Ўзбекистон | 16:18 / 08.12.2021
23660
3 дақиқада ўқилади

Қўлларимда нуқсон борлиги ҳаёт тўхтади дегани эмас

Зарина Мадраҳимова қўл ва бармоқларида нуқсонлар билан дунёга келган. Аммо бу нуқсонлар унинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва юксак натижаларга эришишига тўсқин бўла олгани йўқ. У спортчи, ўқитувчи айни вақтда эса талаба ҳамдир.

Зарина Андижон давлат университетининг 4-босқич талабаси. У нафақат ўқишда, балки уй-рўзғор ишларида ҳам фаол. Бошқаларга қарам бўлишни хоҳламайди ва доимий изланишдан тўхтамайди.

Kun.uz мухбири чекланган имкониятига қарамасдан тиним билмай ҳаётда ўз ўрнини топиш учун ҳаракат қилаётган Зарина билан суҳбатлашди.

“Ёшлигимда кўчага чиқсам, мактабга кетаётсам мени бир марта кўрган одам “Худо ўзингга шукр, тавба қилдим”, дейишарди. Мен ўшанда йиғлардим. Шунчалик қўрқинчлиманми, деб хафа бўлардим. Кейин ўйласам, аҳмоқ бўлган эканман. Минг шукр қилишни бошладим. Кўнглим оғриган пайтларда кўпроқ ким биландир гаплашгим келади”, – дейди Зарина.

Зарина ўқув марказида инглиз тилидан дарс бериб келмоқда. Ўқитувчилик унинг энг севимли касби. Ҳозирда 60 дан ортиқ шогирдлари бор.

Шунингдек, қаҳрамонимиз спортнинг tаекwанdо тури билан ҳам шуғулланади. Ўзбекистон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Келгусида эса Паралимпия йўлланмасини қўлга киритиб, чемпион бўлишни мақсад қилган.

Унинг қўлларида нуқсони бўлса-да, оёқларида барча кучлари мужассамлашган. Бу ҳақда taекwанdo бўйича устози бизга сўзлаб берди.

“Заринанинг ҳаракатлари, ўзига ишончи, ичидаги ғурури, олдига қўйган мақсадлари бошқаларга нисбатан кучлироқ. Қўли йўқлиги сабабли оёғига кўпроқ эътибор қаратишини таъкидлайман. Масалан, биз столимизни силжитмоқчи бўлсак, қўлимиздан фойдаланамиз. Булар эса оёқларини ишлатишади”, – дейди Заринанинг мураббийи Муҳиддин Каримов.

Атрофдагиларнинг нуқсонига қараб муносабатда бўлишлари уни баъзан хафа қилади. Ишга жойлашишда, ўқишга киришда, умуман барча жабҳада бу мувозанатсизлик унинг ўйланишига, баъзан эса кўнглига оғир ботишига сабаб бўлади.

Зарина тушкунликка тушишни истамайди. У доим ҳаракатда бўлишни, олдига қўйган мақсадларга эришишига нуқсони тўсқинлик қила олмаслигини таъкидлайди. Мақсадга етишиш осон эмаслигини билса-да, ҳаракатдан тўхтамайди. Тушкунликка тушган ва ёлғиз қолишни истаган пайтлари ҳам кўп бўлади. Бироқ бу синовни енгиб ўтишда ўзида доим куч топади.

Абдували Қурбонов,

Тасвирчи ва монтаж устаси Азизбек Исмоилов.

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид