Ўзбекистон | 15:59 / 22.11.2021
7521
4 дақиқада ўқилади

«Хусусий секторни ривожлантирсак, ҳаммаси жойига тушади» — инвестор темир йўлда ташиш қимматлиги ҳақида

Инвестор тадбиркор ишлаб чиқаришда импортга эҳтиёж борлиги, маҳсулот олиб келишда темир йўл харажатлари эса қимматлиги, бу муаммони ҳал этиш учун хусусий секторни ривожлантириш кераклигини айтди.

Инвестор, молиявий таҳлилчи Баҳриддин Қорабоев Kun.uz’га берган интервьюсида импортда темир йўл хизматлари муҳим ўрин тутиши, бироқ ҳозирги харажатлар юқорилигини айтди. Тадбиркор соҳада хусусий секторни ривожлантириш тадбиркорларга қулайлик яратиши, ишлаб чиқариш ва экспорт ўсишини таъминлаши ҳақида айтиб ўтди.

«Логистика, коммуникация тизимлари ривожланиши миллий иқтисодиёт ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда республикамизга маҳсулот импорт қилишда темир йўллар қимматлиги асосий муаммолардан бири. Айтиш керакки, охирги 4-5 йилдан бери нархлар сезиларли юқори бўлиб келмоқда.

Албатта, ишлаб чиқариш ва экспортни рағбатлантириш учун хомашёни 100 фоиз ўзимиздан топа олмаймиз. Шунинг учун кўп маҳсулотлар четдан олиб келинади.

Темир йўл харажатларини ҳисобласак, бу тадбиркорларга қимматлик қилади. Масалан, Қозоғистон чегарасидан Тошкентгача бўлган масофа 50 километр ҳам чиқмайди. Шу йўлга 60 тонна юк учун 8 млн сўмдан ортиқ пул тўлаш керак. Агар маҳсулотни юк машинасида олиб келадиган бўлсангиз, бунинг ярим баравар нархига хурсанд бўлиб олиб келиб беришади.

Маҳсулот қимматлашуви жаҳон бозорига киришимизни ҳам қийинлаштиради. Тўғри, солиқ тизими анча жойига тушди. ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга пасайди. Лекин логистика масаласида ишлашимиз керак. Темир йўлда хусусий секторни ривожлантирсак, ҳаммаси ўз жойига тушиб кетади, деган умиддамиз», дейди тадбиркор.

Баҳриддин Қорабоев

Инвесторнинг айтишича, Ўзбекистонда қурилишга бўлган талаб ошиб бораётгани қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳам жадаллаштириш заруриятини туғдирмоқда. Бунда конлардан фойдаланиш ҳам муҳим ўрин тутади.

«Цемент маҳсулотларини конлардан қазиб олаётган вақтда биз фақат цемент оляпмиз. Лекин унинг ёнида бошқа қимматбаҳо моддалар ҳам бор. Уларни қайта ишлашни йўлга қўйишимиз керак. Масалан, каолин, базальт, травертин ва бошқа бир қанча қазилма моддалар қолиб кетмоқда.

Айтайлик, базальтдан темир маҳсулотлари, хусусан, арматуралар олса бўлади. Ундан уйлар қурилишида фойдаланиш мумкин.

Энг муҳими, мазкур йўл билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш нуқталарини кенгайтиришимиз мумкин. Фақатгина цемент билан чекланмаган ҳолда.

Ҳозирда ўртача цемент завод очиш учун 100 млн доллар маблағ керак. Лекин мен айтаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш унчалик катта маблағ талаб қилмайди. Қолаверса, уларнинг экспортини ҳам ривожлантирса бўлади. Демак, бу соҳада тоғ жинсларини қайта ишлаш бўйича кўпроқ тадқиқотлар олиб боришга тўғри келади», деди Баҳриддин Қорабоев.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан мулоқот чоғида темир йўл соҳасидаги монополияни қаттиқ танқид қилганди. «Рақобат, хусусий сектор кирмаса, темир йўл монополиясини топширмайди, сифати ўзгармайди, нархи камаймайди. Биз беш йил давомида ўргандик, ҳали рақамлаштириш бўйича катта ишлар қилиш керак», деган эди у.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7 мингдан зиёд юк вагонига эҳтиёж мавжуд. Бу муаммони давлат томонидан эмас, электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқариш сингари хусусий секторни жалб қилиш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин.

Исломбек Умаралиев
Муаллиф Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид