Ўзбекистон | 13:19 / 13.12.2021
26999
4 дақиқада ўқилади

Нега PayPal'нинг Ўзбекистонга кириш нияти йўқ? — компаниянинг ўзбекистонлик дастурчиси билан суҳбат

Ўзбекистон Марказий Осиёда PayPal тизимига қўшилмаган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. Kun.uz бироз аввал компания Ўзбекистонга кириш нияти йўқлиги ҳақида хабар берганди. Ўзбекистонлик дастурчи бу борада фикрларини билдирди. Нега PayPal Ўзбекистонга кириш ниятида эмас?

Фото: Reuters/Uzbek.life

2018 йил июн ойида Paypal Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни истаётгани ҳақида хабар берилганди.

Марказий банк 2020 йил октябрда PayPal билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, PayPal фаолиятига чекловни Ўзбекистон ўрнатмаганини, компания ўзи мамлакатга кириш нияти йўқлигини билдирди. 2021 йилнинг май ойида ҳам бу борада янгилик йўқлиги маълум қилинди.

PayPal’да дастурчи бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Оғабек Йўлдошев бу борада Kun.uz’га бир нечта тахминий сабабни айтди.

“Менда бу ҳақда аниқ жавоб йўқ, Ўзбекистонга PayPal’ни олиб келиш учун митингларда қатнашганман. Фикрларимни юқори бошқарувга билдирганман, бироқ аниқ жавоб ололмаганман. Тахминий 2та сабабни келтира оламан.

Биринчидан, бизнес муҳити ва эҳтиёжнинг юқорилиги. Ўзбекистонга PayPal кириши компанияга фойда бўлиши керак. Бизнес фойда билан тирик. Агар фойда қилолмаса ёки фойда паст бўлса риск қила олмайди. Чунки Ўзбекистондаги PayPal ёрдам бериши керак бўлган транзакциялар сони пастроқ. PayPal хориж билан Ўзбекистонга пул ўтказиш масаласида ишлайман дейдиган бўлса, мамлакатда бунақа бизнеслар ривожланиши оқибатида PayPal’га эҳтиёж мисоллари кам.

Иккинчидан, техник жиҳатлар, инфраструктура масаласи.

Жамоада ишлаганим учун тушунаманки, PayPal’даги хизматларни Ўзбекистон мисолида бажариш қийинроқ, чунки Ўзбекистонда фуқаролар маълумотларининг автоматлаштирилмаган қисмлари кўпроқ. Масалан, PayPal’нинг хизматларини бажаришимиз учун Ўзбекистондаги фуқароларнинг маълумотларини йиғишимиз керак бўлади. Чунки у шунчаки пул ўтказиш билан шуғулланмайди. У пул ўтказувчи ва қабул қилувчининг ҳимояси билан шуғулланадиган бизнес. Унинг ҳимояси билан шуғуллангани учун маълумотларни тўплаб автоматик тарзда қайси транзакция яхши ва қайси ёмонлигини аниқлаш керак. Бу учун кўп маълумот керак бўлади. Маълумотсиз транзакцияларнинг қайси сохта ёки фирибгарлик эканини аниқлаб бўлмайди. АҚШ ва бошқа ривожланган давлатларда маълумотлар яхши шакллантирилган тарзда берилади. PayPal шу маълумотларни қайта ишлайди. Бу инфраструктура масаласи”, — дейди дастурчи.

Унинг қўшимча қилишича, бу маълумотлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан йиғилмаган бўлиши эҳтимоли бор ва шу муаммолар сабабли компания Ўзбекистонга ҳали кириш нияти бўлмаслиги мумкин.

“Булар қандай маълумотлар? Ҳамма маълумотни очиқлай олмайман. Айтишим мумкин, яшаш турар жойи (маълум актуалликдаги), охирги телефон рақам ва e-mail’лари, яшаш жойининг локацияси, ҳар бир одамнинг солиқ тўлагандаги маълумотлари давлатдан сўралади ва бошқа бир қанча Ўзбекистонда йиғилиши одат бўлмаган маълумотлар сўралади. Шундан кейин PayPal’да ҳар бир шахснинг профили бўлади. Шунда PayPal хавфсизликни таъминлаб беради. Бизда ўша маълумотлар умуман йиғилмаган бўлиши мумкин”, — дейди Оғабек Йўлдошев.

У маълумотларни йиғиб бериш масаласи Ўзбекистон ҳукумати зиммасида қолаётгани боис, инфраструктура масаласида Ўзбекистон томони оқсаётган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Мавзуга оид