бор эслаб ўтилди, ўтганлар ёдга олинди.

Бизда ҳозир парадоксал вазият юзага келган:

1. Ҳайдовчиларнинг бир-бирига ҳурмати борган сари камаяётган;

2. Пиёдалар ҳатто пиёдалар йўлагида ҳам қўрқиб, кўзлари олазарак бўлиб, югуриб ўтадиган;

3. Рулни бошқарган одам борки асабий, фақат ўзи ақлли, қолган барча аҳмоқ ҳисобланадиган;

4. Тезлик фақат радар бор жойда тушириладиган (ҳайдовчиларнинг аксарияти “антирадар” мосламаси билан жиҳозланиб олишгани бунга яққол мисол);

5. Умуман, «ГАИ»га тушмаслик учунгина қоида бузилмайдиган давлатга айланиб қолдик.

Автомобилини ажал қуролига айланиб учираётганларнинг ҳеч бири кимнидир уриб кетгани ва ҳаётига зомин бўлгани учун жиддий жазога тортилмайди. Қонуний изоҳ битта – қасддан содир этилган қотиллик эмас. Ўзбекона одамгарчилик ҳам бор – «Одам ўлдираман деб кўчага чиқмаган-ку?!».

Лекин қачонгача катталарнинг айби учун болалар, уловлилар учун пиёдалар, қоидага риоя қилиб кетаётган ҳайдовчи «права»ни сотиб олган ва ошнасидан ҳайдашни ўрганган «шўпир» учун ўз жонини қурбон қилиб жавоб бериши керак?

Аҳволимиз шундайки, на қолоқ давлатлар сингари издан чиқиб кетаётган вазиятни тан оламиз, на ривожланган давлатлар каби ўлимлар сонини камайтириш ва ҳатто бутунлай йўққа чиқаришга интиламиз. Доимий баҳонамиз тайин – «Автомобиллар кун сайин кўпайиб бормоқда, ҳайдовчилик маданиятимиз паст, инфратузилмалар устида ишлашимиз керак...».

Шаҳарларни тўла-тўкис автомобиллар ихтиёрига топшириб бўлдик. На пиёда учун имконият қолдирдик, на жамоат транспорти учун. Бутун жаҳон кенгайтириб бораётган велосипед йўлаклари ҳақидаги лойиҳаларимиз эса гапдан нарига ўтмади, бажарилгани ҳам шу даражада нўноқки, ҳеч ким ундан фойдаланмайди.

Йўлларни кенгайтириш учун одамларни қақшатиб уйларини буздик, кўп қаватли уйлар тагига автомобилларни қалаб ташладик. Энг қизиғи – автомобиль минган одам борки кўчада машина кўпайиб кетганидан ва уловини қўйишга жой топа олмаётганидан ёзғиради.

Муаммонинг ечими бўйича давра суҳбатлари, брифинглар, матбуот анжуманлари аямай ўтказиляпти. Бир қарашда тарғиботда ҳам камчилигимиз йўқдай – кўркам офицерлар ЙТҲларнинг олдини олиш бўйича ёки улар содир бўлганидан кейин сабабларини таҳлил қилиш бўйича мунтазам чиқишлар қилиб туради. Лекин буларнинг ҳаммаси автомобилга ўтирилган заҳоти ҳавога учиб кетяпти.

Модомики ўлим кўрсаткичини камайтира олмас, ёки ҳеч бўлмаса ўсишини тўхтата олмас эканмиз ўта жиддий чоралар кўриш вақти келган:

1. Ўлим ёки жиддий тан жароҳати ҳолатини юзага келтирган ҳар қандай қоидабузарлик учун жазо жиддий кучайтирилиши шарт;

2. Шаҳарларда тезлик меъёрини пасайтириш лозим, пиёдаларнинг ҳуқуқлари топталиши жиддий қоидабузарлик дея қаралаши, йўл қоидаларини бузган пиёдаларнинг ўзи ҳам жавобгарликни ҳис қиладиган тизим яратилиши керак;

3. Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш жараёни кўп босқичли ва мураккаб, рақамлаштирилган ва бир-биридан мустақил бир неча ташкилот хулосасидан кейингина берилиши зарур.

Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғи тушмасин, кўчага кулиб чиқиб боласининг катта тезликдаги автомобилга дуч келиб қурбон бўлиши инсонда бутун борлиққа нисбатан исён пайдо қилади. Аммо минг афсуски бундай оилалар кўпайиб бормоқда.

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид