Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бойсунда мактаб ўқувчисини машинада уриб юборган ҳайдовчи уни кўчада ташлаб кетган
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида кўча четида кетаётган мактаб ўқувчисини ўз машинасида уриб юборган ҳайдовчи унга воқеани ҳеч кимга айтмасликни тайинлаб, кўчага ташлаб кетган.
Воқеа 2 декабр куни соат 14:00 лар атрофида Бойсун шаҳри кўчаларидан бирида рўй берган.
Kun.uz’га воқеани жабрланувчи номидан ҳикоя қилиб берган гувоҳлардан бирининг айтишича, давлат рақами 587 бўлган, оқ рангли «Nexia-2» автомашинаси ҳайдовчиси ва унинг ўртоғи давлат рақами 277 бўлган бошқа бир худди шу тус ва русумдаги автомашиналар қувлашмачоқ ўйнашади. Бошқарувни йўқотган 587 рақамли оқ рангли «Nexia-2» йўлнинг четида мактаб тўгарагига кетаётган бир гуруҳ 4-синф ўқувчилари орасидан 2011 йилда туғилган Элдор Эшбоевни уриб юборади.
Ҳайдовчилар кучли зарба натижасида ҳушидан кетган Элдорни ўлиб қолди, деб ўйлаб, уни шаҳар марказидан четроққа олиб бориб ташлашга уринишган. Улар Паданг қишлоғига яқинлашиб қолганида Элдор ўзига келган. Унинг тириклигини кўриб, ҳайдовчилар 10 ёшли Элдорни Паданг сойига олиб бориб, бўлиб ўтган воқеани ҳеч кимга айтмайсан, деб қўрқитишган.
Сўнг Элдорни уриб юборган машинадан уни тушириб, давлат рақами 277 бўлган оқ «Nexia-2» машинасига миндириб, болакайнинг аммаси яшайдиган уйдан 1 км нарида, кўча юзига тушириб кетишади.
Элдор Эшбоев турадиган уйида ҳеч ким бўлмаганлиги сабабли у қўшнисининг уйига оғир ҳолда эмаклаганча борган ва қўшнилар «тез тиббий ёрдам» чақириб, уни Бойсун туман тиббиёт бирлашмасига ётқизишган.
Kun.uz мухбири жабрланувчи Элдорнинг отаси Учқун Тошев билан гаплашди. Унинг айтишича, фарзанди ўртача аҳволда РШТЁИМ Термиз филиалида ётибди. Отасига кўра, боланинг суяклари синмаган. Унда мия чайқалиши бор. Кўнгил айниб, қайт қилмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаси содир этганлар топилган. Хусусан, фарзандини уриб кетган ҳайдовчининг отаси ҳам шифохонага келиб, бемор ҳолидан хабар олган.
«Мен ўзи тоғда яшайман. Ўғлим Бойсун шаҳрида опамникида туриб ўқийди. Улар болани машинасида уриб, воқеа жойидан опқочиб кетиб, уни қўрқитиб, икки соатдан сўнг яна қайтариб опкелиб ташлашган. Болам мия чайқалиши туфайли кўнгли айниган. Агар улар тўғри шифохонага олиб боришганида, ўзим даволатиб олган бўлардим, уларга даъво ҳам қилмасдим», — деди Учқун Тошев.
Kun.uz Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматидан мазкур воқеа бўйича маълумот олди. Унга кўра, 10 ёшли Элдор Эшбоев ҳозир вилоят маркази Термиз шаҳридаги РШТЁИМ филиалига ётқизилган ва унга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Болада кўз кўкариш ва юз шилиниш жароҳатлари бор. Унинг аҳволи қониқарли.
Айни пайтда ЙТҲ содир этган автомашина ушланган. Зарур тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
14:22 / 10.04.2025
Сурхондарёда кузатилган сел кичик талафот келтирди
12:27 / 11.03.2025
Бойсунда ЙТҲ оқибатида 8 ёшли қиз ҳалок бўлди
18:37 / 28.02.2025
“Халқнинг ичида қўрқув бор” – кофрунликлар ҳамон хавотирда яшамоқда
20:17 / 29.10.2024