Жамият | 14:26 / 25.11.2021
26527
7 дақиқада ўқилади

“Ҳоббим катта пул олиб келди” — Telegram-ботини 150 минг долларга сотган талаба

20 ёшли Камронбек Осимжонов TikTok'дан видеоларни “сув белгиси”сиз кўчириб берадиган Telegram-бот ясаб, уни россиялик тадбиркорга 150 минг долларга сотган. Ёш дастурчи ўзи ҳам кутмаган муваффақияти ва бунинг ортидаги қийинчиликлар ҳақида Kun.uz'га сўзлаб берди.

Маълумот учун, Камронбек Осимжонов – Тошкентдаги халқаро Вестминстер университетининг 3-босқич талабаси. У дастурлашга қизиқиши видео ўйинлардан бошланганини айтади.

Видео ўйинлар ва дастурлашга илк қадам

— Видео ўйинлар орқали пул ишлаш фикри туғилганда дастурлашга қизиқиш пайдо бўлган.

Билсангиз, ўйинларда нимадирни сотиб олиш учун пул сарфлаш керак бўлади. Шунда ўйинлардан пул ишласа бўлар экан, деб ўйлаганман. Одамлар ётиб олиб ўйин ўйнаб пул тўлайди, демак бундай ўйинлар пул олиб келишини тушунганман. Менда ҳам шундай ўйинлар яратиш фикри туғилган.

Дадамга шунақа ниятим борлигини айтиб, устоз топиб беришларини сўраганман. Устозим Руслан Йўлдошев бошланишига бундай ўйинлар яратиш мураккаблигини, бунинг учун сал осонроғидан бошлашим кераклигини айтган. Бошланишига Telegram'да ботлар яратишни ўрганганман. Оддийроқ ботлар, масалан, об-ҳаво маълумотини кўрсатадиган ботларни яратганмиз. Устозим билан Instagram, YouTube, Snapchat'дан юклайдиган ботлар қилганмиз.

Карантин пайтида TikTok ривожланишни бошлади ва у ердан видеоларни юклайдиган оддий бот яратдим. Кейинчалик фойдаланувчилар орасида энг кўп машҳур бўлган ботим – @TTsavebot TikTok'нинг “сув белгиси”ни олиб ташлайдиган бот эди. Оддий тилда айтганда, бот TikTok тармоғидаги исталган видеони, уни юклаган TikTok фойдаланувчисининг юзернейми ва TikTok белгисини олиб ташлаган ҳолда юклаш имкониятини беради. Кўпчиликка видеолардаги бу “сув белгиси” ёқмайди ва уни олиб ташлашни хоҳлайди.

Бунга қадар 2та Telegram-каналим бор эди: қизиқарли видеолар юклаб турардим. Видеоларни юклаганимда кўпчилик “видеоларингиз зўр, лекин сув белгисини олиб ташласангиз, яхши бўлар эди”, дерди. Ўшандан кейин TTsavebot'ни яратганман.

“Бот рекламаси учун пул сарфламадим”

— Каналларимда бот ҳақида маълумот бердим. Дўстларимга ботга кириб ишлатиб кўринглар, деганман. Яъни рекламага пул сарфламаганман. Яқинларимга тавсия қилганман, ғоя кўпчиликка ёққани учун ундан фойдаланишган.

Бот яратиш учун дастурлаш тилини билиш керак. Мен Phyton дастурлаш тилини ўрганганман. Бу дастурлаш тили орқали кўп нарса яратса бўлади: мен ҳар хил ботлар, сайт ва дастурлар қилиб кўрганман.

“Кичкина ботларимни ҳам 3-4 минг долларга сотганман”

— TTsavebot'ни сотаётган пайтимда 4 миллион 600 минг обуначиси бор эди. Харидорларни ўзим топмаганман, ўзлари мени топишган. Spotify, Вконтактедан видео юклаб берадиган ҳар хил кичкина ботларим бор эди. Шу кичкина ботларимни 3-4 минг долларга сотиб юборганман. Уларга вақт ажрата олмасдим, ботни мунтазам ишлатиб туриш қийин.

