Жамият | 18:56 / 26.11.2021
1462
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳайдовчи машинасини жарима майдончасидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора бермоқчи бўлди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд шаҳрида машинасини жарима майдончасидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора бермоқчи бўлган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 25 ноябрь куни Самарқанд шаҳар Бўстонсарой кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан Lacetti ҳайдовчиси машинани ҳужжатларсиз бошқариб юргани аниқланган. Ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

Шундан сўнг ҳайдовчи машинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига инспекторга 100 АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилган. Ходим унга пора бериш жиноят эканини бир неча маротаба тушунтирса-да, ҳайдовчи кечроқ келишини айтиб кетган. Ходим ҳолат юзасидан билдирги билан мурожаат қилган.

Мазкур билдиргига асосан ИИВ ШХББ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бўлими ва Самарқанд шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда қоидабузар ҳайдовчи 100 долларни ЙПХ инспекторига берган вақтда далилий ашё билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Мавзуга оид