Ўзбекистон | 18:45 / 24.11.2021
2994
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўта оғир жиноятларни содир этиб қидирувда бўлган шахс Тошкент вилоятида қўлга олинди

Қашқадарё вилоятида босқинчилик ва одам ўлдириш каби ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиб қидирувда бўлган шахс “Хавфсиз ҳудуд” тадбирлари давомида қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Фото: pixabay.com

Маълум қилинишича, жорий йил 23 ноябр куни Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз тун”, “Хавфсиз ҳудуд” кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан бир йилдан буён қидирувда бўлган шахс қўлга олинган.

1993 йилда туғилган Ш.Ш. Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “д”,“ж”, “н”, “о”, “п” бандларида кўрсатилган жиноятларни содир этиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. У 2020 йилнинг сентябр ойидан буён Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан қидирувда бўлган.

Қайд этилишича, жиноятчини ушлаш вақтида фуқаро Ш.Ш. қочишга уринган ва ички ишлар органлари ходимларига бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми:

  • “в” банди айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни;
  • “д” банди бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда;
  • “ж” банди ўта шафқатсизлик билан;
  • “н” банди киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) ёки мурданинг қисмларидан фойдаланиш мақсадида;
  • “о” банди бошқа бирор жиноятни яшириш ёки унинг содир этилишини осонлаштириш мақсадида;
  • “п” банди бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда ўлдирганликни назарда тутади.
Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид