Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АДУда ота-оналар мажлисига келган аёл тўртинчи қаватдан тушиб кетди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Андижон давлат университетида ота-оналар мажлисига келган 28 ёшли аёл 4-қаватдан тушиб кетиб, оғир тан жароҳати олди. Бинонинг бу қисмида таъмирлаш ишлари кетаётгани туфайли зиналардан тўсиқ олиб ташланган бўлган.
4 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университети Тарих факультети биносининг тўртинчи қаватидан ҳомиладор аёл тушиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Университет ахборот хизмати ҳодисада жабрланувчи таъмирлаш ҳудудида ўрнатилган белгиларга эътиборсиз бўлганини билдириб, у ҳомиладор бўлгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
«4 декабрь куни Андижон давлат университети Ижтимоий-иқтисодиёт факультетининг Амалий психология йўналиши 2-босқич талабаларининг ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Мажлис университетнинг Тарих факультети биносининг 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилишдан чиқиб, телефонда яқинлари билан суҳбатлашиш давомида қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи тўсиқларга аҳамият бермасдан зинапояга юриши натижасида тушиб кетган.
Ҳодиса юз берган вақтнинг ўзидаёқ университетнинг масъул ходимлари томонидан шошилинч тез ёрдам чақирилиб, фуқаро республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига университет маъмурияти вакиллари ҳамроҳлигида олиб борилган ва биринчи ёрдам кўрсатилган.
Айни пайтда ушбу бинода капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлиб, воқеа содир бўлган зина томондан чиқиш ёпилган. Тўртинчи қаватда хавфсизликни таъминлаш, талабаларни қурилиш бўлаётганидан огоҳлантириш учун тўсиқ сифатида столлар оралатган ҳолатда жойлаштирилган. Шундай бўлса-да, фуқаро бошқа хаёллар билан тўсиққа эътибор қилмаслиги натижасида бахтсиз ҳодиса содир бўлган», дейилган хабарда.
5 декабрь куни Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
«4 декабрь куни 28 ёшли аёл Андижон давлат университетига ушбу олийгоҳнинг 2-босқич талабасининг оила аъзоси сифатида таъмирлаш ишлари амалга оширилаётган Тарих факультети биносида бўлиб ўтадиган ота-оналар мажлисига келган.
Шунда у бинонинг 4-қаватида уяли алоқа телефон аппаратидан фойдаланиб, эҳтиётсизлиги оқибатида зиналарнинг тўсиқлари бўлмагани сабабли зинапоядан пастга йиқилган ва оғир тан жароҳати олган.
Олиб борилган текшириш ҳаракатлари давомида ушбу бинода таъмирлаш ишларини олиб бораётган S.Haus МЧЖ ишчилари томонидан зинапояларнинг тўсиқлари олиб ташланиб, қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан S.Haus МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади хабарда.
Ҳозирда Андижон шахар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
22:14 / 27.05.2025
«Насаф» «Андижон»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди
23:01 / 26.05.2025
Андижонда дарахт Cobalt устига қулаб тушди
19:26 / 26.05.2025
Андижонда танишлари орқали 100 минг доллар кредит олиб беришни ваъда қилган шахс ушланди
07:50 / 24.05.2025