Ўзбекистон | 18:22 / 07.12.2021
1221
2 дақиқада ўқилади

Тўрткўлда тадбиркор бўлиш истагида бўлган фуқародан 7 минг доллар талаб қилган фирибгар ушланди

Фото: Прокуратура департаменти

Қорақалпоғистонда тадбиркор бўлиш истагида бўлган фуқародан пул талаб қилган фирибгар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, департаментнинг Тўрткўл туман бўлими ва ДХХ томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда фуқаро У.С. фирибгарлик йўли билан ноқонуний даромад орттириш мақсадида, фуқаро С.га танишлари орқали дўкон қуриши учун ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, унга туман ҳудудидан “Эко бозор” қурилиши учун 75 кв. метр ер майдони ажратилганлиги ҳақидаги туман ҳокимининг сохта фармойишини тақдим қилиб, эвазига 7 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28, 211-моддаси (пора бериш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан олдин Хўжайли туманида МЧЖ номидаги 1 млрд сўмлик мулкларни собиқ раҳбарлар сотиб юборгани аниқланганди.

Шуҳрат Саидаҳматов
Тайёрлаган Шуҳрат Саидаҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид