Жамият | 10:30 / 21.11.2021
37855
4 дақиқада ўқилади

Республика суд экспертиза марказининг янги биноси фойдаланишга топширилганидан 2 йил ўтиб, «снос»га тушди. Нега?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази учун қуриб берилган янги бино номаълум сабабларга кўра бузилишга тушган. Пойтахт ҳокимлиги масалага изоҳ беришдан қочмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Фарғона йўли кўчасида жойлашган бино 2019 йили қурилиб, Республика суд экспертизаси маркази фойдаланишига берилган. Аммо орадан 2 йил ўтиб бино бузиш учун ўраб олинган.

Фото: Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази матбуот хизмати

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур бино президентнинг 2019 йил 17 январдаги 4125-сонли қарори (8-банди) асосида бунёд этилиб, Марказга фойдаланиш учун топширилган.

Kun.uz бинонинг қурилиши билан боғлиқ айрим маълумотлар ва нима сабабдан бузилаётганини аниқлаш мақсадида масъул идораларга сўровлар юборди. Аммо олинган жавоблар ўта мавҳум, бирор ташкилот масъулиятни зиммасига олишни истамаяпти.

Хусусан, Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бино қурилишида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ягона инжиниринг компанияси буюртмачи бўлгани, шу туфайли барча керакли маълумотлар шаҳар ҳокимлигида эканини таъкидлади.

Республика суд экспертиза маркази матбуот котиби Саидиллахўжа Саидхўжаев бино бузилишга тушганини тасдиқлаб, «снос» сабабларини билмаслигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, марказнинг фақат йўл юзасидаги маъмурий биноси бузилиши кутилмоқда. Йўлдан ичкарироқда жойлашган лаборатория бинолари ўз ўрнида қолади.

Шунингдек, у шаҳар ҳокимлиги Фарғона йўли кўчасидан ичкарироқда енгил конструкциялардан  бошқа маъмурий бино қуриб берганини билдирди.

«Бино бузилишини ва бўшатиб беришимиз кераклигини айтишди. Лекин сабаби айтилмади. «Бино йўл юзига чиқиб кетгани учун бузиларкан» деган гап-сўзлар бор, лекин бу расмий маълумот эмас», – дейди Саидиллахўжа Саидхўжаев.

У бино қурилишига кетган харажатлар миқдори ва манбасига оид маълумотлар марказда мавжуд эмаслиги, чунки маълум муддат бинодан фойдаланилганига қарамай, шаҳар ҳокимлиги бинони расман марказ балансига ўтказиб бермаганини, шу туфайли бинони қуришга қанча харажат кетганини ҳам билмаслигини қайд этди.

Kun.uz’нинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига юборган сўровига жавобан ҳокимликдаги масъуллар саволларга жавоб бермагани билдирилди.

Солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб маблағлари эвазига бунёд этилган ҳашаматли бинонинг сирли равишда бузишга тушиши, боз устига расмийлар изоҳ беришдан қочаётгани юз беражак «снос»да шаффофлик йўқлигига ишора қилмоқда.

Башарти, «бино йўлга жуда яқин қилиб қурилгани» туфайли бузилишга тушган бўлса, масъул бўлган ташкилотлар қурилиш бошланишидан аввал қаерга қараган? Лойиҳаловчи ва қурувчи ташкилот-чи?

Бино бузиладиган бўлса, давлат бюджетидан сарфланган харажатларни ким қоплаб беради – қурилишни назорат қилиши керак бўлган ташкилотларми ёки лойиҳаловчими? Балки бузиш учун бошқа сабаб бордир?

Маълум бўлишича, бузилишга тушган бино марказ томонидан 2019 йилдан фойдаланиб келинган ва 2021 йил июлида бўшатиб берилган. Ҳозирда марказ ушбу бино ортида жойлашган қўшни бинолардан фойдаланиб келмоқда.

Маълумот учун, бузилишга тушган бинонинг бир ёни «Bizning uylar Development» савдо белгисига тегишли «Alfraganus» мажмуаси қуриш учун ажратилган ҳудудга туташ ҳисобланади. Бинонинг бошқа ёни эса ресторан биноси билан қўшни ҳисобланиб, ресторандан нарида жойлашган ҳудудда «Orient city» бизнес парки қурилиши режалаштирилган.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигидан Республика суд экспертизаси маркази учун қурилган бинони қурилишига кетган харажатлар миқдори ва манбасига, бино ўраб олиниш сабаблари ва келгусида кутилаётган тақдирига оид маълумотларни очиқлашларини сўраб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид