Ўзбекистон | 08:22 / 07.12.2021
849
2 дақиқада ўқилади

«Янгиариқ» умумқўшин полигонида янги ҳарбий марказ иш бошлади

Хоразм вилоятидаги «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ҳарбий хизматчиларнинг чўл шароитида яшовчанлигини ошириш, оғир экстремал вазиятларда жон сақлаш сирларини ўргатишга ихтисослаштирилган янги ҳарбий марказ ўз фаолиятини бошлади.

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Марказнинг тантанали очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов, Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғининг ўринбосари полковник Иқбол Абдураҳмонов, меҳнат фахрийлари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Хоразм вилоятидаги куч тузилмаларининг жанговар тайёргарликдан амалий машғулот жараёнларини ўтказиш учун 4 минг гектар ер майдонига эга бўлган Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг «Янгиариқ» умумқўшин полигони барча қулайликларга эга бўлди. 

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати
Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Бўлинмаларни чўл шароитида тайёрлаш маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун полигон ҳудудидаги ҳарбий топография, разведка, отиш ва тиббий тайёргарликлар, шунингдек яшовчанликни ошириш хоналаридан иборат ўқув биноси, кўргазмали экспонатлардан иборат бўлган ҳамда амалий машғулотларни олиб боришга мўлжалланган иккита яшовчанлик шаҳарчаси, 150 ўринли ётоқхона ҳамда марказ шахсий таркибининг хизмат хоналари ажратилди. 

Бу даргоҳда бир вақтнинг ўзида 50 нафар ҳарбий хизматчи тоифасидаги оддий аскар ва сержантлар 14 кун давомида таҳсил олади. Ўқув жараёнининг 10 фоизи назарий, 90 фоизи амалий машғулотларни ташкил этади. Таълим жараёни қишки ва ёзги мавсумлардан иборат. 

Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати
Фото: Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

Амалий машғулотларни ўтказишга мўлжалланган Яшовчанлик шаҳарчасида саҳрода олов ёқиш, сув топиш ва тозалаш ҳамда захирасини яратиш, ов қилиш ва озиқ-овқат захирасини ғамлаш, овқат тайёрлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, бўлинмаларнинг жойлашуви учун пана жойларини жиҳозлаш ҳамда ниқоблаш, кузатув ишларини олиб бориш каби ўқув жойлари барпо этилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид