Жаҳон | 17:15 / 25.11.2021
10341
9 дақиқада ўқилади

«Светофор коалиция» ва канцлер Шольцомат. Германиянинг янги ҳукумати ва режалари ҳақида

Германиядаги уч сиёсий партия - социал-демократлар, яшиллар ва эркин демократлар - социалистлар етакчиси Олаф Шольц раҳбарлигида мамлакатнинг янги ҳукуматини шакллантириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда чоршанба куни уч сиёсий куч етакчилари иштирокидаги учрашувда эълон қилинди.

Фото: Getty Images

«Светофор-коалицияси ташкил этилди. Социал-демократлар, яшиллар ва эркин демократлар коалицион келишувни тасдиқлашди ва ўз-ўзидан коалицион ҳукумат тузиш бўйича ҳам келишиб олишди. Энди биз бу келишувни ўз партияларимизда овоз бериш жараёнига қўямиз ва бор имкониятларни ишга солган ҳолда яқин ўн кунда бу келишув партияларда тасдиқланишига ҳаракат қиламиз», дея маълум қилди Олаф Шольц Берлиндаги матбуот анжуманида.

Бу коалиция «Светофор» деб номланишига сабаб - уч партиянинг ранглари билан боғлиқ.

Сентябрь ойида бундестаг учун сайловларда Шольц етакчилигидаги социал-демократлар биринчи ўринни эгаллаган, бу уч партиянинг умумий натижаси эса кўпчиликни ташкил этиш учун етарли ҳисобланади.

Янги ҳукумат дастуридаги асосий пунктлардан бири - иқлим ўзгаришларига қарши курашиш масаласи бўлади: унга кўра 2030 йилга қадар кўмир электрстанцияларини ёпиш (ҳозирги ҳукумат муддати 2025 йилгача), шунингдек, бензин ва дизель ёнилғиларида юрувчи автомобиллардан воз кечиш кўзда тутилган.

Германияни 16 йил мобайнида бошқарган (4та сайлов цикли) канцлер Ангела Меркель сайловлардан анча аввалроқ 2021 йилги сайловларда қатнашмаслиги ва сиёсатдан кетиши ҳақида эълон қилганди. Унинг партияси - Христиан-демократик иттифоқ сентябрдаги сайловларда иккинчи ўринни олди ва коалиция бўйича келишувга эриша олмагач, мухолифатга ўтди.

Меркель ва унинг ҳукумати коалиция бўйича музокаралар олиб борилган ўтган икки ой мобайнида ўз постларида қолди, аммо чоршанба куни, улар сўнгги йиғилишни ўтказишган. Янги ҳукумат декабрь ойининг иккинчи ҳафтасида расман эълон қилиниши кутилмоқда.

Ундан олдин коалиция келишуви, яъни янги ҳукумат дастури коалиция аъзолари бўлган барча партиялар томонидан маъқулланиши керак. Яшиллар уни барча партия аъзолари муҳокамасига киритмоқчи, социал-демократлар ва эркин демократлар партия конференцияларини 4-5 декабрь кунларига чақирган.

Германияда уч партиядан иборат коалиция тузилиши ўнг марказчиларнинг ХДИ/ХСИ блоки ва сўл марказчиларнинг Социал-демократик партияси кучларининг ўнлаб йиллар давом этган бошқарув даврига якун ясаб бермоқда - бу вақт мобайнида ушбу икки асосий куч бир-бирини алмаштириб ёки бир-бири билан коалицияга киришиб мамлакатни бошқариб келган.

Энди германиялик ва европалик таҳлилчиларни ҳозирча жавоби ҳеч кимда йўқ савол ўйлантирмоқда: сўл марказчилар (социал-демократлар), сўллар (яшиллар) ва ўнг либераллар (эркин демократлар) иштирокидаги ҳукумат нақадар барқарор ва лаёқатли бўлади?

Ўз навбатида, бутун Евроиттифоқдаги ҳам Германиядаги сиёсатга боғлиқ ҳисобланади.

Шарқий фронтда ўзгариш йўқ

Немис шарҳловчилари янги ҳукумат Россия билан муносабатларда жиддий ўзгаришлар қилишини кутаётгани йўқ.

Социал-демократлар аввалдан Москва билан нисбатан дўстона муносабатларда бўлиб келган (ХДИга нисбатан), аммо расмий Москванинг сўнгги йиллардаги ҳаракатлари туфайли германиялик сиёсатчилар Россия билан дўстона алоқаларга киришиши ёки "business as usual" бўлиши қийин бўлиб қолган.

Расман канцлер бўлишига оз вақт қолган Олаф Шольц партиядаги собиқ раҳбари, аср бошида Россияни тўлақонли демократик давлат деб атаган, канцлерликдан кетгач Россия газ саноатида маош олиб ишлаган Герҳард Шрёдерникидан буткул бошқача қарашларга эга.

Умуман олганда, Шольц сайловолди кампанияси даврида, бошқа етакчи партиялар етакчилари каби ташқи сиёсат ҳақида жуда кам гапирди, гапирган бўлса ҳам бу шу вақтгача Меркель айтиб келган гапларни такрорлаш эди. Унинг асосий тезиси: Германия бутун Евроиттифоқ учун умумий бўлган мувофиқлаштирилган ташқи сиёсат олиб бориши керак.

Шу билан бирга, баёнотлар даражасида ўзгаришлар бўлиши мумкин: янги ҳукуматда ташқи ишлар вазири лавозимини катта эҳтимол билан Яшиллар партияси номзоди Анналена Бербок эгаллайди, бу партия эса Россия масаласида қатъий ва муросасиз позиция танлаган. Бунга уларда икки сабаб бор.

Биринчидан, улар - Ғарб қадриятларига, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликларини ҳимоя қилиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсат юритиш тарафдори. Иккинчидан эса, улар - қазиб олинадиган ёнилғи турларига ва Россиянинг «Шимолий оқим-2» газ қувури лойиҳасига қарши, улар коалиция келишувига Германияни 2040 йилгача газ энергетикасидан холи қилиш ҳақида (кўмирдан 2030 йилгача) банд киритишга эришишган.

Иқлим вазирлиги

Ҳукуматнинг якуний таркиби, катта эҳтимол билан, декабрь ойида маълум бўлади.

Канцлер Олаф Шольц бўлади - бунга шубҳа йўқ. Бундан ташқари, Германия матбуотида яшиллар вакиллари Ташқи ишлар вазирлигидан ташқари, янги, уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган Иқлимни муҳофаза қилиш вазирлигини ҳам олишади (ёки Иқтисодиёт вазирлигига «иқлим ҳимояси» сўзлари қўшилиб, бу вазирлик ваколатлари кенгайтирилади). Бу лавозимни яшиллар партиясининг иккинчи ҳамраиси Роберт Ҳабек эгаллаши мумкин.

Эркин демократлар етакчиси Кристиан Линднер эса, катта эҳтимол билан молия вазири бўлади. Меркель ҳукуматида бу лавозимни Олаф Шольц эгаллаганди.

Коалиция туза олмаган Меркель партияси энди мухолифат ҳисобланади. Фото: Getty Images

Олаф Шольц — амалдаги вице-канцлер ва мамлакат молия вазири, Социал-демократлар партияси аъзоси. У ўзини номзод қилиб кўрсатган партия раҳбари бўлмаган ягона номзоддир. Шольц ГСДПнинг консерватив қанотига мансуб. Ўта босиқлиги туфайли сиёсатчи Шольцомат лақабини олган, унинг номзоди канцлерликка илгари сурилиши баҳсли бўлганди. У партияси рейтинги пастлиги туфайли ҳукуматни бошқариш имкони деярли йўқлигида, 2020 йил августидаёқ номзод сифатида танланганди. Шольцни партиядаги энг тажрибали ва таниқли сиёсатчи бўлгани учун танлашган. Бутун сайловолди кампанияси даврида Шольц рақиблари соясида қолди, аммо улар йўл қўйган хатолар туфайли якуний қисмда энг машҳур номзодга айланди ва пойгада етакчи бўлиб қолди. Унинг шахсий муваффақиятлари туфайли ГСДП рейтингини кўтаришга ва мамлакатда машҳурлик бобида биринчи ўринга чиқишга эришди. Энди, агар кутилмаган бурилишлар бўлмаса, 63 ёшли Олаф Шольц янги коалицион ҳукуматни шакллантиради ва Германиянинг янги канцлерига айланиши эҳтимоли юқори.

