Ўзбекистон | 19:51 / 14.12.2021
36978
4 дақиқада ўқилади

Президент Тошкентдаги тирбандлик муаммосини ҳал қилиш чораси ҳақида гапирди

«Ғишткўприк» божхона постини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.

Фото: Kun.uz

Хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказилган видеоселекторда президент 11 километр йўл бўйини замонавий қиёфага келтириш, 400 гектар майдонда савдо ва логистика марказини ташкил этиш ҳисобига кунига 5 мингта юк транспорти, 35 минг кишига хизмат қиладиган инфратузилма яратиш мумкинлигига эътибор қаратди.

«Шу кунларда Тошкент шаҳрининг барча кўчаларида исталган соатда тирбандлик кузатилаётгани ҳақида гапиряпмиз.

Ҳозирда Тошкент шаҳрига кунига 130 минг тонна юклар катта ҳажмли машиналарда кириб чиқади. Бу пойтахтда тирбандлик, йўллар сифати ва ҳавонинг тозалигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Тошкент туманларида юк тақсимловчи йирик улгуржи савдо логистика марказларини қуриш орқали бу масалани ҳал қилиш мумкин.

Вилоят ҳокимлари икки ой муддатда халқаро йўллар кесишмаларида йирик савдо ва логистика марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошласин. Ёки Тошкент туманидаги «Ғишткўприк» божхона постини кенгайтириш, 11 километр йўл бўйини замонавий қиёфага келтириш, 400 гектар майдонда савдо ва логистика марказини ташкил этиш ҳисобига, кунига 5 мингта юк транспорти, 35 минг кишига хизмат қиладиган инфратузилма яратса бўлади.

Умуман, 158та қишлоқ туманларида хизмат кўрсатиш соҳасида 300 минг иш ўрни яратилади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда Йўл бўйи хизматларини ривожлантириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

«Вилоят ҳокимлари тижорат банклари билан бирга, келгуси йилдан ҳар бир массивда 21 турдаги зарур хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширишни бошласин.

Чегара олдида жойлашган 25та ҳамда ҳудудидан халқаро автомагистрал ва темир йўллари ўтган 100та туманлар савдо ва логистика хизматлари кўрсатишга ихт́исослашади. Мисол учун, Ғиждувон туманидан ўтган «А-380» халқаро автомагистрал йўли ёқасида 245та аҳоли уй-жойлари жойлашган.

Ушбу уйларнинг биринчи қаватида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш шарти билан кўп қаватли этиб қайта қуриш учун имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига камида 1 мингта иш ўрни яратиш мумкин.

Бунда, ўтган ҳафта имзоланган ипотека қарори доирасида ажратиладиган ресурслардан самарали фойдаланиш лозим. Олдин биз ипотекани фақат янги уйга берардик. Энди эски уйларни қайта қуришга ҳам беряпмиз. Бугунги кунда магистрал йўл бўйи сервис объектлари бўйича 835 гектар ер участкалари рўйхати шакллантирилиб, 630 гектари аукционга чиқарилган ва шундан атиги 308 гектари сотилган.

Қашқадарёда 227 гектар майдон савдога чиқарилган ва тўлиқ сотилган. Мисол учун, Наманганда атиги 3 гектар, Сирдарёда – 6 гектар, Тошкент вилоятида – 10 гектар, Қорақалпоғистонда – 12 гектар ер участкаси савдога чиқарилган.

Шу боис, уч ой муддатда барча халқаро автомобил йўллари атрофида хорижий лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, Йўл бўйи хизматларини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилсин. Вилоят ҳокимлари йўл бўйи сервис объектларини жойлаштириш лойиҳаларини Бош вазир ҳузурида ҳимоя қилади.

Ушбу лойиҳаларга келгуси йилда 200 миллиард сўм ажратилади. Умуман, келгуси йилда йўл бўйларида камида 3 мингта лойиҳани тўлиқ ишга тушириш шарт.

Яна бир масала – магистрал йўл бўйи ва чегара олди ҳудудларида логистика хизматларини кенг йўлга қўйиш учун, катта имкониятлар мавжуд.

Масалан, Ғиждувонда 34 гектар майдонда Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Қашқадарёни боғловчи вилоятлараро улгуржи савдо марказини қуриб, 5 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин», деган президент.

Мавзуга оид