Кичкина ботларимни харидорлар сотиб олгач, монитизация қилиб, рекламадан пул ишлай бошлашган. Тиккан пулини оқлаётганига гувоҳ бўлгач, каттароқ ботга – Тik-tok'дан қўшиқ юклайдиган ботга харидор бўлишди.

200 минг долларга баҳолаган Telegram-бот

— Шундан кейин харидорлар янада катта бот – TTsavebot'ни сотиш таклифини беришди. Уни сотиш ниятим йўқ эди, чунки яхши фойда кўриб тургандим. Ҳар ойда 5-6 минг доллар реклама орқали фойда келиб турган. Шунчаки, ҳеч нима қилмасдан, ҳар ойда реклама орқали пул келиб туриши ёқарди.

Устозим Руслан Йўлдошев билан маслаҳат қилганимда, тадбиркор Акмал Пайзиевдан сўраб кўришни таклиф қилган. Ботнинг барча имкониятлари ҳақида Пайзиевга айтиб берганимдан кейин, у ботни 200 минг долларга баҳолади.

Шундан кейин россиялик мижозлар ботни 150 минг долларга сотиб олди.

Фирибгар алдови ва бошқа қийинчиликлар

— Бошида меникига ўхшаш ботлар иккита эди, бу борада рақобат бўлган. Ботимни яратган пайтим биттасида 1 миллион, иккинчисида 1,5-2 млн атрофида обуначи бўлган. ТikTok'нинг ҳимояси кучли бўлгани учун биттаси қанақа юклашнинг методини билмаган ва обуначилар ботдан фойдаланмай қўйган ҳамда алтернатив қидира бошлаган. Ўша пайтда одамлар менинг ботим ва иккинчи рақобатчимни топишган. Ўша пайтда бир кунда 50 минг янги обуначи ботга кирган.

Энг катта қийинчилик ТikTok яна ҳам кучли ҳимоя қўйганида юзага келди. Шунда менинг ҳам, рақобатчимнинг ҳам боти ишламай қолди. Интернетдан турли методларни қидира бошладим, битта одамни топдим. У Европада яшарди. Методини 400 долларга сотишини айтди. Обуначиларим кўп бўлгани учун сотиб олишга қарор қилиб, унга пул ўтказиб юборганман. Билсам, у фирибгар экан, пулни олиб йўқ бўлиб қолди. Шундан кейин бу борада тайёр ечим йўқлигини, ўзим нолдан қилишим кераклигини тушундим. Эрталабдан кечгача ўтириб, шуни амалга оширдим.

Яна бир қийинчилик эса бот яна ишлай бошлагач, бир кунда кўп обуначилар кириб, босим ошиб кетиб, қийин ишлай бошлагани бўлди. Устозим билан гаплашганимда бир-иккита йўлларни кўрсатдилар ва бу муаммони ҳам ҳал қилдим. Шу сабабли бот шу кунгача катта босимни ушлай оляпти. Сотаётган пайтимда бир кунда ботга 2 миллионта видео юкланарди.

Ҳобби катта пул олиб келди

— IT'га келажак касби эмас, шунчаки ҳобби сифатида қараганман. Ўйлаб қарасам, ҳобби ҳам катта пул олиб келди. Келажакда бизнес билан шуғуллансам, IT билан интеграция қилиш ниятим бор.

Кўпчиликни пул топишдаги қийинчиликлар эмас, қанча пул топганим қизиқтиради.

Ботни сотганимдан кейин кўпчилик асосан қанча пул топганимга эътибор қаратди. Мен эса бу жойга келгунча қандай қийинчиликлардан ўтганимга урғу берилишини хоҳлаганман. Одамлар нимадан, қанча қийинчилик ортидан бу пулни топганим эмас, балки неча пулга сотганимга қизиқишади. Шу даражага келгунча 3 йил ўқиганимни билишмайди, бугун бот яратиб, эртага пул топди, деб ўйлашади.

Кўпчилик телефонга моддиятга пул сарфлашади-ю, билимга эътибор қаратмайди, деб ўйлайман. Дадам эса ўқиш учун пул аяш керак эмас дейдилар. Энг яхши инвестиция – илмга сарфланган инвестициядир.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид