«Ўзбекнефтгаз» «заправка»ларининг 80 фоизида АИ-80 сотилмаяпти. Бу бензин нега тақчил бўлиб қолди?
Тошкент шаҳрида Kun.uz мухбири борган «Ўзбекнефтгаз»га қарашли ёнилғи қуйиш шохобчалардан бирортасида АИ-80 бензини топилмади. Ходимлар буни бензин камлиги ёки берилмаётгани билан изоҳлашган. «Ўзбекнефтгаз» «заправка»ларидан АИ-80 йўқолиб қолишига Антимонополия қўмитаси раиси имзолаган алоҳида кўрсатма сабаб бўлиши мумкин.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси айрим ишлаб чиқарувчиларнинг ички бозордаги монопол мавқейи сақланиб қолаётгани сабаб биржа савдоларида майда ёки ўрта харидорлар имконияти чеклангани ҳақида маълумот берганди. Бунинг олдини олиш мақсадида биржадаги 16-24 ноябрь кунлари бўлган савдоларда бензин сотиб олувчи кунлик харидорлар сони бир неча баробарга оширилди.
Шунингдек, қўмита маълумотларига таянилса, 15 ноябрга нисбатан АИ-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 млн 129 минг сўмдан 8 млн 98 минг сўмгача пасайган ёки 20 фоизга арзонлашган. Бу албатта истеъмолчилар учун яхши янгилик.
Бир неча ойлик сукунатдан кейин уйғонган ва енг шимариб ишлашни бошлаган Антимонополия қўмитаси сўнгги 10 кунлик давр мобайнида расмий каналида ҳар кунлик биржадаги бензин нархлари борасида маълумотларни бериб боряпти. Аммо бу ҳолат аксарият ёнилғи қуйиш шохобчаларидаги нархларга таъсир қилаётгани йўқ ва янги муаммоларни юзага келтирмоқда. Бу – АИ-80 маркали бензин тақчиллиги.
Kun.uz мухбири «Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларга бориб, шу маркадаги бензин бор ёки йўқлигини ўрганди. Лекин 25 ноябрь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган ва ҳолат ўрганилган ўнга яқин ёнилғи қуйиш шохобчаларининг бирортасида бу турдаги маҳсулот мавжуд эмаслиги маълум бўлди. АЁҚШдаги ишчи-ходимлар бу ҳолатни бензин камлиги ва берилмаётгани билан изоҳлашмоқда.
«Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда АИ-80 маркали бензин бошқа ёнилғи қуйиш шохобчаларига нисбатан сезиларли фарқ билан арзонроқ сотилаётгани боис талаб юқори эди.
Kun.uz манбаларига кўра, тақчиллик юзага келишига Монополияга қарши кураш қўмитаси раиси Шоҳрух Шораҳметовнинг 16 ноябрь кунги алоҳида кўрсатмаси сабаб бўлаётган бўлиши мумкин (хат нусхаси таҳририятда мавжуд).
Кўрсатмада бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган бензин ҳажмларининг максимал миқдори қуйидаги шаклда белгиланган.
- 60 тонналик лотлар учун 120 тонна;
- 1 тонналик лотлар учун 10 тонна миқдорида.
Яъни 50га яқин АЁҚШлари мавжуд бўлган «Ўзбекнефтгаз» ёки бошқа йирик тадбиркорлар ҳам, 2 ёки 3та АЁҚШлари бўлган кичикроқ харидорлар ҳам бир хил: биржа савдоларида кунига максимум 130 тоннагача АИ-80 маркали бензин харид қилиши мумкин.
Биргина Тошкент шаҳрида жойлашган «Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларининг кунлик талаби тахминан 550-600 тонна бензинни ташкил этади. Бунинг оқибатида эса нисбатан арзонроқ маҳсулот таклиф этаётган компаниянинг ёнилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензин тақчиллиги юзага келмоқда.
Энди вазиятга бошқа томондан қараб кўрамиз. Биржада нархлар 20 фоизга арзонлашганига қарамай, хусусий АЁҚШларда энг кўп талаб бўладиган АИ-80 маркали бензин 8200-8800 сўм атрофида сотилмоқда. Ўтган 10 кунлик муддат давомида нархлар қимматлашса қимматлашдики, арзонлашгани сезилмади. Бу ҳолатни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёнилғи қуйиш шохобчалари илгари сотиб олган қиммат нархдаги бензин захиралари ҳисобига юқори чакана нархларни сақлаб қолаётгани ва биржа савдоларида сотилгандан кейин заводдан чакана савдогача етиб бориш муддатлари вақт талаб қилиши билан изоҳлаганди. Аммо орадан шунча кун ўтса-да, АЁҚШлардаги нархлар ҳам пасаймади.
Kun.uz маълумотларига кўра, АЁҚШга эга бўлмаган баъзи улгуржи савдо вакиллари ҳам негадир АИ-80 бензин ола бошлаган. Бундайлар бензинни қишда қимматроққа сотиш учун ғамлаётган ёки устига қўшимча нарх қўйиб сотаётган бўлиши мумкин. Аслида ҳозирги биржада шаклланган нархлардан келиб чиқиладиган бўлса, АИ-80 маркали бензин нархлари максимум 7000-7200 сўмдан сотилиши керак бўлган ҳолатда негадир 8 минг сўмдан қимматлаб кетаётгани шубҳали.
Биржада нархлар салгина кўтарилса, эртасигаёқ бу ёнилғи қуйиш шохобчаларида ўз аксини топади. Аммо, қарийб 10 кундан бери биржада нархлар тўхтовсиз арзонлашаётгани негадир АЁҚШларга таъсир қилмай қолмоқда. Таажжуб...
Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувларини давом эттирмоқда.
Мавзуга оид
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
15:10 / 13.11.2024
Биржага чиқарилаётган АИ-80 бензинининг бошланғич нархига нисбатан чеклов ўрнатилди
17:26 / 06.11.2024
Пропан 5 ойда қарийб 2 баробарга, АИ-80 бензини эса йиллик нисбатда 26 фоизга қимматлашди
07:30 / 04.11.2024