Жаҳон | 23:29 / 09.12.2021
14468
3 дақиқада ўқилади

Польшага қочган авиадиспетчер Минскка мажбуран қўндирилган Ryanair рейси бўйича кўрсатма берди

Фото: AP

Минск аэропортининг Польшага қочган авиадиспетчери 23 май куни Ryanair авиакомпанияси самолётининг аэропортга мажбуран қўндирилиши бўйича кўрсатмалар берди. Унинг таъкидлашича, самолётни қўндириш вақтида аэропортнинг диспетчерлар хонасида Беларусь давлат хавфсизлик қўмитаси зобити бўлган. Бу ҳақда Европа махсус хизматлари вакилларига таяниб The New York Times нашри хабар берди.

Польша миллий хавфсизлик департаменти бошлиғи Станислав Зариннинг маълум қилишича, польшалик терговчилар ўша воқеаларнинг бевосита гувоҳидан кўрсатма олишга муваффақ бўлишди. Ушбу кўрсатмаларга кўра, самолётни қўндириш вақтида диспетчерлар хонасида махсус хизмат зобити бўлган ва у “ҳал қилувчи лаҳзада диспетчерлик хизматини ўз назоратига олган”. Зобит бортида беларуслик мухолифатчи блогер Роман Протасевич бўлган самолётни “ушлаш” мобайнида телефон орқали кимдир билан гаплашган ва унга юз бераётган воқеалар ҳақида ҳисобот берган. 

NYT манбаларининг таъкидлашича, Польшага қочган авиадиспетчернинг исми Олег Галегов бўлиб, у Ryanair самолёти билан юз берган воқеа вақтида учувчига самолёт бортида бомба борлигини ва хавфсизлик нуқтайи назаридан унинг Вильнюсга парвозини тўхтатиб, Минскка қўндириш кераклигини маълум қилган.

Нашрнинг таъкидлашича, авиадиспетчернинг кўрсатмалари Польша прокуратурасига самолёт билан юз берган воқеа юзасидан Беларусь расмий шахсларига қарши айблов тайёрлашда ёрдам беради. Гап шундаки, Минскка қўндирилган Boeing-737 самолёти Польшада рўйхатдан ўтказилган бўлган ва Ryanair ирланд авиакомпаниясининг Польшадаги филиали томонидан фойдаланилган.

Июлда Беларуснинг “Наша Нива” нашри июн ойида Олег Галегов таътилга чиққани ва шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаганини маълум қилган. Таъкидланишича, “Белаэронавигация” корхонаси ўз ходимини излашга тушган, бироқ бу уринишлар самара бермаган. Шунингдек, авиадиспетчер ғойиб бўлгандан кейин ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларини ўчириб ташлаган.  

2021 йил 23 майда Афинадан Вильнюсга учган Boeing 737 самолёти бортида бомба борлиги ҳақидаги огоҳлантиришдан кейин Минскка қўндирилган. Самолётда беларуслик блогер Роман Протасевич ва унга ҳамроҳлик қилган россиялик Софья Сапега бўлган. Уларнинг иккиси ҳам ҳибсга олинган. 

Ғарб давлатларининг таъкидлашича, самолёт билан юз берган воқеа блогерни ҳибсга олиш учун атайлаб Беларусь махсус хизматлари томонидан уюштирилган. Бироқ Беларусь бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид