Ўзбекистон | 10:56 / 10.12.2021
45146
6 дақиқада ўқилади

“Бундай кўламдаги фожиада 11 киши жабрланиб, шундан 9 киши тирик қолганининг ўзи мўъжиза” — вазир ўринбосари

Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов Сурхондарё вилоятининг Денов туманида рўй берган, улкан вайроналарга сабаб бўлган портлашдан кейин атиги 11 киши жабрланганини мўъжиза деб атади.

“Портлаш туфайли 2 нафар бемор ўта оғир аҳволда шифохонага етказилган. Шулардан бири 1986 йилда туғилган Омонова Феруза портлаш вақтида қулаган бино тўсинлари тагида қолиб кетган. Унинг қўл панжалари ўнг билак учлик қисмидан узилиб кетган. Бундан ташқари, тос суяги синган, бош мияси ёпиқ жароҳат олган, жигарининг еттинчи сигментар соҳаси эзилиб йиртилган, шунингдек, танасининг кўп қисмида шилинган, йиртилган ва эзилиб кетган жароҳатлар бор.

Ушбу жароҳатлар натижасида беморда очиқ ва ёпиқ тарздаги ўткир қон кетиши кузатилган. Мутахассисларимиз томонидан ўз вақтида кўрсатилган ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Кеча у ўта оғир аҳволда бўлган бўлса, ҳозир ўртача оғир ҳолатда, ҳуши ўзида, яқинлари билан гаплашмоқда.

Фото: Kun.uz

Иккинчи беморимиз кўп сонли юмшоқ тўқималарининг эзилиши, бош миянинг чайқалиши ва бошқа жароҳатлар билан ўта оғир аҳволда шифохонага олиб келинган. Унга ҳам энг малакали шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилди, бугунги кунда ушбу беморнинг ҳаётига хавф соладиган хатар йўқ. Аҳволи барқарор. Ўта оғир аҳволдаги ҳар икки бемор жонлантириш бўлимидан умумий бўлимга ўтказилган.

Икки нафар беморнинг катта ва кичик суяклари очиқ силжиб синган. Портлаш вақтида ушбу беморларнинг бири бино ичкарисида, бири эса ташқарида бўлган. Уларнинг синган суякларини тиклаш операциялари ўтказилган, бу беморларнинг умумий аҳволи ўрта оғирликда.

Фото: Kun.uz

Икки нафар бемор бинонинг қулаб тушган тўсинлари тагида қолиб кетгани, уларнинг қаерда эканидан кечроқ хабар топилгани ҳисобига воқеа жойида ўлим ҳолати кузатилган. Жасадлари бир соат ичида топилиб, оила аъзоларига топширилди. Бундай кўламдаги фожиадан 11 киши жабрланиб, шундан 9 киши тирик қолганининг ўзи мўъжиза”, деб айтган Амрилло Иноятов 8 декабрь куни ўтказилган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса сабаб ва оқибатларини ўрганиш учун Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, комиссия аъзолари шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб борган. Расмий маълумотларда ҳодисага тахминан “газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш” сабаб бўлгани ва бунинг оқибатида ёнғин юзага келгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Бироқ ижтимоий тармоқларда расмий хабарларга муносабат билдирган деновликлар портлаш газ тўпланиши сабабли юзага келганига ишонишмаётгани, мутахассислар томонидан берилган жавоблардан қониқишмаганини кўриш мумкин.

Интернет фойдаланувчиларининг ёзишича, савдо маркази жойлашган ҳудудда газ босими жуда паст бўлган. Қолаверса, деновликлар мажмуада вентиляция ускуналари ишлаб тургани, агарда газ сизиб чиқиши кузатилганда, ичкарида бўлганларда газдан заҳарланиш кузатилган бўлиши, бироқ бундай бўлмаганини таъкидлашмоқда. Портлаш натижасида жабрланган шахслар ҳам “Дарё” мухбирига берган интервьюсида газ ҳидини сезишмаганини айтишган.

Ижтимоий тармоқларда савдо мажмуаси атай портлатилган бўлиши мумкинлиги, Деновда бундай ҳолатлар илгари ҳам содир бўлгани, хусусан, машҳур “Ҳабиб” бозорида чиққан ёнғин ҳам уюштирилгани, бироқ ўшанда ҳам ишлар бости-бости қилингани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Фото: Kun.uz

Ҳукумат комиссияси аъзолари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Масалиев “Инденим” савдо мажмуасидаги портлаш портловчи моддалар ёки портлаш хусусиятига эга нефть маҳсулотлари ёрдамида портлатилганини рад этган.

Шу билан бирга Бош прокуратура вакили ҳодисага “газ-ҳаво аралашмаси билан боғлиқ чақнаш” сабаб бўлгани ҳозирча дастлабки тахмин экани, портлаш сабабларини ўрганиш учун ўндан зиёд экспертиза тайинлангани ушбу экспертизаларнинг натижалари тайёр бўлганидан сўнг жамоатчиликка бу ҳақда маълумот берилишини таъкидлаган.

Гувоҳларнинг айтишича, воқеа содир бўлган ҳудуддан 5-6 километр узоқда яшаганлар ҳам портлаш зарбини ҳис қилишган. Интернетда ҳодиса жойидан 2 километр узоқликда жойлашган офис кузатув камераларида муҳрланган тасвирлар тарқалди. Тасвирларда кучли портлаш овози эшитилгани, офис эшиги очилиб кетгани, бино деворлари силкингани акс этган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов портлаш оқибатида нафақат “Инденим” савдо маркази ва унга туташ бинолар, балки воқеа содир бўлган ҳудуддаги 65та уй зарар кўрган, шундан 6та хонадон деворлари ёрилиб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келганини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда бир қанча машина ҳам талафотдан зарарланганини кўриш мумкин. Вилоят ҳокими матбуот анжуманида аҳолининг уйларига етказилган зарар давлат ҳисобидан қоплаб берилишини айтган, бироқ фуқароларнинг турар жойидан бошқа шахсий мулкларига етказилган зарар қай тарзда қоплаб берилишига аниқлик киритилмаган.

Ўзбекистон бош прокурорининг матбуот котиби Деновдаги портлаш теракт эканини рад этган. Ҳаёт Шамсуддинов ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 257– ва 259-моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид