Иқтисодиёт | 17:41 / 09.12.2021
18855
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида қуриладиган янги транспорт йўлаклари ҳақида маълумот берилди

6 декабрь куни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари учрашувида эришилган икки давлат ўртасида транспорт йўлаклари ва саноат кооперацияси маркази бўйича келишувга доир қўшимча маълумотлар эълон қилинди.

Фото: Anadolu

Қозоғистонга давлат ташрифи билан борган Шавкат Мирзиёевнинг Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашувида ўзаро ва учинчи давлатлар бозорларига чиқишни таъминлайдиган янги йўлакларни шакллантириш масаласи ҳам кўтарилган эди.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, «Туркистон-Чимкент-Тошкент» юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл лойиҳаси 2024 йилда ишга туширилиши кутилмоқда. Икки тарафдан 5 жуфт поездлар ҳаракатланганда тахминан йилига 1,9 миллион йўловчи ташилади. Ушбу магистрал Ўзбекистон ва Қозоғистон боғловчи ягона сайёҳлик йўналиши сифатида тан олинган ҳамда икки давлатнинг сайёҳлик имкониятларини оширишга имкон беради.

Учрашувда эришилган яна бир келишув «Учқудуқ-Қизилўрда» темир ва автомобил йўли ушбу ҳудудлар ўртасидаги масофани 3-3,5 баробар қисқартириши, капитал ва ишчи кучи айланмасини ошириши кутилмоқда. Шунингдек, ушбу транспорт коридори Марказий Осиё мамлакатларини Қозоғистоннинг марказий ва шимолий қисмлари орқали Россия билан боғлайди.

Маълум қилинишича, икки давлат ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда бу кўрсаткич 21 миллион тоннани ташкил қилган.

Президент ҳузуридаги «ақл маркази»нинг маълум қилишича, умумий майдони 400 гектар бўлган «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро маркази қурилиши жорий йил апрелида бошланган. Марказнинг икки тарафдан кунлик ўтказиш қуввати 35 минг киши ва 5 мингта юк автомобилини ташкил қилади. Лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун йирик саноат ва савдо-логистика платформаси бўлиши айтилмоқда.

  • Эслатиб ўтамиз, 5-6 декабрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширди. Ташриф давомида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланди, 20дан ортиқ турли шартномалар тузилди, икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш борасида келишувларга эришилди.
Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид