Самарқандда бир-бирига туташ учта хонадонда ёнғин чиқди
Самарқанд туманида содир бўлган ёнғинда ёнма-ён жойлашган учта хонадоннинг том ва шифт қисми ҳамда уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 6 ноябр куни соат 07:30 ларда Самарқанд тумани ФВБга туман “Қозиқўрғон” МФЙда жойлашган хонадонларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур хабарга асосан соат 7:42 да воқеа жойига 6 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Ёнғин соат 8:08 да қуршаб олинган ва соат 8:58да бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида 3 та уйнинг жами 170 метр квадрат майдонида том, шифт ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғинда ҳеч ким жабрланмаган ва ҳалок бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби ҳамда келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.