Жамият | 11:34 / 26.11.2021
96241
3 дақиқада ўқилади

Андижонда 9 ёшли қиз қотиллигида айбланиб, сўнг оқланган аёл Олий судда айбли деб топилди

Асрора Ҳамдамовага нисбатан 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Адвокат эса мижози қотилликни содир этмаганига амин. У Kun.uz’га берган изоҳида кассация шикояти берилишини айтди.

Фото: Kun.uz

2020 йил 21 июнь куни Андижон вилояти Асака туманида 9 ёшли гўдак ўта шафқатсизлик билан ўлдириб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бош прокуратура олиб борган тергов ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни марҳуманинг қўшниси Асрорахон Ҳамдамова содир этган деб топилди.

Унга нисбатан ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари бўйича айбловлар эълон қилиниб, иши судга оширилди.

Аммо, 10 ой қамоқда сақланган Асрорахон Ҳамдамовага қасддан одам ўлдириш, босқинчилик ва ўғрилик бўйича қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмади. Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг шу йил 5 майдаги ҳукми билан у оқланди ва суд залидан озод этилди.

Аёл ва унинг адвокати терговдаги қийноқ, ноҳақликлар ва далилларнинг сохталаштирилгани ҳақида Kun.uz'га сўзлаб беришган ва сайтимизда бу ҳақда видеомақола эълон қилинган эди.

Асрорахон Ҳамдамованинг оқланиши юзасидан прокуратура ва манфаатдор томонлар апелляция шикояти киритди. Олий судда апелляция тартибида кўрилган ишда Асрорахон Ҳамдамова ЖКнинг 97-моддаси иккинчи қисми ва бошқа моддалар билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 12 йил 4 ой 24 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Kun.uz мухбири Асрорахон Ҳамдамованинг адвокати Ойбек Абдураҳмонов билан боғланиб изоҳ сўради.

“Ҳолат бўйича май ойидан шу кунгача Олий суд томонидан еттита суд жараёни ўтказилди. Уч марта суд қолдирилди. Асрорахон Ҳамдамованинг қотиллик қилгани ҳақида ҳеч қандай далил бўлмаса ҳам уни айбдор деб топишди.

Мен ҳимоямдаги фуқаронинг мазкур қотилликни амалга оширмаганига аминман. Биз Олий суд ажримини шундай қолдирмаймиз. Кассация шикояти тайёрлаб яна судга берамиз. Агар адолат қарор топмаса Халқаро судга мурожаат қилишни мўлжалладик. Ҳозир суд ажрими қўлимизга тегишини кутяпмиз. Улар қотиллик далили сифатида нимани кўрсатишларига ҳайронман.

Такрор айтаман, ҳимоямдаги аёл мазкур жиноятни амалга оширмаган ва қотиллик қилган ҳақиқий жиноятчи топилади”, дейди адвокат Ойбек Абдураҳмонов.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда ва ишнинг кейинги тафсилотларини ёритиб боришда давом этади. 

Мавзуга оид