Айни вақтда 63 ёшда бўлган Олаф Шольц Ҳамбургда ўсган, шу ерда ҳуқуқшуносликка ўқиган ва ўтган асрнинг 80-йилларида юридик идорада меҳнат фаолиятини бошлаб, меҳнат ҳуқуқига ихтисослашган. Шольц ўша вақтдаёқ сиёсат билан шуғуллана бошлаган, аммо фақат 40 ёшга чиққанида, 1998 йилдагина бундестаг депутатлигига сайланишга эришган, ўшанда социалистлар ҳокимиятга келишганди.

Тўрт йил ўтиб у партия бош котиби, социалист канцлер Герхард Шрёдер бошчилигидаги ГСДП аппарати раҳбарига айланади. Шунингдек, Ангела Меркель канцлер бўлганида унинг биринчи коалицион ҳукумати таркибига киради - у Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазири этиб тайинланади. 2011-2018 йилларда Шольц Германия таркибидаги алоҳида ер мақомига эга бўлган Ҳамбург шаҳри мэри бўлган. Олаф Шольц ва унинг рафиқаси Бритта Эрнст ўзларини бутунлай сиёсатга бағишлаган. Эрнст - Бранденбург ери ҳукуматида таълим вазири ҳисобланади. Шольц 2018 йилда ҳозирги коалицион ҳукуматда вице-канцлер ва молия вазири лавозимида.

2019 йилда Олаф Шольц партия етакчилиги учун сайловларда Заския Эскен - Норберт Вальтер-Борьянс жуфтлигига мағлуб бўлганди, аммо кейинроқ, парламент сайловлари учун партиянинг канцлерликка номзоди сифатида танланади - партиядагилар бу ролга сўлчилар Эскен ва Вальтер-Борьянсдан кўра, консерватор Шольц кўпроқ мос тушади, деган қарорга келишади.

Чиқиндиларни қисқартириш

Кўмир энергетикасидан воз кечишдан ташқари, янги коалиция иқлим ўзгаришларига қарши кураш доирасида 2030 йилгача Германияда энергия соҳасида қайта тикланадиган манбалар улушини 80 фоизга оширишни, мамлакат йўлларидаги электромобиллар сонини (2030 йилда) 15 миллионга етказишни, шунингдек, нисбатан экологик бўлган темир йўл орқали ташиладиган юклар ҳажмини тўрт баробар оширишни (юк машиналари ва самолётлар орқали ташишни қисқартириш ҳисобига) мақсад қилган.

Германиянинг бўлғуси ҳукумати доимий яшаш муддатини 5 йилга камайтириш орқали фуқаролик олиш тартибини соддалаштиришни ва қўшфуқароликка рухсат беришни ҳам режа қилган. «Бу Германиядаги минглаб этник турклар учун улкан янгилик, уларнинг кўпчилиги ўнлаб йиллар мобайнида Германияда яшаб келаётган бўлса ҳам, хорижлик ҳисобланишади», дейилади Deutsche Welle нашри мақоласида.

Олаф Шольцнинг сайловолди пойгасидаги асосий ваъдаларидан бири меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал миқдорини соатига 12,5 евро этиб белгилаш эди. Коалиция бўйича ҳамкорлар бу миқдорни 12 еврога етказишга рози бўлишди.

Мавзуга оид