Ўзбекистон | 09:37 / 05.12.2021
4723
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда МЧЖ номидаги 1 млрд сўмлик мулкларни собиқ раҳбарлар сотиб юборди

Фото: KUN.UZ

Қорақалпоғистонда МЧЖ номидаги мулкларни сотиб юборган фирибгарлар аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, департаментнинг Хўжайли тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда “K.M.” ва “Н.С.” МЧЖларнинг собиқ раҳбарлари олдиндан тил бириктириб, “K.M.” МЧЖнинг 51,9 фоиз улуши “L.F.” МЧЖга тегишли бўлишига қарамасдан, МЧЖнинг умумий қиймати 991,7 млн сўмлик ишлаб чиқариш цехи ва қўшимча иморатларини сохта йиғилиш баённомасини расмийлаштириб, қалбаки ҳужжатлар орқали фирибгарлик йўли билан фуқаро С.С.нинг номига ўтказганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан олдин Хўжайлида 381,2 млн сўмлик бюджет маблағини ўзлаштирган мансабдорлар аниқланганди.

Мавзуга оид