Иқтисодиёт | 17:18 / 06.12.2021
31232
8 дақиқада ўқилади

Туркия: лира қулади, инфляция кўтарилди, бироқ Эрдўған хотиржам. Мамлакат иқтисодиётида нималар бўлмоқда?

Бу йил Туркия миллий валютасининг қурби долларга нисбатан 45 фоизга тушди, бироқ мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу борада асло ташвишланмаётганга ўхшаяпти.

Биргина ноябр ойининг ўзида турк лирасининг АҚШ долларига нисбатан қурби 30 фоизга арзонлашди.
Sedat Suna / EPA / Scanpix / LETA

Ўтган ҳафта ичида ҳам лира рекорд минимумларни қайд этди, лекин Туркия етакчиси паст фоиз ставкалари билан «мустақиллик учун иқтисодий муҳораба»ни давом эттирмоқда.

Нега Эрдўған унинг рақиблари таъкидлаётганидек, инфляция, ишсизлик ва қашшоқлик ошишига сабаб бўлувчи сиёсатидан воз кечмаяпти? Бу туркияликлар учун нимани билдиради? BBC бу ҳақда таҳлилий мақола эълон қилди.

Ноортодоксал сиёсат

Турк лирасининг қулаш сабаби оддий: президентнинг иқтисодиётга ноортодоксал ёндашуви. Унга кўра, Туркиянинг рақобатбардош валюта шароитида иқтисодий ўсиши ва экспорт салоҳиятини паст фоиз ставкаларини сақлаб қолиш йўли билан қўллаб-қувватлаш назарда тутилади.

Кўплаб иқтисодчилар инфляция ўсиши фоиз ставкаларини ошириб бориш билан назорат қилинади, деб ҳисоблашади. Лекин Эрдўған учун фоиз ставкалари — бу «бойларни янада бой, камбағалларни эса қашшоқ қилувчи ёвузликдир».

«Ҳамма нарсанинг нархи шу қадар ошганки, кўпчилик оилаларда рисоладагидек тушлик тайёрлашга ҳам имконият йўқ», — деган маҳаллий озиқ-овқат дўконларидан бирининг харидори Севим Илдирим BBC’га.

Туркияда йиллик инфляция 21 фоиздан ошди, лекин Эрдўған назорати остидаги Марказий банк фоиз ставкасини 16 фоиздан 15 фоизга туширди. Бу эса шу йилдаги учинчи пасайтириш.

Ҳозир бутун жаҳонда инфляция ошиб бормоқда, бутун дунё бўйлаб марказий банклар фоиз ставкаларини ошириш ҳақида гапиришмоқда. Фақат Туркия эмас. Эрдўған алалоқибат инфляция ўз-ўзидан пасайишига ишонади.

Сўнгги икки йил ичида у Туркия марказий банкининг уч раҳбарини ишдан олди, ўтган ҳафтада молия вазири ҳам бўшатилди. Лира эса қулашда давом этмоқда.

Нархларнинг мисли кўрилмаган ошиши

Туркия иқтисодиёти кўпроқ импортга боғлиқ, бу ерга озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, текстил маҳсулотлари ва бошқа буюмларгача олиб кирилади. Шу сабабли мамлакатдаги истеъмол товарлари нархи долларнинг лирага нисбатан курсига тўғридан тўғри боғлиқ.

Масалан, турк ошхонасининг асосий масаллиқларидан бири помидорни олайлик. Помидор етиштириш учун турк фермерларига импорт ўғитлар ва газ керак. Мамлакат жанубидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуд бўлмиш Анталия савдо палатаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг августига келиб помидор нархи ўтган йилгига нисбатан 75 фоизга кўтарилган.

«Биз қандай қилиб пул ишлайлик? Ўзимиз етиштирган маҳсулотни ҳамон паст нархларда сотмоқдамиз, ишлаб чиқариш харажатлари эса бир неча каррага ошган», — дейди Истанбулдан уч соатлик масофадаги шаҳарчада узум етиштирадиган Садия Калеши.

Узумзорлар эгаси Фариде Туфаннинг айтишича, узум сотиб кун кўриш иложсиз бўлиб қолди. Фото: BBC

Яна бир фермер Фариде Туфаннинг айтишича, унинг ўз хўжалигини сотишдан бошқа йўли қолмаган: «Қарзларимизни еримиз ва узумзорларимизни сотибгина узишимиз мумкин. Лекин унда ҳеч вақосиз қоламиз».

Туркия валютаси шу қадар беқарорки, нархлар ҳар куни ўзгармоқда. Биргина ишлаб чиқарувчилар учун инфляция 50 фоизга ўсган.

«Қўлимдан келган барча харажатларни қисқартирдим, — дейди бозорга харид учун келган Хоқон Айран. — Тўловларга қолиши учун оилам камроқ ея бошлади, ўта заруриятсиз ҳеч ким ҳеч нарса сотиб олмайди».

