Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бостириб кириладими? Ғарб экспертлари Украина чегарасидаги рус ҳарбийлари ҳақида нималар демоқда?
Украина бош разведкачиси Россия февралда бостириб кирмоқчилигини айтди. Экспертлар бу борада тортишувга киришди.
АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириш хавфи ҳақида хабар бергач, америкалик ва европалик экспертлар ўртасида тортишув бошланди: бу огоҳлантириш асосга эгами? Босқинни қачон кутиш керак, яқин кунлардами ёки баҳорда? Шу каби саволлар кенг муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, Жо Байден администрацияси нима қилиши бўйича мунозаралар бошланди. Байден ва жамоаси Киевни чекинишга ундайдими? Москвага провокация учун жиддий жавоб бериладими? Ёки Вашингтон ҳеч нарса бўлмагандек Москва билан мулоқотни давом эттирадими?
Давлат департаменти, МРБ ва Украина разведкаси огоҳлантирилиши
Ноябр ойида АҚШнинг Politico ва Bloomberg нашрлари Украина билан чегарада Россия аскарлари тўплана бошлагани ҳақида ёзди. Бу хабарлардан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен рус босқини хавфи борлиги ҳақида маълум қилди. МРБ директори Уильям Бёрнс эса «Кремлни огоҳлантириш учун» Москвага борди. У Россия пойтахтида Владимир Путин билан ҳам Украина масаласини муҳокама қилган.
Вашингтон Россия агрессияси ҳақида НАТОдаги иттифоқчилари ва Киевни огоҳлантирган. Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов босқиннинг тахминий вақтини айтди: 2022 йил феврал. Буданов Россия Украина билан чегарада 92 минг аскар тўплаганини ҳам маълум қилди. Бироқ Украина бош разведкачиси бу маълумотни айтган интервьюда кўрсатилган харитада Россиянинг 40та батальони белгилаб кўрсатилади. Экспертларнинг сўзларига кўра эса, уларга 36 мингдан ортиқ ҳарбий сиғдириб бўлмайди.
Расмий Москва айбловларни рад этиб, бу Ғарбнинг ўзи Россия чегарасида бошламоқчи бўлаётган провокацияни яшириш учун қилинаётган уйдирма эканини айтмоқда.
Сўнгги вақтларда россиялик сиёсатчилар АҚШнинг уруш ҳақидаги огоҳлантиришларига кескин фикрлар билдира бошлашди. Россия ташқи разведка хизмати АҚШ дунё ҳамжамиятини қўрқитишга уринаётгани, ҳозирги ҳолат 2008 йилдаги Россия-Грузия урушини эслатаётганини маълум қилди.
Россия-Грузия уруши сценарийси бўйича
АҚШ ҳарбий денгиз таҳлил марказининг рус дастури директори Майкл Кофманнинг айтишича, Вашингтон Россия ҳамда Украина чегарасидаги ҳолат кескинлашуви рус агрессияси маҳсули экани ҳақида тўғри огоҳлантириш берган. Унинг фикрича, Россия Украина билан чегарасига махсус тайёргарликдан ўтган бўлинмаларини яширинча ташлаётгани айниқса хавотирли. Мутахассисга кўра, одатда бундай манёврлар дипломатик музокараларга ўрин қолдириш учун очиқчасига амалга оширилган, яширинча эмас.
«Россия жиддий ҳарбий операцияга тайёрланмоқда, ҳаммаси шунга олиб боряпти», дейди Кофман.
Яна бир америкалик эксперт, АҚШ ташқи сиёсат тадқиқоти институти ходими Роб Ли ҳам тайёргарликнинг яширинлиги хавотирли эканини таъкидлади: «Баҳорда ҳарбийлар тўпланишидан фарқли бу гал Россия армияси Украина чегарасида ёпиқ ҳаракат қилмоқда».
Кофманнинг фикрича, Россияда эскалация учун иккита жиддий сабаб бор: руслар Украинанинг ўзига нисбатан сиёсатидан ҳайрон қолган ва Зеленский билан келишишдан умид узган. Шунингдек, НАТО ва Украина ҳамкорлигининг кучайгани, Украинада альянснинг ўқув марказлари очилгани Россияга ёқмаган.
Оптимист фикрловчилар Россия Украина билан чегарада аскар тўплаётганидан мақсад Киев ва Ғарбни музокаралар столига ўтиришга ундаш эканини тахмин қилиши мумкин.
Жаноб Кофман яна бир марта ҳаммаси жиддий эканини гапирди: «Ижтимоий тармоқларда бу мавзу кенг муҳокама қилиниб, кўпчилик Путин шунчаки қўрқитиб қўймоқчи эканини айтмоқда. Аммо ҳарбий таҳлилчи сифатида мен бундай дея олмайман. Бу ҳолат яқин ойларда янада ривожланадиганга ўхшайди».
Экспертнинг фикрича, ёмон ҳолатда ҳозирги воқеалар ривожи чиндан 2008 йилдаги Грузия – Россия уруши каби кўриниш олиши эҳтимоли бор: «Бу Украина ҳарбий қудратини йўқ қилиш операцияси бўлиши мумкин. Оқибатда Россия Украинага айтганини қилдириши, янги келишувлар имзоланиши ва энг охирида ўз ҳарбийларини киритиши ҳам мумкин».
Роб Ли бу масаланинг айнан ноябрда кўп муҳокама қилинаётганида қандайдир мантиқ йўқлигини айтди. У рус аскарлари йил давомида Украина чегарасида фаол бўлгани ва улар бу ерда апрел ойидаёқ тўплана бошлаганини таъкидлади.
Чиндан апрел ойи охирида Россия Украина чегарасидан аскарларини олиб кетган бўлса-да, Байден администрацияси чегарада 80 минг аскар турганини маълум қилганди.
«НАТО мансабдорларини айнан нима хавотирга солаётганини тахмин қилиш қийин», дейди Роб Ли. Унинг фикрича, ҳозирги кўриш мумкин бўлган ҳолатлар уруш хавфи ҳақида гапиришга асос бўлиши қийин. Балки НАТОда қўшимча қуроллар олиб кириш ва сунъий йўлдошдан кузатиш имконсиз бўлган бошқа ҳаракатлар ҳақида маълумот бўлиши мумкин. Бу эксперт ҳам ҳозирги воқеалар ривожи 2008 йилги Грузия – Россия урушини такрорлаши мумкинлигини истисно қилмади. Ўшанда ҳам Россия тўғридан тўғри Грузия ҳудудида уруш қилмаган, Абхазия ва Жанубий Осетияда ҳаракатланган.
«Россия Киев ва НАТОнинг минимал ҳаракат ва харажат билан ўзини тутишини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Масалан, шунчаки таҳдид билан. Аммо ҳаракатга ўтилса, бу – ердан пиёда қўшинлар иштирокида операция, артиллерия отишмалари, қанотли ракеталар учириш ёки Украина объектларига баллистик ракета учириш бўлиши мумкин», дейди Роб Ли.
Британиялик экспертларнинг иккиланиши
Британиялик экспертлар эса америкалик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ скептик фикрлашмоқда. Сиёсатшунос Марк Галеотти Moscow Times нашрининг колонкасида кўпчилик баҳордаёқ Россия босқини ҳақида гапираётгани, аммо ҳозирча ҳеч нарса бўлмаганини эслатди. Унинг фикрича, очиқ манбалардаги маълумотлар қандайдир босқин ҳақида гапиришга имкон бермайди, бу ҳақда гапираётганларда эса бошқалар билмайдиган разведка маълумотлари бўлиши мумкин.
Сиёсатчининг фикрича, Кремль бундай ҳолатларда аниқ режа билан ҳаракатланишдан кўра вазиятга қараб иш кўришни маъқул кўради. 2022 йил февралда уруш бўлиши ҳақида гапиришмоқда, лекин бу учун режа бўлиши керак. Марк Галеоттининг фикрича, Россия узоқ муддатли режалар тузиши билан ҳеч қачон мақтана олмаган.
«Россия Украинага бостириб кириши ҳақида қўрқувлар доим бўлган. Чиндан кўп қўшин тўпланган, лекин бостириб кириш учун етарли эмас. Бирламчи мақсад Украинани Донбассдаги айирмачиларга ҳужум қилмасликка ишонтириш бўлиши мумкин», деб ёзади Twitter’даги саҳифасида британиялик ҳарбий тарихчи сэр Лоуренс Фридман.
Лондон иқтисод мактаби аспиранти Жефф Ҳоун Foreign Policy журналида ёзган мақоласида Россия армияси Украинага бостириб кириши ҳақида гапириш аҳмоқлик эканини айтади. «Масъулиятсиз ОАВ ва баъзи ҳукуматларнинг асосланмаган чиқишлари, Bloomberg'даги ваҳимали сарлавҳалари-ю Украина ҳудудини ҳимоя қилиш ҳақидаги гаплар шундоғам кескин вазиятни янада ёмонлаштиради», дейди аспирант.
АҚШ ва НАТО нима қилиши керак?
Ғарб нашрларида энг кўп муҳокама қилинаётган нарса – АҚШ ва Европа Иттифоқи урушнинг олдини олиш учун нима қилиши бўлмоқда. Давлат департаменти собиқ ходими Сэмюел Шарап Politico журналидаги колонкасида ёзган материал кенг муҳокама қилинмоқда.
