Жамият | 16:41 / 09.12.2021
2827
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда профилактика инспекторининг машинасини ёқиб юборган шахсга ҳукм ўқилди

Фото: Олий суд ахборот хизмати

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида профилактика инспекторининг машинасини ёқиб юборган шахсга ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд раиси матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 1 июл куни соат 19:30 ларда Каттақўрғон тумани ИИБга Намозполвон маҳалласида жамоат жойида маст ҳолда жанжал қилган фуқаро устидан шикоят келиб тушган.

Участка профилактика инспектори вазиятни ўрганиш ва жанжал қилган фуқаро билан суҳбатлашиш учун ўз ҳамкасби билан унинг уйига борган. Фуқаро ички ишлар ходими билан ўзаро тортишиб қолган, сўнг унинг қонуний талабига бўйсунмай пичоқ кўтариб, профилактика инспекторига ташланган.

Шундан сўнг инспектор ва унинг шериги четроққа ўтиб туман ИИБ тергов-тезкор ходимларини воқеа жойига чақирган. Жанжал кўтарган фуқаро эса жаҳл устида уйи олдида турган профилактика инспекторининг машинасини ёқиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди томонидан айбланувчига суд ҳукми ўқилган. Унга кўра фуқаро Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди, 119-моддаси 2-қисми,  140-моддаси 3-қисми «а» банди, 173-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топилган. Айбланувчига 4 йил 8 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид