Спорт | 14:35 / 30.11.2021
36766
10 дақиқада ўқилади

Месси «Олтин тўп»га ҳақлимиди? Рақамлар ва рекордлар

Роберт Левандовскининг голлари ва рекордлари ёрдам бермади — «ПСЖ»нинг аргентиналик ҳужумчиси еттинчи бор футбол оламидаги энг нуфузли индивидуал совринни қўлга киритди.

Фото Getty Images/Global Look Press

«Олтин тўп» ҳамиша бошқа ҳар қандай мукофот каби субъектив бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади — ғолибни оддий одамлар аниқлашади: бутун дунёдаги 180 нафар журналист ўз бешлигини тузади, бу билан танлов оптималга яқинлашиши мумкин, аммо у барибир субъектив бўлиб қолади, натижа эса — баҳсли бўлиб қолаверади.

Бу сафар кўп вақтдан буён илк марта триумфатор охирги дақиқаларгача аниқ эмасди — France Football ниҳоят маълумотлар сиздирилишининг олдини олди ва яққол фаворит ажралиб қолмади. Асосий даъвогарлар иккита эди: Роберт Левандовски ва Лионель Месси.

Мукофотни нега айнан аргентиналик футболчи қўлга киритди? Жавоб оддий: чунки 180 киши шундай қарор қилган. Улар нега бундай қарор қилишди? Мураккаблик шу ерда бошланади.

France Football респондентларга бешликни танлашда қуйидаги уч мезонга асосланишни тавсия этади:

  1. Футболчининг йил давомидаги индивидуал ва жамовий иштироки.
  2. Футболчининг класси (талант ва ҳалол ўйин).
  3. Футболчининг карьераси.

Месси биринчи критерия бўйича йилни қандай ўтказди? Индивидуал кўрсаткичлар: 41 гол, 17 голли узатма, Америка Кубогининг энг яхши ўйинчиси ва тўпурари. Жамоавий: Испания ва Америка Кубоги. Левандовски йилни қандай ўтказди? 64 гол, 10 голли узатма, «Олтин бутса», бундеслига мавсумида урилган голлар сони бўйича янги рекорд ; чемпионат ғолиблиги, Германия Суперкубоги, шунингдек, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати.

Биринчи мезон бўйича аниқ параллеллар ўтказиш мумкин, кейингилари бўйича эса вазият мураккаб. Месси ва Левандовскини савия борасида солиштириш мумкин. Талант бўйича-чи? Аргентиналик футболчини кўпчилик дунёдаги энг истеъдодли футболчи деб билади, аммо бу хулоса учун етарли эмас. Ҳалол ўйин-чи? Бу борада Мессининг зарарига ишлайдиган бир эпизод бор: Испания Суперкубоги учун «Атлетик»ка қарши январда ўтказилган ўйинда у икки қўли билан рақибни урган ва бунинг учун қизил карточка олганди. Левандовскида эса бундай ҳолатлар кузатилмаган, у бундеслигада тўпурарлик бўйича Герд Мюллернинг рекордини такрорлаганида унга ҳурмат бажо келтирганди.

Учинчи мезон бўйича айтиш мумкинки, Левандовскида ҳам, Мессида ҳам ажойиб карьера бор.

Кўп эҳтимол билан Леонинг ғалабасига икки омил таъсир кўрсатган: овоз берувчиларнинг сентименталлиги ва вақт. Кўплаб журналистлар Месси Аргентина билан нимадир ютишини исташарди. Ниҳоят шу йил ёзда у буни уддалади, Америка Кубогида тўпурар ҳам бўлди (колумбиялик Луис Диас каби 4та гол урди, шунингдек, 5 пасга муаллиф бўлди). Афтидан, айнан ўшандаёқ «Олтин тўп» тақдири ҳам ҳал бўлганди. Аммо овоз бериш анча эртароқ бўлиб ўтгани ҳам таъсир кўрсатган: журналистлар ўз бешлигини 24 октябргача юбориши керак эди, яъни бу вақтда турнир хотиралари ҳали янги бўлган.

Қолаверса, Месси ёзнинг асосий қаҳрамонига айланди, унинг «Барселона»дан «ПСЖ»га трансфери катта резонанс келтириб чиқарди. Бу ҳам муҳим эди — аргентиналик футболчининг номи матбуотдан тушмади ва бу ҳам унинг учун ўзига хос пиар-кампания вазифасини ўтади. Қўшимчасига, сентябрь ойи охирида Месси «ПСЖ» сафида «Манчестер Сити»га қарши ЕЧЛ ўйинида муҳим ва чиройли гол урди, бу ўйин кузнинг клублар миқёсидаги асосий ўйинларидан бири бўлганди. Айнан ўша кунларда кўпчилик ўзининг бешлигини шакллантираётганди.

Ҳозир эса Мессининг ғалабаси бироз шубҳали кўринади. У «ПСЖ»даги дастлабки ойларни жуда кучсиз ўтказди, у Франция чемпионатида атиги битта гол урган. Левандовски эса барқарор равишда гол уришда давом этмоқда. Алал-оқибат, уларнинг иккиси ҳам ҳужумчи ва уларнинг асосий иши — голлар уриш. Шунинг учун ҳам France Football форвардлар учун алоҳида соврин ўйлаб топди ва уни дарҳол польшалик футболчига топширди - бу худдики узр сўраш вазифасини ўтади.

Роберт Левандовски «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхатида иккинчи ўринда қолди. Фото Reuters

Месси — шубҳасиз, буюк футболчи. У Левандовски мукофотдан маҳрум бўлгани учун айбдор эмас, польшалик форвардга ёки ўтган йили ўз мукофотини бериш ёки бу йил иккита «Олтин тўп» қилиш керак эди.

Мессининг ўзи ҳам тақдимот вақтида шу ҳақда гапирди: «Роберт, сен «Олтин тўп»га муносибсан». Афтидан, аргентиналик футболчининг ўзига қолса, мукофотни полякка берган бўларди.

Фото: AURELIEN MEUNIER/GETTY IMAGES

Рақамлар: Месси тўлиқ устунликка эга эмас
Леонинг ғалабаси кичик фарқ билан бўлди: у овоз бериш якунларига кўра 613 очко олди, Левандовскида эса — 580. Бу тарихдаги энг кичик фарқ эмас – 1996 йилда Маттиас Заммер Роналдодан атиги бир пункт олдинда бўлган. Бундан ташқари, Мессининг ўзида ҳам бу энг кичик фарқ билан устун келиш эмас: у икки йил муқаддам иккинчи ўриндаги Виржийл ван Дейкдан атиги етти очкога ўзиб кетганди.

Чемпионатлар: Лига 1 30 йиллик «танаффус»ни тўхтатди
Франция чемпионати вакили «Олтин тўп» олиши охирги марта 1991 йилга тўғри келган – «Марсель» билан муваффақиятлари учун Жан-Пьер Папенни тасдиқлашган. Бундан аввалги 11 (!) соврин Испания Ла Лигаси вакилларига насиб этганди, аммо ёзда ҳам Месси «Барселона» аъзоси эди, шундай экан бу суперсерияни чиндан ҳам якунланди дейиш қийин.

Ғолиб Испанияга алоқадор бўлмаслиги сўнгги бор 2008 йилда рўй берган, ўшанда Криштиану Роналду «Манчестер Юнайтед» билан барча совринларга эга чиққанди. Ундан олдинги йилда эса А Сериянинг сўнгги ғалабаси кузатилган («Милан»га ЕЧЛ ғолиблигини олиб берган Кака), Бундеслига эса ўзининг навбатдаги олтин боласини Заммер давридан буён кутмоқда.

Лионель Мессининг етти «Олтин тўп»и. Фото AFP

Мамлакатлар: Аргентина Месси эвазига биринчиликни бўлишиб турибди
Леонинг гегемонлиги Аргентина футболи «Олтин тўп»лар сони бўйича Германия, Нидерландия ва Португалияга етиб олиш имконини берди. Аргентиналик футболчилар бу мукофотга фақат 1995 йилга келиб даъвогар бўлишган – аввал мукофот фақат европаликларга берилган (натураллаштирилганларга ҳам – масалан, Альфредо Ди Стефано ва Омар Сивори).

Фарқ шундаки, Германияда беш нафар турли футболчилар «Олтин тўп» олишган, Нидерландия ва Португалияда – уч нафардан, Аргентина учун эса барча етти совринни бир футболчи қўлга киритган.

Клублар: «ПСЖ» учун илк голденболл
France Football илк марта маҳаллий клуб футболчисини тақдирлади. «Пари Сен-Жермен» бу борада ҳам топ клублар қаторига кириш учун Мессини сафига қўшиб олиши керак эди.

Жоржиньо «Челси»нинг «Олтин тўп» номинантлари рўйхатида якуний учликка кирган иккинчи футболчиси бўлди. Бундан аввалгиси 2005 йилда содир бўлган, ўшанда Фрэнк Лэмпард фақат Роналдиньодан ортда қолганди.

Позициялар бўйича: ҳужум чизиғи вакиллари доминантлиги давом этади
Роберт Левандовски ғалаба қозонган бўлганида ҳам ҳужумчилар устунлиги ўзгаришсиз давом этарди. Бу устунлик янада мустаҳкамланди дейиш мумкин: ўтган мавсумда иккинчи ўринни «Ливерпуль» ҳимоячиси Виржийл ван Дейк олганди, дарвозабон Алисон еттинчи ўринни эгаллаганди. Бу сафарги энг яхши дарвозабон Жанлуиджи Доннарумма ўнликни якунлаб берди, энг яхши ҳимоячилар эса 13-14-ўринларда қолишди. Бу ўринлар ҳеч қачон бир-биридан айрилмайдиган Леонардо Бонуччи ва Жоржо Кьеллинига насиб этди.

«Олтин тўп»ни ҳимоя вакили олиши билан боғлиқ ҳолат 2006 йилда кузатилган, ўшанда соврин жаҳон чемпиони Фабио Каннаварога берилганди. 1963 йилдан буён бирор дарвозабон бу совринга муносиб кўрилмаган: бу Лев Яшин бўлганди.

Алоҳида футболчилар миқёсида: Бенземанинг ёриб кириши, Роналдунинг қулаши
Левандовски ва Жоржиньо илк бор учликка кирди, аммо уларнинг орасида фарқ катта. Ёрқин мавсум учун Карим Бенземага ҳам кўп овоз берилди. Бунгача ҳам кўп йиллар мобайнида «Реал»да муваффақиятли мавсумлар ўтказиб келган бўлса-да, у бунга қадар ҳеч қачон топ-15га ҳам кирмаганди, бу сафар эса у тўртинчи ўринни эгаллади. Лекин футболчидаги ренессанснинг тан олиниши – у маросимга ташриф буюриши учун етарли бўлмади.

Маросимга Роналду ҳам келмади, аммо унинг ҳолатини тўғри тушуниш мумкин. Атиги олтинчи ўрин – 2010 йилдан буён энг ёмон натижа, ўшанда Криштиану «Реал» билан ЕЧЛни 1/8 босқичида «Лион»га мағлуб тарк этганди, бу мавсум эса «Ювентус» билан шу босқичда иштирокини тўхтатди. 36 ёшли форвард бу совринни бошқа ололмаслиги ойдинлашмоқда.

Мавзуга оид