Жамият | 18:09 / 01.12.2021
12303
7 дақиқада ўқилади

Журналистларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий савияси — медиаюрист билан суҳбат

Ўзбекистонда журналистлар ва блогерларнинг мавқейи кўтарилиши ортидан уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий ҳимояси масаласи ҳам кун тартибига чиқди.

ОАВ соҳаси вакиллари юридик ёрдам учун қаерга мурожаат қилишлари мумкин? Умуман, журналистларнинг билим савияси қай даражада? Бугун улар дуч келаётган муаммолар қайсилар?

Kun.uz мухбири Legalclinic юридик клиникаси юристи Мадина Турсунова билан юқоридаги мавзулар атрофида суҳбатлашди.

Суҳбатни видеода тўлиқ томоша қилинг. Қуйида эса юристнинг асосий фикрлари матн ҳолида келтириб ўтилади.

Нима учун юридик клиника?

— Юридик клиникалар феномени илк бор 20-асрда АҚШда пайдо бўлган ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида талабалар томонидан ташкил этилган. Юридик университет ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида ҳам шундай юридик клиникалар бор.

Ўзбекистонда “Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти бор. Шу марказ томонидан Legalclinic юридик клиникаси ташкил этилган бўлиб, журналистлар ва блогерларга юридик ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Марказни эса журналистлар ташкил этган бўлиб, улар журналистлар учун юридик ёрдамга эҳтиёж борлигини кўришган.

Адвокатлар дефицити

— Ўзбекистонда нафақат журналистика, балки умуман, аҳоли муаммолари билан шуғулланадиган юристлар ва адвокатлар жуда ҳам кам. Медиа соҳада юридик кўмак берувчи юристлар ҳам шундай. Нима учундир, бу соҳага кўп юристлар қизиқиш билдирмайди, аслида бу ривожланиб келаётган ҳуқуқ соҳаси. Чунки бу соҳада ўзларининг фуқаролик позициясини фаол билдираётган инсонлар билан ишлаш мумкин.

“Журналистлар саволларига онлайн жавоб берамиз”

— 2019 йилда ва 2020 йил бошида журналистлар ва блогерлар саволларига бевосита жавоб берилар эди. Ҳозирги кунда ўз сайтимиз ва Telegram-ботимиз орқали онлайн тарзда жавоб берилмоқда. Баъзида журналистлар ўз мақолаларини юридик баҳолаб беришни сўрашади. Баъзида маълум бир вазият юзасидан маслаҳатлар сўрашади. Шу вақтга қадар 600 дан ортиқ мурожаат бўлди.

“Давлат органлари журналистларнинг саволларига вақтида жавоб бермаяпти”

— Журналистларни кўпроқ ўзларини қизиқтираётган ахборотни олиш жараёнлари қизиқтирмоқда. Журналистлар фаолиятидаги тўсиқлардан бири – уларга зарур маълумотнинг берилмаслиги ёки саволларига вақтида жавоб олмаслигидир.

“Давлат органлари очиқлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, ОАВ мурожаатларига 7 кунда, фуқаролар аризаларига 15 кунда жавоб берилиши шарт. Афсуски, кўп ҳолларда бу муддатларга риоя қилинмаяпти.

Айрим ҳолларда, журналистнинг ўзидан, сўралган маълумотлар нима учун кераклиги, нима мақсадда экани сўралмоқда. Ваҳоланки, давлат идоралари давлат сирларига ёки шахсий маълумотлардан бошқа маълумотларни беришга мажбур.

Legalclinic юридик клиникаси юристи Мадина Турсунова

“Фаолиятга тўсқинлик қилинаётгани ҳақида шикоятлар ҳам бор”

— Афсуски, журналист ва блогерлардан салбий мазмундаги мурожаатлар ҳам келиб туради: фаолиятга тўсқинлик қилиш ёки қўнғироқ қилган ҳолда маълум бир мақолани ёки репортажни олиб ташлашни талаб қилган ҳолатлар ҳақида бўлган. Бундай ҳолатларда ҳам қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда жавоб бериш мумкин. Яъни кимдир ОАВда эълон қилинган материал унинг шахсий маълумотларини ошкор қилган ёки шахсий дахлсизлигига путур етказган бўлса ва бу ҳолатларни исботлайдиган фактлар бўлса, қонунчиликда белгиланган амалиёт бор. Қўнғироқ қилиб, босим ўтказиш ярамайди, аксинча, таҳририятга мурожаат қилса бўлади. ОАВ эса аввал эълон қилинган мақолага қўшимча материал эълон қилиши мумкин.

“Ўз ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш кўпроқ журналистга боғлиқ”

— Журналистлик фаолияти боис турли тазйиқлар бўлиб турибди, флешкаларини олиб қўйиш, айрим техникаларига шикаст етказиш кабилар кузатилди. Қолаверса, суд жараёнларида иштирок этиш масаласи доим кун тартибида. Шу каби масалаларда, қонунчиликка риоя этилишига юридик клиника таъминлай олмайди, фақатгина журналистлар ҳуқуқлари тушунтирилади холос. Кўпинчи ўз ҳуқуқларини, манфаатларини ҳимоя қилиш журналистнинг ўзига ва таҳририятга боғлиқ.

“Журналистларнинг ҳуқуқий савияси етарли эмас”

— Журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигига баҳо бера олмаймиз, лекин бу фақат уларнинг муаммоси эмас. Умуман олганда, жамиятнинг ўзида ҳуқуқий билим, саводхонлик паст. Улар маълум бир вазиятларда ўз ҳуқуқларини қандай рўёбга чиқаришни билмайди. Журналистлар ҳам айни шу жамиятда вояга етган, таълим олган шахслар. Шунинг учун уларда ҳам шу каби муаммолар бўлиши табиий.

“ОАВ ривожланар экан, қаршилар бўлиши табиий”

— Оммавий ахборот воситалари қанчалик фаол бўлса, танқидий мақолалар кўпайса, норозиликлар ҳам кўпаяди. Қарши томонлар кўпаяди. Бу ҳам табиий ҳолат. Соҳа ривожланишининг босқичларидан бири.

“Журналистик фаолиятга тўсқинлик учун жавобгарлик йўқ ва бу нотўғри”

— Ўзбекистонда жуда қизиқ ҳолат кузатилади: маълум бир хатти-ҳаракатлар мумкин эмас, дейилади. Бу ҳуқуқлар давлат томонидан кафолатланган ҳам, аммо жавобгарлик йўқ, санкция йўқ. Бу гўёки соатига 70 км.дан юқори тезлик чекланган деб, унга қарши жавобгарлик йўққа ўхшайди.

Жавобгарлиги йўқ қоидага ҳамма ҳам риоя қилавермайди. Журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш мумкин эмас, дейилган, лекин санкция йўқ. Тўсқинлик учун жавобгарликни қонунчиликка киритиш ташаббуси 2019 йилда ҳам бўлган. Бироқ ҳануз бу ташаббус қонунчиликда ўзининг амалий ифодасини топмади.

“Суратга тушириш тақиқланган жойларнинг аниқ рўйхати бўлиши керак”

— Баъзида, бу ерда суратга тушириш мумкин эмас, бу ерда видеотасвирга олиш мумкин эмас, дейилади. Аслида фото-видеотасвирга олиш мумкин бўлмаган жойларнинг аниқ рўйхати бўлиши керак ва уларнинг сони чегараланган бўлиши даркор. Қолган барча жойларда фото-видеотасвирга олиш эркин бўлиши лозим. Шундагина аниқлик пайдо бўлади.

“Блогерлик фаолиятини алоҳида тартибга солиш шарт эмас”

— Ўзбек медиа соҳасида блогерлик йўналишида қизиқ феномен кузатилмоқда. Ўзбекистондаги блогерлар сиёсий-ижтимоий янгиликларни етказиш билан шуғулланиб қолмоқда. Аслида блогерлик шундан иборат эмас. Йирик онлайн платформаларда турли-туман соҳа вакилларининг блогерлик қилаётганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда блогерлик фаолиятини ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга уринишлар бўлди. Аслида бу каби ижтимоий феноменни тартибга солиш керак эмас. Чунки блогер Конституцияда кафолатган фуқаро эркинликларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритади.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.

Мавзуга оид