Ўзбекистон | 20:31 / 12.12.2021
16756
6 дақиқада ўқилади

Одамлар ўлимига сабаб бўлаётган юқори тезлик ва кенг йўллар: муаммо ечими нимада?

Пойтахт Тошкент шаҳрининг кенг кўчалари нақадар чиройли кўринмасин, улар жуда хавфли. Ҳайдовчи учун ҳам, пиёда учун ҳам.

Фото: Kun.uz

Кўчаларимиз машиналарга тўлиб-тошмоқда. Бироқ, Ўзбекистонда автомобиллар сони аслида у қадар кўп эмас — Европа мамлакатлари билан солиштирсак, ҳаттоки бир неча ўн баробар кам. Масалан, Германияда салкам 48 миллион автомобил мавжуд, лекин бу мамлакатда шаҳарларда катта тирбандлик кузатилмайди. Ўзбекистонда 3 миллион атрофида автомобил мавжуд – пойтахтда ҳам, бошқа шаҳарлар кўчалари ҳам доим тиқилинч.

Бу муаммо ҳақида матбуотда кўп гапирилди. Шундай бўлса-да, яна бир бор тиқилинчлар ва йўлдаги ўлим ва жароҳатларни камайтириш, шаҳар аҳолиси учун қулай шароитлар яратиш учун нималар қилиш лозимлигини очиқ, ишончли маълумотларга таяниб келтирмоқчиман. Қуйидаги қисқа ва содда маълумотлар ишончли тадқиқотлар ва кўплаб мамлакатларнинг 50 йиллик тажрибасига асосланган. Мақолада шаҳар ичидаги йўллар ҳақида гап кетади.

Кенг йўллар — хавфли йўллар

Мана бу тадқиқотга кўра, шаҳарлардаги кенг (3,3–6 метрли) автомобил йўллари анча хавфли, торроқ (2,8–3,2 м) йўллар хавфсизроқ. Торроқ йўлларда тезликни ошириш қийин, паст тезлик ўлим хавфини камайтиради. Масалан, 50 км/соат тезликда келаётган автомобил пиёдани уриб юборганда инсоннинг тирик қолиш имконияти бор-йўғи 15 фоиз, агар тезлик 30 км/соат бўлса, пиёданинг тирик қолиш имконияти 90 фоизга тенг бўлади.

Фото: wri.org

Кенг йўллар тирбандликларни камайтириш ўрнига, аксинча, кўпайтиради.

«Йўлларни кенгайтириш орқали пробкани камайтириш, белдаги камарни кенгайтириш билан семиришни тўхтатса бўлади деган гапга ўхшайди», деб ёзганди машҳур олим Люис Мамфорд 1963 йилдаёқ. Замонавий тадқиқотлар ҳам буни тасдиқлаган.

Кенг йўллар «етиб олиш эффекти» (Rebound Effect) сабабли тўлиб бораверади, чорраҳаларда тиқилинч кўпаяверади.

Ечим – тор йўллар ва яхши жамоат транспорти

Дунё 1990 йилдан буён йўлда транспорт воситалари ҳукмронлигидан воз кечиб келмоқда. Йўллар пиёдалар, велосипедчилар ва табиат учун тенг тақсимланмоқда. Швецияда 1994 йилда Vision Zero, кейинроқ Нидерландияда Sustainable Safety, Австрияда Safe system ва бошқа дастурлар амалга оширилди, натижада йўллардаги жароҳатлар сони 50 фоизга ва ундан юқори даражада камайтирилди, минглаб, ўн минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Мақсад – қурбонлар сонини нолга тушириш.

Бизда эса доимий равишда кўпайиб бормоқда...

Албатта, ҳолатни жиддий ўзгартириш бир уринишда амалга ошмайди, қайсидир бир тоифага ёқмайдиган чоралар кўришга тўғри келади. Бироқ натижа ҳаммага яхши бўлади: бу жараён иқтисодчилар тили билан айтганда «0 йиғиндили ўйин» эмас – кимдир ютса бошқаси ютқазадиган. Хавфсиз йўллардан автомобилчи ҳам, пиёда ҳам ютади.

Йўлларни торайтириш, жамоат транспортини қулай қилиш, тротуарлар ва ажратилган велосипед йўллари қуриш, енгил релсли транспортни кўпайтириш, йўл муҳандислигини тузатиш (йўл белгилари, светофорлар), пиёда ўтиш жойларини кўпайтириш, қонун-қоидаларнинг қатъий ижроси, тўғри таълим (фақат ҳайдовчиларни ўқитиш эмас, балки ҳаммани).

Нотўғри йўл (Тошкент йўллари):

Фото: wri.org

Тўғри йўл:

Фото: wri.org

Тезликни бошқариш

Шаҳарлар ичида тезлик 30 км/соат бўлиши керак. Ҳозирда Ўзбекистонда аҳоли пунктларида рухсат этилган тезлик 70 км/соат.

Рухсат этилган тезликни 70 дан 50 км/соатга туширсак, автомобил манзилга неча сонияга кечикади деб ўйлайсиз? Мана бу тадқиқотга кўра, тезликни 50 км/соатдан 30 км соатга тушириш манзилга етишни ҳар 1 км да 18 сонияга кечиктиради, холос. Бу дегани 10 километрлик манзилга бор-йўғи 3 дақиқа кечроқ борасиз, дегани. Аммо бу ўлим хавфини 80 фоизга туширади.  

Яқинда мактаб ва боғчалар олдида тезликни камайтириш тўғрисида қарор чиқди. Албатта, бу жуда яхши. Бироқ болалар мактаб ва боғчадан бошқа ерларда ҳам ҳалок бўлмоқда, катталар ҳам. Нега тезликни шаҳар ичида 30 ва 50 км/соат қилиш мумкин эмас?

«Йўл қурбонсиз бўлмайди»ми?

Кўпчилик йўллардаги ўлимни нормал қабул қилади, лекин йўлдаги ўлим ва жароҳат нормал  бўлмаслиги керак. «Йўл бўлгандан кейин ўлим бўлади», деган тушунчадан воз кечиш керак.

Йўллардаги ўлим ва жароҳатлар фақат йўл ҳаракати иштирокчиларининг эмас — жамиятнинг, яъни ҳар биримизнинг айбимиз деган тушунчани ўзимизда ҳосил қилишимиз керак. Чунки айнан жамият лоқайдлиги сабаб йўл ҳаракатини бошқарадиган идоралар, лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича масъулларда ҳам эътиборсизлик пайдо бўлади.

Шаҳардаги автомобил йўлларига масъул бўлган тегишли ҳокимликлар, маҳаллий идоралар, Транспорт вазирлиги, ИИВ ЙҲХБ ва бошқа ташкилотларнинг ҳар бир ўлим учун жавобгарлигини ошириш керак. Инсон қадри устуворлиги бу соҳада ҳам юзага чиқиши керак.

Жамиятимизнинг 90 фоиз аъзоси пиёда юради, йўлларни кесиб ўтади, йўллар ва бутун инфраструктура шунга мос тақсимланиши керак.

Яна бир айтилиши керак бўлган жиҳат — Тошкент йўлларидаги автомобилларнинг бир вақтда тиқилиб ҳаракатланиши экологияни бузади. Бу эса алоҳида ўрганиладиган ва оғриқли масала.

Ўткирбек Холмирзаев,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, PhD

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид