Ўзбекистон | 08:09 / 01.12.2021
7660
3 дақиқада ўқилади

Эмланаётган аҳоли умумий статистикаси сунъий оширилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз - ССВ

Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига қарши эмланмаган фуқарога вакцина олганлик тўғрисида SMS-хабарнома келгани ҳақида видео тарқалди. Унда мурожаат эгаси “Сиз бугун вакцина олдингиз, кейинги вакцинангиз декабрь ойида” деган мазмунда хабарнома олганини айтиб, мамлакатда эмланган аҳолининг умумий статистикаси ошириб кўрсатилаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Фото: Getty Images

ССВ матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизовга мурожаат қилди.

“Ушбу ҳолатга изоҳ беришдан аввал шуни айтмоқчиманки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19’га қарши эмланиш статистикаси сунъий оширилишидан ҳеч қандай манфаатдор эмас. Аксинча, ҳар бир фуқаро эмлаш жараёнларида фаол иштирок этиб, бу орқали мамлакатимиздаги эпидемик вазиятнинг барқарор бўлиши тарафдоридир.

Шу нуқтайи назардан, юқоридаги видеомурожаат эгасининг вакцина олган аҳолининг умумий статистикасига ишончсизлик билдиришига асос йўқ.

Тўғри, айни пайтда фуқароларимизда “Коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатни қаердан ва қандай олиш мумкин?”, “Қайси вакцинадан сўнг организмда кучли иммунитет ҳосил бўлади?” каби саволлар билан бирга, эмланганлик ҳақидаги SMS-хабарномалар юзасидан баъзи тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

Жумладан, юқоридаги ҳолат каби бугун айрим фуқароларнинг қўл телефонига коронавирусга қарши вакцина олганлик ҳақида нотўғри SMS-хабарнома юборилмоқда. Аслида эса ўша фуқаро умуман эмланмаган бўлиб чиқяпти. Бу бир қарашда бироз тушунарсиз ҳолат бўлиши мумкин, бироқ ушбу жараёнларда инсон омили иштирок этишини ҳисобга олсак, хатоликлар юзага келиши мумкин.

Яъни, ҳозирда эмланаётган аҳолининг шахсий маълумотларини электрон тизимга киритаётган тиббиёт ходими катта ҳажмдаги ахборот билан ишлашига тўғри келмоқда. Қолаверса, баъзи эмлаш пунктларида маълумотлар қоғоз журналларга киритилаётгани боис, масъул ходимнинг хато қилиш эҳтимоли йўқ эмас.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ITMed мобиль иловаси ва телеграмдаги @itmeduz_bot саҳифасида ЖШ ШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами) ҳамда my.gov.uz портали орқали ЖШ ШИР ва паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда фуқароларга вакцина олиш учун электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган. Бу эса ҳар томонлама ишончли ва хавфсиздир.

Агар вакцина олувчи фуқарода бундай имконият бўлмаса, ўзининг шахсий маълумотлари ва телефон рақамини эмлаш ҳамширасига тўғри айтганига ишонч ҳосил қилиши керак. Ана шунда юқоридаги каби тушунмовчиликлар юзага келмайди”, деди Абдулла Азизов.

Мавзуга оид