Жаҳон | 22:40 / 02.12.2021
24953
3 дақиқада ўқилади

Россиядаги клиникалар раҳбари коронавируснинг янги штамми номланиши юзасидан ЖССТни судга берди

Фото: AP

Россиянинг Новосибирск шаҳрида жойлашган офтальмология клиникалари тармоғи “Омикрон” раҳбари Александр Падар ЖССТнинг Россиядаги ваколатхонасини судга берди. Бунга даъвочи компанияси номи ЖССТ коронавируснинг янги штаммига берган номланиш билан бир хиллиги сабаб ҳисобланади.

Халқаро ташкилот коронавируснинг штаммларини грек алифбоси ҳарфлари билан белгилаш қоидасига амал қилиб, янги штаммни алифбонинг 15-ҳарфи – “О” (омикрон) билан белгилаган. Бироқ ЖССТ бунда грек алифбосининг 13- ва 14-ҳарфлари – “ню” ва “кси”ни улар мос равишда инглизчадаги “new” (янги) сўзи ва Хитойда кенг тарқалган фамилиялардан бири “ksi”га ўхшашлиги сабабли ўтказиб юборган.  

“Новосибирск онлайн” нашри маълумотларига кўра, тадбиркор даъво аризасини 30 ноябрда Москва ҳакамлик судига топширган. Падар “омикрон” сўзини коронавируснинг янги штамми ёки бошқа бир инфекцияни номлашда қўллашни тақиқлашни талаб қилмоқда. У, шунингдек, ЖССТ барча ҳужжатларидан ушбу атамани ўчириб ташлашини ва унга 6 минг рубл миқдоридаги давлат божини қайтаришини талаб қилмоқда. 

“Бизнинг ном – бу рўйхатга олинган товар белгисидир. Шу сабабли коронавируснинг қандайдир штамми билан ўхшашлик нуфузимизга зиён етказади”, деб айтган Падар.

Даъво аризасида таъкидланишича, тадбиркор ўз клиникалари брендини реклама қилиш учун озмунча пул сарфламаган. Унинг айтишича, узоқ вақт давомида интернет-браузерлар “омикрон” сўзи бўйича маълумот излашда айнан унинг клиникаси сайтини чиқарган, эндиликда эса “ваҳимали ва тадбиркорнинг фаолиятига умуман алоқадор бўлмаган” маълумотни чиқармоқда. Падарнинг фикрича, у бундан “катта миқдорда зиён кўрмоқда”.

“Омикрон” штамми ЖАРда 11 ноябрда илк бор қайд қилинган. Британиялик олимлар у рекорд сонда мутацияларга эгалигини аниқлашган. Уларнинг фикрича, бу вирусни ҳозирда мавжуд вакциналарга бардошли қилиши мумкин. Жанубий африкалик шифокорлар янги штамм аломатлари енгил шаклда намоён бўлишини ва грипп симптомларига ўхшашлигини айтишмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид