Ўзбекистон | 18:39 / 26.11.2021
7031
2 дақиқада ўқилади

“Коррупцион ҳолатга йўл қўйган ўқитувчи таълим тизимида ишламаслиги керак” –– Раҳимжон Ҳакимов

“Ҳозир профессор-ўқитувчининг ойлиги 11-13 млн сўм. Яъни 5 йил ичида 3-4 бараварга ошди. Яхши маош олиб коррупцияга йўл қўйган ўқитувчиларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши керак”, деди Раҳимжон Ҳакимов.

Фото: Kun.uz

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида профессор-ўқитувчилар коррупцияга аралашгани аниқланса, уларга кескин чоралар кўрилишини, чунки таълим ватан келажаги эканини айтди.

“Коррупцион ҳолатга йўл қўйган профессор-ўқитувчи олий таълим тизимида ишламаслиги керак. У ерда бундай ўқитувчига ўрин йўқ. Чунки таълим ватан келажагини белгилайди. Ҳозир профессор-ўқитувчининг ойлиги 11-13 млн сўм. 5 йил ичида ойликлар 3-4 баравар ошди. Бунақанги шароит ҳеч қаерда йўқ.

Агар шундай ҳолатда ҳам коррупцияга йўл қўядиган бўлса, албатта биз чидай олмаслигимиз керак. Бу меҳнат шартномаларига ҳам киритилди. Коррупцияга йўл қўйган ўқитувчиларга нисбатан энг кескин чоралар кўрилиши зарур”, деди вазир ўринбосари.

Айтилишича, айни пайтда таълим сифати тушиб кетмоқда. Сабаби охирги 4 йил ичида талабалар сони 3-4 бараварга ошди. Натижада етарли ўқитувчилар топиш муаммо бўлиб қолди.

“Бизни қийнаётган масалалардан яна бири аудиториялар етишмаяпти. Бунинг ҳам чораларини ўйлаяпмиз. Олий таълим вазирлиги ҳозирги асосий вазифасини таълимда сифатни таъминлаш қилиб белгилаган. Барча ўқув-режа ва дастурларни қайта кўриб чиқяпмиз. Уларни ўзгартирмасак сифат ўзгармайди”, дея вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ, Раҳимжон Ҳакимов айни пайтда республикада 750 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олаётганини, 2016 йилда эса бу кўрсаткич қарийб 3 баробар кам – 275 минг нафар бўлганини маълум қилганди.

Мавзуга оид