Супермаркетлар ходимлари бир товар учун бир неча кунлик нарх ёрлиқларининг фотоларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирмоқда. Бу билан улар маргарин, зайтун ёғи, чой, қаҳва, тозаловчи воситалар ва ҳожатхона қоғозининг нархи қандай ўсиб бораётганини амалда кўрсатиб беришмоқда.

Фото: twitter.com/zamgunlugu

Туркиянинг катталиги бўйича учинчи шаҳри Измирдаги нонвойхона ўз эшигига харидорларга нарх ошганини тушунтирувчи эслатма илиб қўйди. У ерда жумладан ун, ёғ ва кунжутнинг ошган нархлари ҳам келтирилган. Мурожаат «Аллоҳнинг ўзи ёрдамчимиз бўлсин» сўзлари билан тугатилган.

 Фото: twitter.com/etkilihaber

Хорижий валютадаги қарз — хусусий сектор учун катта муаммо, лиранинг беқарорлигидан компаниялар маҳсулотларини сотишдан кўра, омборларда сақлашни маъқул кўришмоқда.

Бу эса янада қашшоқлашишга олиб келмоқда ва камбағаллар ва бойлар ўртасидаги фарқ ошишига хизмат қилмоқда.

Норози турк ёшлари

Арзон нон таклиф этилаётган ёнилғи шохобчалари ва маҳаллий кенгашлар бинолари олдида навбатлар ҳосил бўлмоқда.

Мухолиф партиялар муддатдан аввалги сайловлар ва митингларга чорламоқда. Лира бир кунда 18 фоизга қадрсизланган 23 ноябр куни айрим жойларда норозилик акциялари ҳам ўтказилган ва ўнлаб одамлар ҳибсга олинган.

Лекин, айниқса ёшлар ижтимоий тармоқларда ўз норозилигини кўпроқ билдирмоқда.

«Мен ҳукуматимиздан мутлақо норозиман. Мен бу мамлакатда ўз келажагимни кўрмаяпман», — деб ёзган ёш турклардан бири YouTube’даги янгиликлар канали остидаги шарҳ бўлимида.

Туркиянинг ҳар бешинчи ёши иш билан таъминланмаган, аёллар ўртасида ишсизлик статистикаси янада ачинарли.

Бадавлат давлатлар клуби ҳам деб аталувчи Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) маълумотларига кўра, Туркия ишсиз ёшлар, шунингдек ўқимайдиган ва касбий тайёргарликдан ўтмайдиган ёшлар улуши кўплиги бўйича дунёдаги илғор давлат.

Туркия ёшлари ўзларини хорижлик тенгдошлари қандай яшаётганига солиштиришади ва кўпинча бу таққос уларнинг фойдасига эмас. «АҚШ ёки Европадаги ёш йигит ўзининг бир ойлик маошига iPhone сотиб ололади. Мен эса кўп ой ишласам ҳам бунга имконим йўқ», — дейди 18 ёшли йигит.

Бу авлод яқин йилларда Туркия сиёсатида ўз сўзини айтади – улар Эрдўған раҳбарлигидаги «Адолат ва тараққиёт» (AKP) партияси 2002 йилдан буён ҳукмрон бўлган даврда яшаб келмоқда. 2023 йилда бўлиб ўтадиган кейинги сайловларда 1990-йилларнинг охирларида туғилган қарийб тўққиз миллион ёшлар илк марта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишади. Бу эса AKP учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

«Олдиндан айтиб бўлмайди»

Ҳукмрон партия муваффақиятлари 2008 йилги молиявий инқироздан сўнг Туркияга хориждан кўплаб молиявий ёрдам кўрсатилганига ҳам қисман боғлиқлиги айтилади.

Туркия иқтисодиёти маблағлар ва кредитларнинг катта қисмини қурилиш саноатига йўналтирган ҳукумат харажатлари туфайли ҳам ўсди. Натижада, мамлакатда товарлар ишлаб чиқариш импортга, иқтисодиёт аҳволи эса валюта тебранишларига жуда боғлиқ бўлиб қолди.

Эрдўғаннинг иқтисодий модели лирани қутқариб қолиши мумкинлигига эса мамлакатда ишонаётганлар кўп эмас.

Иқтисодчи Арда Тункага кўра, бундай ноаниқлик шароитида ҳеч ким воқеалар энди қандай ривожланишини айтишга журъат эта олмайди. «Биз иқтисодий назария қолипларига мутлақо тўғри келмайдиган моделдан илк марта фойдаланмоқдамиз. Авваллари ҳаттоки кризис пайти ҳам прогноз қила олар эдик. Энди бу имконсиз», дейди эксперт.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид