Ургутда одамлар пул йиғиб сотиб олган трансформатор 6 ойки тармоққа улаб берилмаяпти
Ургут тумани “Қолдивойжар” МФЙга қарашли Қорабоғлон қишлоғида яшовчи фуқаролар февралда ўзлари пул йиғиб трансформатор сотиб олган. Ўшандан бери уни тармоққа улаб беришлари учун туман электр тармоқлари корхонасига “югуришади”, аммо натижа бўлмаяпти.
Қорабоғлонда жами 250 та хонадон бор. Уларга 70-йилларда ўрнатилган 100 киловолт амперли битта трансформатор хизмат кўрсатади. Юклама ошиб кетгани учун эски трансформатор тез-тез ёнади, баъзида туташувлар бўлиб ишдан чиқади.
Жорий йил февралда қишлоқдаги ҳар бир хонадондан 150 минг сўмдан пул йиғиб қарийб 30 миллион сўмга янги трансформатор сотиб олинган. Ана шу трансформатор туман ЭТК томонидан ҳанузгача тармоққа улаб берилмаяпти.
Бетон устунлар май ойида олиб келинган, августда жойига ўрнатилган. Ўшанда одамлар тракторнинг соляркасини пул йиғиб олиб беришган. Энди 2 100 метр сим керак. Туман ЭТК вилоят омборларида сим йўқлигини айтмоқда.
Қишлоқ аҳли кунлар совигач ҳар куни хавотирда яшаётганларини, қишлоқдаги эски трансформатор исталган вақтда яна портлаб кетиши мумкинлигини айтишди.
“Сўнгги ўн йилда эски трансформатор кўп марта ёниб кетди. Бир неча марта портлади. Ҳар сафар ўзимиз пул йиғиб тузаттирамиз. Ўтган йил кузда портлаганда одамлардан пул йиғиб 14 миллион сўмга Самарқандда таъмирлатиб келдик. Ҳозир кунлар совиб эски трансформаторга юклама ошган. Агар яна портласа, одамлардан пул йиғиб таъмирлатиш керак бўлади. Ҳозир одамларга ҳам осон эмас”, дейишди қишлоқ аҳли.
Қорабоғлондаги симёғочларнинг ярмидан кўпи қўлбола усулда ўрнатилган. Ўтган асрнинг 70-йилларида қишлоққа трансформатор ва симёғочлар ўрнатилган, шундан кейин электр инфратузилмаси бўйича айтарли иш қилинмаган. Янги ҳовли қилиб чиққанлар қўлбола симёғоч ясаб, тармоқни ўзи тортиб кетаверган.
Қорабоғлондаги ҳолат бўйича Ургут ЭТК бош муҳандиси Неъмат Тўхтамишевдан изоҳ олдик. Унинг айтишича, Қорабоғлонда аҳоли сотиб олган трансформаторни тармоққа улаш ишларининг кечикиб кетганига “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ омборхоналаридан турли маҳсулотларни олиш қийин бўлгани сабаб бўлган.
“Қорабоғлонда устунлар ўрнатилган. Фақат сим тортиб тармоққа улаб берсак, муаммо ҳал бўлади. Аммо ўша сим топилмаяпти. Бир неча марта “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг омборларига бордим, сим йўқ. Омборларга сим келгандан қорабоғлонликларнинг трансформаторини тармоққа улаб берамиз”, деди у.
Н.Тўхтамишевнинг айтишича, жорий йилда Ургут туманида аҳолига 22 та трансформатор ўрнатилиши дастурга киритилган. Шу пайтгача бор-йўғи 14 таси ўрнатилган. Қолгани эса “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан берилмаган.
Қорабоғлондан қайтишимизда Ургут тумани Жайратепа маҳалласи раиси Ҳ.Аҳмедов қўнғироқ қилиб, трансформатор ўрнатилиши масаласида у раислик қилаётган маҳалла ҳам муаммоларга дуч келаётганини билдирди. Унинг айтишича, Ургут ЭТК аввалига одамлардан пул йиғиб трансформатор олишни сўраган, раис рад этгач, дастурга киритган. Аммо трансформаторни ҳанузгача ўрнатиб бермаган.
Ургут туман ЭТК участка нозири Зуҳриддин Умрзоқов Жайратепа маҳалласи ҳақиқатан йилнинг бошида дастурга киритилгани, аммо “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ етказиб бера олмагани учун маҳаллага ҳанузгача янги трансформатор ўрнатилмаганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 6 ноябр куни Kun.uz'да “Оқдарёда аҳолининг ўзи сотиб олган трансформатор тўрт ойдан бери тармоққа улаб берилмаяпти” сарлавҳаси остида мақола берилганди. Унда Оқдарё туманининг Ойтамғали маҳалласи Пилол қишлоғида яшовчи фуқаролар тўрт ойдан бери ўзлари сотиб олган трансформаторни тармоққа улай олмаётгани танқид остига олинганди.
Аввалроқ Kun.uz'да “Бир вилоятда ўн минглаб “столба” авария ҳолатида. Симёғочлар монополияси тизимнинг “сеҳрли таёқчаси”ми?» сарлавҳали таҳлилий мақола ҳам эълон қилинганди. Унда Самарқанд вилоятида жами 565 мингдан ортиқ симёғоч мавжуд бўлиб, шундан 245 мингтаси эски, ёғоч устунлар бўлса, 60 825 таси авария ҳолатида, яъни алмаштирилиши кераклиги айтилганди.
Бундан ташқари, Kun.uz “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тақдим этган маълумотларни таҳлил қилиб, 2021 йил учун белгиланган электр узатиш тармоғи ва трансформаторларни янгилаш режаси бажарилмай қолиш эҳтимоли ҳақида ёзганди.
Аммо кўп ўтмай, масалага жамият муносабат билдириб, берилган маълумотлар хато эканини билдирганди. Мана энди маълум бўляптики, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари жойларда дастурда белгиланган ишларни бажаришда жиддий оқсамоқда. Бу эса одамларнинг асосли норозилига сабаб бўлмоқда.
Ғайрат Йўлдош,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
19:22 / 21.09.2024
Тадбиркорларни қуёш панели олишга мажбурлаган Сирдарё ҲЭТК: “Президент қарори нотўғри талқин қилинган”
16:57 / 19.09.2024
Андижонда электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркордан 20 млн сўм олган ЭТК муҳандислари ушланди
10:06 / 19.09.2024