Ўзбекистон | 16:57 / 24.11.2021
3468
2 дақиқада ўқилади

Самарқандлик ҳарбийлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун саёҳат уюштирди

Самарқанд вилоят ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Каттақўрғон гарнизони 02855-ҳарбий қисм вакиллари Самарқанд шаҳридаги 1-сон меҳрибонлик уйига бориб, тарбияланувчилар учун саёҳат ташкил қилди.

Фото: Самарқанд вилоят ҳарбий прокуратураси

«Меҳр-мурувват ҳамма замонларда улуғланган. Инсон кўп нарсадан тўйиши мумкин, фақат меҳрдан эмас. Айниқса меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчиларига меҳр улашиш савоб амалларнинг энг афзалларидан бири ҳисобланади. Мурғакларнинг ўксик қалбига хурсандчилик бахш этиш, уларнинг дилига хушнудлик улашиш мақсадида Самарқанд ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Каттақўрғон гарнизони 02855-ҳарбий қисм вакиллари Самарқанд шаҳар 1-сонли меҳрибонлик уйида бўлишди», дейилади ҳарбий прокуратура Kun.uz'га тақдим этган маълумотда.

Фото: Самарқанд вилоят ҳарбий прокуратураси
Фото: Самарқанд вилоят ҳарбий прокуратураси

Ҳарбийлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат уюштиришди. Хусусан, шаҳардаги муз аренасига ҳарбийлар ва болалар биргаликда боришди. Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида эса армияда хизмат қилаётган аскарлар меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун машғулот ўтказиб берди. Шунингдек, болалар ҳарбий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни томоша қилди. Саёҳат якунида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳарбийлар билан бирга байрамона дастурхонда тушлик қилишди.

Фото: Самарқанд вилоят ҳарбий прокуратураси

Самарқанд ҳарбий прокуратураси маълум қилишича, бундай тадбирлар ҳар қандай шароитда яшаётган ёшларнинг армияга, ҳарбий хизматга муҳаббати пайдо бўлиши учун муҳим ҳисобланади.

Мавзуга оид