Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дипломатик тортишув: Россия Украина ва Грузия НАТОга кирмаслигининг кафолатини сўради, альянс рад этди
Россия ташқи ишлар вазирлиги Украина билан чегарада юзага келган можароли вазият фонида Владимир Путин ҳамда Жо Байден суҳбатидан кейин мамлакатнинг талабларини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, Ғарб мамлакатлари 2008 йил Украина ва Грузияга улар НАТОга кириши бўйича берган ваъдаларини қайтиб олиши керак. НАТО талабни рад этиб, бу Россиянинг ўз таъсир доирасидаги ҳудуд яратишга уриниши деб атади. Британия ташқи ишлар вазири Украинага бостириб кириш стратегик хато бўлажагини эслатди.
Охирги вақтларда Россия Украинага навбатдаги марта бостириб киришга уринаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. АҚШ ва НАТО мансабдорлари Россия Украина билан чегарада қўшин тўплаётгани ва бу босқинга тайёргарлик эканини айтади. Россия эса ўз ҳудудида қўшинлар ҳаракатланиши бошқаларни безовта қилмаслиги кераклигини таъкидлаб, ўз ҳудудини ҳимоя қилиш учун доим тайёрлигини билдирди. Россиянинг бу баёноти Украина билан чегарада чиндан қўшин тўплаётганининг исботи сифатида қабул қилинмоқда.
Ғарб мамлакатлари махсус хизматларининг чамалашича, айни дамда Россия Украина билан чегарада 100 минг аскар тўплаган. Январ ойигача уларнинг сони 175 мингга етиши мумкин. Ўтган ҳафтада Путин ва Байден икки соат давомида Украина чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди. АҚШ президенти Россия Украинага бостириб кирса, бунинг оғир оқибатларидан огоҳлантирди. Ўз навбатида, Россия НАТОнинг ўзи томонга кенгаймаслиги борасида кафолат сўради.
11 декабр куни Ливерпулда катта еттилик давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда дунёнинг йирик иқтисодиётга эга давлатлари «Украинага нисбатан агрессия»ни муҳокама қилиши ҳақида Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс маълум қилганди. У Россиянинг Украинага бостириб кириши стратегик хато бўлиши, бунинг жиддий иқтисодий оқибати ҳам борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Британия ва иттифоқчилари Россияни босқин фикридан қайтариши керак.
Россия ТИВ нима талаб қилмоқда?
Россия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ёзилишича, Ғарб мамлакатлари Украинани НАТОга олиб киришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса Украина ҳудудида Россия марказигача етиб бора оладиган ракета комплекслари жойлаштирилиши имконини беради дегани. «Бу масъулиятсиз ишлар бизнинг хавфсизлигимизга жиддий хавф туғдиради ва ҳудудда жиддий ҳарбий хавф келтириб чиқаради», дейилади ТИВ баёнотида.
Ғарб мамлакатлари Россияни охирги йилларда тинимсиз айблаб келади: Болқон яриморолидаги вазиятни кескинлаштиришдан тортиб, ҳакерлик ҳужумлари-ю хориждаги сиёсатчиларни ўлдиришгача. Киев ва Ғарбдаги иттифоқчилари Россия Қримни босиб олган деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, Россия Украина шарқидаги вазиятни яна издан чиқаришга уринмоқда. Бу воқеалар фонида Россия ҳудуддаги кескинликни юмшатишни иддао қилиб, ўз шартларини эълон қилди. Улар қуйидагича:
- 2008 йил НАТОнинг Бухарестдаги саммитида қабул қилинган Украина ва Грузия альянс аъзоси бўлиши ҳақидаги қарорни бекор қилиш;
- НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги ва Россиянинг ғарбий чегаралари яқинида ракета қурилмалари қўйилишини тақиқловчи қонуний кафолат берилиши;
- АҚШ ва НАТОнинг бошқа аъзолари Россия билан чегара давлатларда, улар альянс аъзоси экани ёки аъзо эмаслигидан қатъи назар, ракета қурилмаларини жойлаштирмаслиги.
Шунингдек, Россия ташқи ишлар вазирлиги мудофаачилар ўртасида Россия – АҚШ, Россия – НАТО форматидаги мулоқотни тиклашни таклиф қилган. Қўшимчасига Россия НАТОнинг оператив машғулотларини ўтказиш масофасини ҳам ўзи билан келишилишини истамоқда.
НАТО: Россия ўз таъсир доирасидаги ҳудудни яратмоқчи
АҚШ ва НАТО бир неча марта Украина ва Грузия альянсга кирмаслиги бўйича кафолат берилишини рад этиб, буни улар эмас, НАТОга аъзо давлатлар ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган.
Жума куни кечқурун, Россия ТИВ баёноти эълон қилиб бўлингач, НАТО бош котиби Йенс Столенберг Москванинг талабларини навбатдаги марта рад этди: «Украина ва НАТО муносабатлари фақат альянснинг 30 аъзоси ўртасида ҳал қилинади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас», деди Столенберг Германия янги канцлери Олаф Шольц билан бирга ўтказилган Брюсселдаги матбуот анжуманида.
«Россия каби таъсир доираси катта давлатлар бу доирани янада кенгайтиришига имкон бера олмаймиз», деди альянс етакчиси.
АҚШ президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жек Салливаннинг айтишича, Байден россиялик ҳамкасби билан суҳбатда Украинанинг НАТО аъзолиги бўйича ҳеч қандай ваъда бермаган. «Байден дунё давлатлари қайси ташкилот билан бирлашиш қарорини ўзи қабул қила олишини билади», деди маслаҳатчи.
«У ерда шлагбаум бор»
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, мамлакатнинг НАТОга кириш учун интилаётган йўлида «шлагбаум» турибди: «Биз НАТОга [кириш бўйича] йўлимизни давом эттирамиз. Биз-ку бораверамиз, аммо у ерда шлагбаум турибди. Уни айланиб ўтиб бўлмаяпти», деди Зеленский 1+1 телеканалига берган интервьюсида.
Украина НАТО ва Европа Иттифоқига киришни мамлакатнинг стратегик йўли деб белгилаган. Бу ҳатто 2019 йил мамлакат конституциясида ҳам мустаҳкамланган.
Россиялик ҳамкасби билан гаплашганининг эртасига Байден Зеленскийга телефон қилиб, АҚШ Украинага ҳарбий кўмакни ошириши, Россия Украина чегарасини босиб ўтса, кескин иқтисодий санкцияларга учрашини айтган. Оқ уй маълумотига кўра, Байден санкциялар ҳақида Путинни ҳам огоҳлантирган.
«АҚШ президенти санкциялар ҳақида гапирди, бизнинг президент эса санкция янгилик эмаслиги, улар на АҚШ ва на Россия учун фойда бермаётганини айтди», деди Россия президенти ёрдамчиси Ушаков.
Байден администрацияси Украинага 200 миллион долларлик ҳарбий кўмак бериш бўйича қарор қабул қилган. Аммо NBC’нинг ёзишича, қуроллар юборилиши кечиктирилган. Телеканал манбаларининг айтишича, қуроллар дипломатик мулоқотга имкон бериш мақсадида вақтинча кечиктирилмоқда.
АҚШ Украинага 200 миллион долларлик қандай ҳарбий кўмак юбормоқчи экани маълум эмас, лекин телеканал манбасига кўра Украина ҳаво ҳужумидан, кема ҳужумидан ҳимоя ракеталари, танк ҳужумидан ҳимоя учун Javelin тизимли қурол, оғир артиллерия учун ўқ-дорилар ва тиббий воситалар сўраган.
Мавзуга оид
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:58 / 28.05.2025
Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди
10:23 / 28.05.2025
Давлат департаменти спикери: Россия Трампнинг сўзларини жиддий қабул қилиши керак
09:03 / 28.05.2025