Жамият | 14:42 / 26.11.2021
10473
3 дақиқада ўқилади

Икки нафар ўғлим бор, иккисини ҳам оғир туғма хасталик қийнайди – ёлғиз ва уйсиз она фарёди

Бу сўзларини шунчаки тинглаб бўлмайди. Боласининг вужудида бир нечта хасталик борлигини билиб, ёлғиз боши билан имкон излаётган она яхшилардан умидвор.

“Кенжа ўғлим Ҳабибулло 1,5 ёш бўлганда бўйрагида тош борлигини аниқлашди. 8 йил шу касаллик билан курашдик, лекин бу полиенефритни ҳам келтириб чиқарди. Шу орада 2016 йилда катта ўғлим ҳам дардга чалинди – унга “Долихоколон синдроми” деган ташхис қўйилди. Уни зудлик билан операция қилиниши кераклигини айтишди. Лекин бунга имкониятим йўқ эди. Чунки ёлғиз онаман, икки болам ҳам ўзимнинг қарамоғимда”, – дея ҳикоясини бошлади Дилноза Садирова.

Шу кенжа ўғлимга 1,5 ёшлигида буйрагидаги нуқсон аниқланиб, ташхис қўйилганда боламнинг буйрагини олиб ташлашни тавсия қилишди. Лекин жуда кичкиналиги учун бу мураккаб операцияга маблағ керак экан. Афсуски, шу пайтда эрим бизни ташлаб кетди. Шунчаки эшикни ёпди-ю, чиқиб кетди. Бундай қилмаслигини илтимос қилиб ортидан югурдим. Лекин болани танлолмаслигини, ўзининг бошқа орзу-ҳаваслари борлигини айтди.

Шундан сўнг боламда “Пайра синдроми” ҳам аниқланди. Пайра синдроми – ичакларнинг ўз ҳолатида жойлашмасдан, бетартиб ҳолда бошқа ички аъзоларни босиб қолиши экан. 8 соатлик операция орқали ичакларни ўз ҳолига келтириш ва 10 кунлик жонлантириш бўлимида даволаниш орқали тузатиш мумкинлигини айтишган, лекин буни амалга оширишга қурбим етмайди. 3 йилдан бери бу синдромга ҳам даволатаман. Оғриқлар қаттиқ азоб берганда болам букчайиб қолади, лекин шунга қарамай “ойи, ўтиб кетади” дея мени овутишга ҳаракат қилади.

Боламнинг танасидаги битта дард бир нечта бўлиб азоб беряпти. Ҳозир иккинчи буйрак ҳам ишдан чиқа бошлаган, юраги клапанларида муаммо пайдо бўлган. Шу даражага келдики, ичакдаги муаммо ҳамма аъзоларни зарарлаяпти.

Икки болам ҳам туғма хаста. Катта ўғлим муолажалар олиб мунтазам даволаниб юрибди, лекин кичкина ўғлимнинг аҳволи кундан-кунга оғирлашяпти.

Уй-жойим йўқ, ёшлигимда онам вафот этган ва отамнинг бошқа оиласи бор – уларга дардимни кўтариб боролмайман. Шу фарзандларим яшашини истайман, улардан бошқа ҳеч кимим йўқ. Қўлимда маблағим йўқлигидан нинани устида яшагандай яшаяпман”, – дейди она йиғлаб.

Бир эмас, икки хаста фарзандларининг саломатлиги учун курашаётган бу аёл биз билан бирга, ёнимизда яшайди. Унинг ёлғиз эмаслигини англатиш учун опа, сингил, ака, ука, ота-она бўлиб қўлларимизни чўзайлик. Бир аёл, бир она жамиятдан умидларини узмасин.

Ҳабибулло Нуриллаевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 3329 3821 8728 онаси Дилноза Садирова номида

Ҳумо: 9860 0101 1094 2298 Дилноза Садирова

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид