Ўзбекистон | 17:07 / 30.11.2021
62337
3 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазирлиги соҳа ходимларининг маошлари қанчага ошишини маълум қилди

2022 йилда Мактабгача таълим тизими ходимлари маошларини ошириш режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz’га вазирликнинг молиявий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Пардаев маълум қилди.

Шерзод Пардаев айни вақтда вазирлик томонидан соҳа ходимлари маошларини ошириш режаси шакллантирилганини айтди.

“2018 йилда президент қарори билан ўқитувчилар ҳамда мактабгача таълим соҳаси ходимларининг ойлик маошлари оширилган эди. Боғчалардаги олий маълумотга эга тарбиячилар, психологлар, логопед-дефектологларнинг маошлари умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг маошларига тенглаштирилган эди. 2019 йилда ўқитувчиларнинг маошлари оширилиши ҳисобига МТМ тарбиячилари ва ходимлари ойлиги уларникига нисбатан 10 фоиздан 25 фоизгача кам миқдорни ташкил қилади.

Мактабгача таълим вазирлиги вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда Молия вазирлигига ўз таклифларини берган. Тайёргарлик гуруҳи олий маълумотли тарбиячиларининг маошларини мактаб ўқитувчилари маошларига тенглаштириш таклифи берилган”, — деди у.

Шунингдек, вазирлик мутасаддисининг сўзларига кўра, соҳадаги бошқа ходимлар: тарбиячи-методист, тарбиячи ёрдамчиси, МТМ раҳбарининг лавозим маошларини тарбиячилар маошига пропорционал равишда ошириш кўзда тутилган. Масалан, боғчалардаги тарбиячи-методист маошини тарбиячилар маошидан 5 фоизга ошириш, МТМ раҳбарининг маошини методистникидан ошиқроқ қилиб белгилаш ва туман мактабгача таълим бўлими ходимлари маошини МТМ раҳбариникидан кўра юқорироқ этиб белгилаш таклифи киритилган.

“Бундан ташқари, боғчалардаги ошпазларнинг ойликлари ҳам айни вақтда долзарб бўлиб қолмоқда. Режага кўра, уларнинг маошларини 2 баробарга ошириш таклифи берилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра ушбу лойиҳани амалга ошириш учун бир йилда ўртача 1,5 трлн маблағ талаб қилинади. Мактабгача таълим соҳаси ходимларининг ойлигини ошириш бўйича берилган таклиф ҳозирда Молия вазирлиги томонидан ўрганиляпти. Агар давлат бюджети даромадларидан келиб чиққан ҳолда маблағлар ажратиш имкони бўлса, 2022 йилдан бошлаб бу лойиҳа амалга оширилади.

Хорижий давлатларда педагоглар статуси деган тушунчага кўра, педагог мактабда ёки боғчада ишлашидан қатъий назар бир хил ойлик олишади. Чунки уларнинг статуси бир хил ҳисобланади. Биз ҳам мактаб-боғчаларда ишлайдиган бир хил йўналишдаги педагог ходимлар учун ойликларни тенглаштириш ҳақида лойиҳаларимизни таклиф қилганмиз. Келгусида мактаб ўқитувчилари билан мактабгача таълим соҳаси ходимларининг ойликлари бир хил бўлиши керак. Бунда албатта бир хил йўналишдаги педагог ходимлар назарда тутилади. Бу тоифага ўқитувчи, тарбиячилар киради. Техник ходимлар эмас ”, дея маълум қилди вазирлик мутасаддиси.

Мавзуга оид