Ўзбекистон | 15:06 / 04.12.2021
5586
2 дақиқада ўқилади

Мақсад 10 млрд доллар: Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда

4 декабрь куни Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги, 4-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда тадбирда иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар берди.

Фото: Kun.uz

Форумнинг расмий очилиш маросимида Қозоғистоннинг деярли барча шаҳарларидан тадбиркорлар ва Ўзбекистон делегацияси иштирок этади. Делегация таркибида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Инвестициялар ва савдо вазири Сардор Умрзоқовлар иштирок этишяпти. 

Тадбирга қизиқиш юқорилиги боис залга шошилинч равишда қўшимча стуллар келтирилди. Тадбирда илк сўзни Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр олди:

– Ўзбекистон бизнинг стратегик ҳамкоримиз. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, Қозоғистонда жорий йилнинг 10 ойи якунига кўра иқтисодий ўсиш 3,5 фоизни ташкил қилмоқда. Инвестицион ишонч ҳам ортиб боряпти. Бунда қўшнимиз Ўзбекистоннинг ҳам роли катта. Биз улкан чегарамизнинг турли нуқталарида логистик ҳаблар ташкил қиламиз. Ўйлайманки бизга вазифа сифатида қўйилган, ўзаро товар айирбошлашда 10 млрд долларлик марра албатта забт этилади, – деди Қозоғистон вакили.

Маросимда бош вазир ўринбосари ва Инвестициялар ва савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳам сўзга чиқди ва нутқининг кириш қисмини қозоқ тилида сўзлади.
 
– Оғир пандемия шароитига қарамай икки тарафлама савдо ҳажми жорий йилнинг 10 ойида 37 фоизга ошган. Биз бу йил якунига қадар 3 млрд долларлик кўрсаткични, келгуси йил охиригача эса 4 млрд доллар маҳсулот айирбошлаш даражасига чиқишни режа қилганмиз. Асосий мақсадимиз эса яқин йилларда 10 млрд доллар савдо ҳажмига эришиш. Ўйлайманки, бу амалга ошириш мумкин бўлган режа. Сабаби, ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бир йилнинг ичида Ўзбекистон Қозоғистондан харид қилиши мумкин бўлган 5-5,5 млрд доллар ҳажмдаги маҳсулотларни учинчи давлатлардан олмоқда. Худди шунингдек Қозоғистонда ҳам бошқа давлатлардан импорт қилинаётган 5 млрд доллар ҳажмдаги маҳсулотларни Ўзбекистондан олиши мумкин, – деди С. Умрзоқов.

Бизнес-форум икки томонлама иқтисодий масалалардаги ҳужжатлар имзоланиши билан бошланди ва бир нечта шундай ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид