Ўзбекистон | 13:15 / 30.11.2021
1552
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонлик ота фарзандларига алимент эвазига уй берди

Чимбойлик ота алимент учун фарзандларига ўз уйини расмийлаштириб берди. Хўжайли туманида эса ота болаларининг таъминоти учун бирйўла 100 млн сўм алимент тўлади. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Т.Б.дан ундирувчи А.Нуримбетованинг фойдасига икки фарзандининг моддий таъминоти учун алимент нафақасини ундириш белгиланган. Ижро ҳужжати МИБнинг Кегейли туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва тегишли тартибда ижро иши юритуви қўзғатилган. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида фуқаро собиқ турмуш ўртоғи номига алимент эвазига уйини расмийлаштириб берган. 

Шу каби, МИБ Хўжайли туман бўлими иш юритувида қарздор Г.И.дан ундирувчи М.Н.нинг фойдасига вояга етмаган 2 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати асосида ижро иши олиб борилган. Бу ота ҳам собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишиб, 2008 ва 2010 йилларда туғилган фарзандларига олдиндан 100 млн сўм алимент пули тўлаб берган.

Олдинроқ Шуманайда 2 нафар алимент тўламаган ота 15 суткага қамалганди.

Мавзуга оид