Жамият | 16:16 / 30.11.2021
8881
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги тестлар омикрон штаммини аниқлай оладими - санитария хизмати жавоб берди

Ўзбекистонда қўлланаётган тестлар аниқлиги қай даражада, вакциналар коронавируснинг SARS-CoV-2: B.1.1.529. (Omikron) штаммидан ҳимоя қила оладими? Кўпчиликни шу савол ўйлантирмоқда. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бу масалага ойдинлик киритди.

Халқаро даражада эътироф этилган мутахассислар тинимсиз такрорлаётган фикрларини яна бир бор эслатиб ўтиш зарур. Энг асосийси, жамоавий иммунитетни шакллантириш, яъни оммавий эмланиш кўрсаткичларини ошириш орқали ҳам эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаб туриш мумкин. 

Чунки вакциналар SARS-CoV-2нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради. Ҳатто янги штаммни юқтириб олган ҳолатда ҳам барча дозада эмланганларда касаллик енгил ва жиддий асоратларсиз ўтади.

Айни пайтда Ўзбекистонда аҳолини эмлашда жами 6 турдаги-AstraZeneca, ZF-UZ-VAC2001, Sputnik V, Moderna, Pfizer/BioNTech ҳамда Sinovac вакциналари қўлланмоқда. 

SARS-CoV-2 учун ишлатилаётган ПЗР диагностикаси ушбу вариантни аниқлаши мумкин.

Касаллик белгилари мавжуд бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъи назар Omikron вируси тарқалган ҳудудларга бориб келган барча ҳамюртларимиздан олинган намуналарни танлаб олиш йўли орқали чуқурроқ ўрганиш орқали ушбу вирус кириб келган ёки кириб келмаганига баҳо бериш мумкин. Бу каби изланишларни фақат илмий мақсадда, эпидемик жараённи харакатлантирувчи кучга баҳо бериш мақсадида Инновацион Ривожлантириш вазирлиги лабораторияларида амалга ошириш мумкин. Амалиётдаги лабораториялар бу каби текширишларни амалга оширишига катта эҳтиёж йўқ.

Бугунги кунга қадар республикамизда Omikron штамми аниқланмади.

Албатта республика ҳудудида SARS-CoV-2: B.1.1.529. (Omikron) вируси аниқланган заҳоти бу ҳақда кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ва касалликни юқтириб олиш эҳтимоли бўлган аҳоли орасида чуқурлаштирилган эпидемиологик суриштурув ишларини амалга ошириш, бирламчи амбулатория-поликлиника тизимини жалб қилган ҳолда тиббий кўрикларни ташкил этиш орқали касаллик манбайини тезда жиловлаш чораларини кўриш – тиббиёт тизимининг асосий вазифаларидан бўлиб қолади.

Профилактика бўйича профессор Нурмат Отабеков алоҳида тўхталиб ўтган.

“Карантин билан боғлиқ профилактик чоралар бекор бўлгани йўқ. Аммо одамларимиз тиббий ниқоб тақиш, ижтимиой масофа сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби оддий қоидаларга ҳам етарлича амал қилмай қўйгани ачинарли ҳолат.

Янги штаммнинг юртимизга кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишда шундай профилактик чора-тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади.

SARS-CoV-2нинг ушбу янги штамми учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш масаласини, албатта, вақт кўрсатади. Шунга қарамай, мавжуд диагностика, даволаш ва профилактика имкониятларидан самарали фойдаланиш бу вирус турига қарши ҳам натижа беради, деб ҳисоблайман”, – деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид