Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош прокуратуранинг иш вақтида вафот этган ходимига оид иш судда қайта кўрилади
Апелляция инстанцияси Бош прокуратуранинг иш вақтида вафот этган 33 ёшли ходими марҳум Самир Раҳмоновнинг оиласига товон пули тўлаб берилмагани бўйича биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди. Энди иш қайта кўриб чиқилади.
Шу йилнинг 26 апрель куни Бош прокуратуранинг 33 яшар ходими Самир Раҳмонов вафот этган эди. Марҳумнинг отаси ўғлининг вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолгани сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган товон пули берилишини сўраб даставвал бош прокурор номига хат билан мурожаат қилганини, бироқ илтимоси бўйича рад жавобини олгач, Бош прокуратурани судга берганди.
Самир Раҳмоновнинг ўлими бўйича берилган расмий хабарларда унинг юрак касаллиги борлиги қайд этилган. Марҳумнинг отаси фарзанди прокуратура тизимига ишга кирганда соғлом бўлгани, касалликлар эса унинг сўнгги уч йилдаги фаолияти давомида орттирилганини, бунга Бош прокуратурадаги иш вақти тартибсизлиги сабаб бўлганини айтганди.
“Ҳужжатларда қайд этилишича, фарзандим клиникага олиб келинганидан сўнг, шифохонада қазо қилган. Мен Бош прокуратуранинг ушбу хатти-ҳаракатларидан қаттиқ норозиман. Чунки Самирбек клиникага олиб келинган вақтда далолатнома тузилган ва у 4 шифокор томонидан имзоланиб, бош шифокор муҳр билан тасдиқлаган. Ҳужжатда шифохонага Бош прокуратурадан ўғлимнинг жасади олиб келингани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган. Яъни фарзандим шифохонага олиб келиш жараёнида ҳам эмас, балки Бош прокуратуранинг ўзида, иш вақтида, хизмат вазифасини бажараётган пайтида вафот этгани маълум бўлди.
Бош прокуратура ходимлари ИИВ Марказий поликлиникасида тиббий кўрикдан ўтади ва шу ерда рўйхатда туради. Ўғлимнинг тиббиёт дафтарчасини олиб ўрганганимда у юрак-қон томир касалликлари бўйича доимий рўйхатга олингани, бир неча марта касал бўлиб муолажа олгани, бироқ охиригача даволанмасдан ишхонага чақириб олинганидан хабар топдим. Ўғлимда бу касаллик сўнгги уч йилда – Бош прокуратуранинг марказий аппаратидаги фаолияти давомида пайдо бўлган. Бу маълумотларнинг ҳаммасини судга тақдим этганман”, – деган эди Аъзам Раҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида.
Даъвони кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2021 йил 17 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогар – Аъзамжон Раҳмоновнинг жавобгар – Бош прокуратурага нисбатан фарзанди вафоти муносабати билан иш жойидан нафақа пули ҳамда маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво ва қўшимча даъво аризалари рад қилинганди. Шундан сўнг даъвогар фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ФИБ Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти киритади.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, апелляция шикоятини 2021 йил 12 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш бошланган ва 6 декабрь куни ишни кўриб чиқиш якунланган.
“Ишни кўриш жараёнида ИИВ Тиббиёт бошқармаси, Бош прокуратурадан олти нафар ходим ва ўша куни бўлимда иш ўрганишда бўлган Ҳарбий прокуратура аппарати ходими, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ТХКМРМКТК, Шайхонтоҳур туман прокуратураси, Миробод тумани прокуратураси, РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизасидан, Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси, Касаба уюшмалари федерацияси, Миробод тумани Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциялари вакилларининг кўрсатмалари эшитилиб, ёзма маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар олинди.
Ишни кўришда марҳум С.Раҳмоновнинг хотини Н.Раҳмонова ишга жалб қилинмагани, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилмагани, биринчи инстанция судида кўрилиши мобайнида даъвогар А.Раҳмоновда унинг манфаатларида судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмагани, қолаверса, А.Раҳмоновнинг ўзи боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олиш ҳуқуқига эга шахслар доирасига кирмаслиги сабабли, 2021 йил 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилди”, дейилади шаҳар судининг расмий релизида.
Аъзамжон Раҳмонов Kun.uz’га берган интервьюсида ўлим сабабини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси ўтказилмагани, Самир Раҳмоновнинг жасадини экспертизага олиб бормоқчи бўлишганда у ўғлининг танаси ёрилишига рози бўлмаганини айтган, бу ҳаракатини ўлим сабаби экспертизасиз ҳам рўйирост маълумлиги, фарзандининг бош миясида қон томирлари ёрилгани яққол кўриниб тургани билан изоҳлаганди.
Шунингдек, марҳумнинг яқинлари ҳодиса рўй берган куни иш берувчи – Бош прокуратура меҳнат инспекцияларини жалб қилиб, ходимининг ўлими юзасидан суриштирув ўтказмагани, қонунчиликда белгиланган тартибда далолатномалар тузмаганини айтишганди.
Суд мазкур ҳолатларда қонунчилик талаби бузилган деб топган ва ишни пухта ўрганмагани учун 2021 йил 6 декабрь куни судлов ҳайъатининг ажрими билан РСТЭИАМ Тошкент шаҳар филиали Морфология бўлими Сергели пунктининг давлат суд тиббий экспертизаси бошлиғи ҳамда Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси бошлиғига нисбатан хусусий ажримлар чиқарган.
Аъзамжон Раҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўғлининг манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмагани ҳақида Тошкент шаҳар судининг ахборот хизмати томонидан тарқатилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
“Суд қароридан қисман розимиз, қисман норозимиз. Сабаби шунча вақт овора бўлганимизни кўриб-билиб турган бўлса-да, Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати масалага узил-кесил нуқта қўйиш ўрнига ишни биринчи инстанция судига қайтаришга қарор қилди, яъни масъулиятни зиммасига олгиси келмади, назаримизда.
Шунга қарамай апелляция суди ҳамма важларни текшириб кўрганини, ишга алоқадор ўнлаб одамлар – шифокорлар, мутахассислар, экспертлар, меҳнат инспекцияси вакиллари, терговчиларни эшитиб чиққанини эътироф этишим керак. Шу сабабли кўп нарсаларга ойдинлик киритилди. Яъни ўғлим вафот этган куни ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмагани, меҳнат инспекцияси жалб қилинмаганига оид бир қатор фактлар тасдиғини топди.
Иш яна ФИБ Миробод судига қайтарилди. Энди уни бошқа судья кўриб чиқади. Келиним учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинадиган бўлди. Судда бирга қатнашамиз, насиб этса. Тошкент шаҳар суди ўғлимнинг манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш ва иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ишончнома бўлмаганини маълум қилибди. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди, сабаби 22 ноябр куни бўлиб ўтган апелляция судида келинимнинг номидан менга ёзиб берилган ишончномани тақдим этганман”, дейди Аъзамжон Раҳмонов.
Мавзуга оид
17:23 / 07.12.2024
Бош прокуратура музейида қатағон қурбонларига хотирасига янги экспозициялар очилди – фоторепортаж
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
23:51 / 27.10.2024
Бош прокуратура ОАВ вакилларини тасдиқланмаган ахборот тарқатишдан огоҳлантирди
15:34 / 24.10.2024