Ўзбекистон | 22:02 / 01.12.2021
32260
3 дақиқада ўқилади

Автомобилда қулоқчин ва гарнитураларсиз телефонда гаплаша олмайсиз — Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ҳайдовчиларга енгиллик берилган қонун юзасидан тушунтириш бериб, ҳайдовчилар телефонда фақат bluetooth, қулоқчин ва бошқа гарнитуралар орқали гаплаша олиши, лекин телефоннинг ўзидан фойдалана олмаслигини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими янги қабул қилинган қонун бўйича айрим тушунтиришлар берди. Хусусан, вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалаётган “энди машина бошқараётганда ҳам телефондан фойдаланиш мумкин” ёки “рулда бўлган ҳолда телефонда гаплашишга рухсат берилди” ва шунга ўхшаш хабарлар бўйича муносабат билдирди.

Таъкидланишича, қонун билан ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан фақат bluetooth, қулоқчин ва бошқа қўлни банд қилмайдиган гарнитуралар орқали фойдаланишга рухсат берилди, бироқ бу ҳаракат вақтида қўлни банд қилган ҳолда телефондан бевосита фойдаланишга ёки унда гаплашишга рухсат берилганини англатмайди.

Қўшимча қилинишича, қонун билан машина салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатишга рухсат берилгани – бу мониторда теле- ёки видеодастурларни томоша қилишга рухсат берилди, дегани эмас. Яъни қонунда монитор ўрнатганлик учун аввал мавжуд бўлган жавобгарликни бекор қилиш назарда тутилган. Шу билан бирга, транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан теле- ёки видеодастурларни томоша қилиш мақсадида фойдаланганлик учун жавобгарлик сақланиб қолаётгани билдирилди.

Вазирликнинг изоҳ беришича, салоннинг олд қисмидаги монитордан фақат йўналишни аниқлаш ёки GPS қурилма сифатида фойдаланиш мумкин.

Маълумот учун, МЖтК 128-1-моддасига кўра, ҳаракат вақтида қўшимча ускуналарсиз, қўлни банд қилган ҳолда телефондан бевосита фойдаланиш БҲМнинг 3 баравари (810 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, МЖтК 128-2-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан теле- ёки видеодастурларни томоша қилиш мақсадида фойдаланиш БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, янги қонун билан:

  • транспорт олд қисмига монитор ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинди;
  • ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин бўлди;
  • 4 турдаги ҳуқуқбузарлик (транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик ёки муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги; йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик; паспорт тизими қоидаларини бузганлик; фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олганлик ёки ўтказганлик) учун жарима миқдори камайтирилди;
  • тезлик ошириб юборилганда радарда қайд этилган тезликдан 5 км/соат айириб жазо қўлланиши белгиланди;
  • 2022 йил 1 мартдан бошлаб ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатларни, ишончномани, суғуртани ёнида олиб юриши талаб этилмайдиган тартиб ўрнатиш назарда тутилди.

Мавзуга оид