Жамият | 13:52 / 30.11.2021
14444
9 дақиқада ўқилади

Сигнал чалмайдиган ҳайдовчилар, бир кунлик иш ҳақига ҳафталик бозорлик – Раҳматилло Исроилов ҳикояси

Uzbek.life порталининг Канада ойлиги доирасидаги навбатдаги суҳбатдоши Канаданинг Бритиш Колумбия провинциясида истиқомат қилаётган ватандошимиз Раҳматилло Исроилов. Суҳбат қаҳрамонимизнинг Канадага иммиграция қилиш йўлидаги тажрибалари ва таассуротлари ҳақида бўлди.

Канада сари илк қадамлар

Ўзим Самарқанд вилоятида туғилганман. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таҳсил олганман. Даставвал телевидениеда, сўнгра Kun.uz сайтида иш фаолиятини олиб борганман. 

Канадага бориш учун шу йил – 2021 йилдан ҳаракатларни бошладик ва барча виза турлари билан танишиб чиқа бошладик. Улар орасидан ўқиш учун виза олиб Канадага келиш бирмунча осон туюлди. Турмуш ўртоғимга талаба визаси, менга “open work permit”, яъни ишлаш рухсатномаси берилиши билан ўз мақсадимизга эришдик деб айта оламан. 

Виза олиш муддати ҳақида айтадиган бўлсам, бунда менга 4 ойча вақт керак бўлди. Аммо, бу барча 4 ой ичида виза расмийлаштира олиши мумкин дегани эмас. Бу офицерларнинг визани кўриб чиқиш муддатига боғлиқ. Бизда Канада элчихонаси бўлмаганлиги ҳамда жуда кучайган карантин сабаб виза олиш жараёнлари анчагина қийин кечганди. Энг яқин виза марказлари Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия ҳамда Дубайда жойлашганди. 

Канада Сусамбил эмас...

Канададаги 2 ойлик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, Канада Америка эмас, Канада Сусамбил ҳам эмас. Канадада тил билмасдан келиш ва ёки яшаш жудаям қийин. Очиқроқ бўлса-да айтаман, бу ерга келиш учун бирмунча маблағ ҳам талаб этилади. Бундан ташқари, Канадага келгач мослашиш жараёнини ҳам бошдан ўтказишингиз керак. 

Тиббий текширувдан Ўзбекистонда туриб ҳам ўтса бўлади

Юқорида санаб ўтган виза марказларида фақатгина бармоқ изларини топшириш, суратга тушиш ва шу кабиларни амалга ошириш мумкин. Визаларни расмийлаштириш эса фақатгина Москва ёки Польшадаги Канада элчихоналари орқали бўлади. Бармоқ изларини топшириш ҳам пуллик бўлиб, нархи 85 доллар эди. Бундан ташқари яна бир қанча харажатлар билан 200 долларча пул сарфлашингизга тўғри келади. Шундан сўнг сизнинг виза аризангиз кўриб чиқилади ва сиз Канада учун мос деб ҳисоблансангиз, сизга “medical” (тиббий текширувдан ўтиш) хати келади. Бу хатнинг юборилиши сизга виза берилиши эҳтимолининг юқорилигини билдиради. 

Тиббий текширувдан Ўзбекистонда туриб ҳам ўтса бўлади. Тошкент халқаро клиникаси Канада ишончидан ўтган ягона тиббий муассаса ҳисобланади. Бу ерга қабулни олдиндан режалаштириб, тегишли анализларни топширасиз. Бунинг учун 240 доллар миқдорида тўлов қиласиз. Бу каби кучли тиббий текширувдан мақсад Канада соғлиқни сақлашга алоҳида эътибор қаратади. Бу ерда тиббиёт бепул ҳисобланади. 

Тиббий текширувлардан муваффақиятли ўтгач, сизга “passport request” юборилади. Яъни, сиздан паспортингизни юбориш сўралади. Сиз паспортингизнинг асл нусхасини Москвадаги элчихонага юборасиз. У ерда паспортингизга виза урилиб, сизга қайтариб юборилади. 

Тегишли вакцина билан эмланинг

Ҳозирда коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб Канада ҳукумати туристик, ишчи, талаба визаларини беришни вақтинча тўхтатган. Шунингдек, мамлакатга киришда ҳам, чиқишда ҳам тўлиқ эмланган бўлишингизни талаб қилишмоқда. Ҳукумат томонидан қабул қилинган вакциналар қуйидаги бештадир:

  • Pfizer
  • BioNTech
  • Moderna
  • AstraZeneca/COVISHIELD 
  • Janssen/Johnson & Johnson 

Агар сиз ушбу вакциналардан бири билан эмланмаган бўлсангиз, 14 кунлик карантинга жойлаштириласиз. Бунда меҳмонхонада ўз ҳисобингиздан 14 кун яшашингиз керак. 

Тизим сиздан ўзингизни яхши тутишни талаб қилади

Канадага кирганингиздан сўнг сизнинг ўзингизни тутишингиз жудаям муҳим ҳисобланади. Кейинчалик яшаш, доимий яшаш учун рухсатнома олишда айнан сизнинг тарихингизга эътибор берилади. Ва мени ажаблантирган жиҳат шундаки, бундай талаблар, яъни келажакда муваффақиятга эришишни истаган кишиларнинг ўзини муносиб тутиши кераклиги фақатгина иммигрантлар учун эмас, балки канадаликлар учун ҳам бирдай тааллуқли. Бу эса ҳар бир кишини ўз келажагини қуриш учун ўзини муносиб тутишга ундайди. 

Қолаверса, канадаликларнинг ўзини тутиши ҳам менда ажойиб таассурот қолдирди. Хоҳ эрталаб, хоҳ кечқурун бўлсин, канадаликлар бир-бири билан мулойим сўрашадилар. Бунда ҳатто бир-бири билан таниш бўлмасалар-да, табассум билан “Good morning” дейишдан чарчамайди. 

Қурут олиб кириш мумкин эмас экан

Канада билан боғлиқ таассуротларим Ўзбекистонда турибоқ бошланган. Учиш нархларига тўхталсам, чипталар мен келган пайти 2000-2500 долларга чиқиб кетди. Карантиндан олдин 800-900 доллар атрофида эди. Туркия орқали учиш ўзбекистонликлар учун маъқул вариант ҳисобланади. Биз ҳам Туркия орқали учиб келдик. Аэропортга келгач, қизиқ бир воқеа юз берди. Чемоданимни олиш учун борганимда бир полиция офицери ити билан кутиб турибди. Мен буни кўриб ўзимдан бироз шубҳаланиб қолдим. Менга айтяптики, сенда югуртдан тайёрланган нарса бор, уни олиб кириш мумкин эмас. Кейин чемоданни кўрсам, унда ўзимизни қурут бор экан. Уларга буни яхшилаб тушунтирдим, аммо барибир қурутни беришмади. 

Канаданинг ўзига хос табиати

Канаданинг мени жудаям ўзига тортган жиҳати табиатидир. Бу табиатни асрашга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳатто, шунинг учун бу ерда нефть ишлаб чиқариш таъқиқланган. Нефть бу ерга Альбертадан импорт қилинади. Шу сабабдан ҳам бензин нархи бироз қимматроқ. Бундан ташқари, аҳолиси, уларнинг бир-бирига муносабати, нарх-наволар ҳам анчагина муқобил. Яна бир диққатимни тортган жиҳат – Канадада фермерларга эътибор жудаям юқорилигидир. Аҳолининг энг бой, ўзига тўқ қатламларидан бири айнан фермерлардир. Бу ерда уларни жудаям ардоқлашади, ҳатто “No farmers, no food” (“Фермерлар бўлмаса, озиқ-овқат ҳам йўқ”) деб ёзилган шиорларни ҳам кўришингиз мумкин. 

Бир кунлик иш ҳақига бир ҳафталик бозорлик қилиш мумкин

Нарх-наволар ҳақида гапирадиган бўлсам, биринчи навбатда, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи анчагина яхши. Яъни, бир кунлик иш ҳақингизга бемалол бир ёки икки ҳафталик озиқ-овқат сотиб олишингиз мумкин. Ижара харажатлари бирмунча қимматроқ. Талаба ёки бир киши ижара туришни истаса, 500 доллардан 1500 долларгача тураржой топиши мумкин. Биз оилавий турган хозирги уйнинг нархи 1300 Канада долларини (1000 АҚШ доллари атрофида) ташкил этади. Шунингдек, интернет, коммунал тўловлар ва транспорт учун харажатлар мавжуд. Интернет учун ойига 50 доллар, электр-энергия учун истемолга қараб 30-40 доллар сарфлаймиз. 

Нисбатан кам, аммо аҳил, бир-бирига меҳрибон ўзбеклар

Бритиш Колумбияда ўзбеклар жудаям кам. Таҳминан 20-30 тача ватандошларимиз яшашади бу ерда. Ўзбеклар, асосан, Торонтода кўпроқ учрайди. Шунингдек, тожик биродарларимиз ҳам анчагинани ташкил этади. Камчилик бўлишига қарамай бир-бири билан жудаям иноқ, ҳурмат билан муносабатда бўлишади.

Канадалик ҳайдовчиларнинг сигнал чалганини эшитмайсиз

Канадада мигрантлар жудаям кўп. Бу ерда турфа хил миллат вакилларини учратишингиз мумкин. Аммо, Канада халқининг уларга жудаям очиқкўнгил эканлиги диққатга сазовор. Бундан ташқари, Канадада автомобиль бошқариш ҳақиқатан завқли ҳисобланади. Ҳайдовчиларнинг бир-бирига муносабатидан ўрганишимиз керак бўлган нарсалар кўп деб ўйлайман. Масалан, сигнал чалинганлигини ёки ҳайдовчиларнинг бир-бирига бақириб-чақирганини умуман эшитмайсиз. Табиатни асраш, табиатга нисбатан ҳурмат борасида ҳам канадаликлар барчага ўрнак бўла олади. Бугунги кунда экологик муаммолар жудаям долзарб аҳамият касб этиб турган бир пайтда бу каби хислатнинг ҳар бир миллатда, ҳар бир шахсда бўлиши муҳимдир. 

Канадада ҳам дарахтдан пул териб олмайсиз

Канадага келиш истагида юрганларга баъзи тавсиялар бермоқчи эдим. Авваламбор, Канадада ҳам, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам дарахтни тепиб пул ёғдириб бўлмайди. Бу ерда ҳам ўзингиз истаган мақсадларингизга эришиш учун кўп тер тўкишингизга, ўз устингизда ишлашингизга тўғри келади. Қўлингизда бирор ҳунар бўлиши ҳам умуман фойдадан ҳоли бўлмайди. Канадага келишдан олдин эса ўзингизга мос бўлган визалар билан батафсил танишиб чиқинг. Фақатгина расмий манбалардан фойдаланинг. Визадан рад жавоби чиқса ҳам кўнглингизни чўктирманг, кейинги сафарги виза учун ҳаракатни кучайтиринг. Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни тавсия қилиб қоламан. Барча Канадага келмоқчи бўлган кишиларга омад тилаб қоламан. 

Давлатбек Асадов суҳбатлашди

Мавзуга оид