«АҚШ Донбасс муаммосини ҳал қилишда «қамчи ва ширинлик» усулидан фойдаланмоқчи (яхши ва ёмон воситалар билан жазолаш услубининг рамзий номи). Воқеалар ривожидан келиб чиқадики, Москва фақат қамчи олади, Киев эса фақат ширинлик. Бу усул иш бермайди, 7 йилдан буён тинчлик жараёнида силжиш йўқ. Шу сабаб Вашингтон янги режа ишлаб чиқиши керак», деб ёзади сиёсатчи.

Унинг фикрича, АҚШ Киевни Минск келишувини бажариши учун сиқувга олиши мумкин. У келишувда Украинага баъзи вазифалар ҳарбий куч ёрдамида юкланганини инкор этмаган ҳолда дипломатияда сиёсий ирода ва келишувлар бажарилиши муҳим эканини таъкидлайди.
«Бу ҳолатда мазлум бўлган Украинани агрессор Россиянинг талабларини бажаришга ундаш АҚШнинг сиёсатига тўғри келмайди, аммо Украина шу тариқа биринчи қадамни ташласа, натижада Россияга ҳам талаблар қўйиш, қўшинларини чегарадан олиб кетишга мажбурлаш мумкин», дейди жаноб Шарап мақоласида.
Бу мақола Ғарб сиёсатчилари орасида кескин танқидларга учради. Шарапни «қўрқоқ», «латта сиёсатчи» ва Кремль тарғиботчиси деб аташди. Украинанинг Австриядаги собиқ элчиси Александр Шерба Twitter’даги саҳифасида бу мақолани ёзган одам «Путиннинг чўнтагида тургани»ни айтди.
Бу вақтда Вашингтон Украинани қўллаб-қувватлашини айтмоқда. Жо Байден навбатдаги марта Украина суверенитетини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди. Аммо Америка ҳукумати бу борада айнан қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида хабар бермаяпти. Айни дамда Байден европалик ҳамкорлари билан Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилмоқда. Россия билан тўғридан тўғри муносабатларда эса дипломатик йўлни афзал кўрмоқда. Байден ва Путин тез орада яна юзма-юз учрашиши мумкин.
Экспертларнинг фикрича, ҳозирда АҚШ учун ҳар қандай якун муваффақиятсиз бўлиши мумкин. Агар вазиятга аралашмай, кучсиз кўриниб қолса, бу Россияга илҳом бағишлаб, агрессия даражасини ошириб юбориши мумкин. Бошқа томондан, Украинани қўллашини айтиб, ҳеч қандай ҳарбий кўмак бермаса, дунёдаги обрўйи, салобатини йўқотади. Бу эса АҚШ учун яна қўшимча муаммолар келтириб чиқаради.
Washington Post Оқ уй Пентагондан АҚШдан «Россияни тийиб туриш учун» Европадаги иттифоқчилар билан бирга ўтказилган барча ўқув машғулотлари бўйича ҳисобот сўраганини аниқлади. Бу машғулотлар Кремлнинг доимий танқидига учраб келади. Уларни ҳисоб-китоб қилиш эса Россия билан ортиқча келишмовчиликларнинг олдини олишга уриниш бўлиши мумкин.
АҚШ Украинага ракетага қарши «Жевелин» комплекси, зенит ракеталарига қарши «Стингер» комплекси ва ҳарбий вертолётлар етказиб беради. Оқ уйнинг ичида эса бу қуролларни етказиш бўйича ҳам икки хил фикр пайдо бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда CNN эфирида айтилган.

Телеканал маълумотига кўра, Пентагон қуролларнинг янги партиясини юборишни тезлаштиришга ундамоқда, Байден администрациясидаги мансабдорларнинг баъзилари эса Россия билан можаро келтириб чиқарадиган келишувларда эҳтиёткорлик қилмоқда.
Вашингтон Россия армиясининг Украина чегарасида қилаётган ҳаракатларига қарамай, Россия билан барқарор мулоқотга асосланган муносабатларни сақлаб қолиши керак, дейдиганлар ҳам топилади.
«АҚШ президенти администрацияси Украина шарқидаги урушни тугатиш учун Минск келишуви бўйича ҳаракатлар тикланишига интилиши керак. Гарчи бу йўлда ўн минглаб рус ва украин аскарлари қаршилик қилса-да. Чинакамига ишлаётган Америка дипломатияси мана шундай қаршиликларни бартараф этишга қодир», деб ёзади Washington Post колумнисти Дэвид Игнатиус.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
20:37 / 27.05.2025
Келлог: Россия ва Украинанинг урушдаги йўқотишлари 1 миллион кишидан ошди
20:17 / 27.05.2025