Жамият | 16:49 / 22.11.2021
9375
3 дақиқада ўқилади

Йўл белгиларини ўрнатаётган масъуллар омманинг ҳаққини чеклаётганини билиши керак

Йўлларга тақиқловчи белгилар қўйишда асосли ёндашув керак, чунки йўл омманики ва унга асоссиз чеклов қўйиш – омманинг ҳаққини ноўрин чеклашдир. Бу ҳақда йўл ҳаракати фиқҳи бўйича изланишлар олиб борган имом Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Kun.uz'га берган интервюсида айтиб ўтди.

Kun.uz Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидаларига амал қилишнинг ҳукми борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат ташкил этди.

“Йўл омманики. Омманинг мулки бўлгани учун, аслида ҳеч қандай чеклов мумкин эмас. Бу биринчи қоида ва асл деб олинадиган ҳолат. Лекин маълум зарарларни қайтариш мақсадида чекловлар қўйиш мумкин. Йўл белгиларини ўрнатадиган масъул кишилар мана шу тарафдан ёндашишлари керак. Яъни ўрганмасдан туриб, кел шу кўчада тезликни 50 км/соатгача чеклаб қўяйлик демаслик керак. Тезликни камайтириш учун асос бўлиши керак, бу каби белгиларни қўяётганлар омманинг ҳаққини чеклаш учун оқлови, асоси бўлиши керак. Масалан, бу ерда болалар боғчаси ёки пиёдалар ўтиш йўлаги бор, дегандек. Бу йўл белгиларини ўрнатаётган мутасаддиларга катта масъулият юклайди.

Баъзи жойларда йўл белгиларини нотўғри қўйиш ҳолатлари оқибатида йўл қатнашчиларининг ҳаракатлари беҳуда чекланади. Масалан, кимдир автомобиллар учун вақтинчалик турар жой қурди, энди уни [стоянкасини] тўлдириш учун атрофга “Тўхташ тақиқланади” белгисини қўйдирди. Яқин атрофда одамларга халақит қилмайдиган даражада, йўл четида автомобиллар тўхташига имконият бор. Лекин бу автомобиль турар жойини қурдирган одам, ўз бизнесини юритиш учун ўша жойларга “Тўхташ тақиқланади” белгиларини қўйиш мумкин бўлмайди. Чунки бу инсонлар ҳаққини поймол қилиш бўлади”, – дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Суҳбат давомида йўл қоидалари амал қилиш бўйича шариат ҳукмлари, ЙТҲ иштирокчилари, гувоҳлар ва масъулларнинг ҳолати, қоидабузарларни расмга олиб, юбориш ҳамда аёллар автомобиль ҳайдашига доир кўплаб қизиқарли мавзулар ёритиб берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилган.

Мавзуга оид