Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев: Қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади
Хизмат кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга оид видеоселектор йиғилишида президент туризм ва меҳмонхоналар соҳасига алоҳида тўхталди.
Маълум қилинишича, янги меҳмонхона, дам олиш масканлари уч йил давомида мол-мулк ва ер солиғини 2 баробар паст ставкада тўлайди.
Шунингдек, туризм соҳаси учун махсус солиқ режими жорий этилиб, уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада, мол-мулк ва ер солиқлари эса ҳисобланган суммадан 1 фоизи миқдорида белгиланади. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида меҳмон уйларини ташкил этиш ва таъмирлаш учун ҳам, имтиёзли кредит ажратилади. Бунинг учун келгуси йилда 500 миллиард сўм йўналтирилади.
«Бир ой муддатда махсус солиқ режими жорий қилинадиган туман ва шаҳарлар рўйхати шакллантирилиб, қарор лойиҳасига илова қилинсин. Шунингдек, қишлоқларда янгидан ўрнатиладиган алоқа оператори станциялари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилади», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Бундан ташқари, алоқа операторларининг мобил алоқа ва тезкор интернет қамровини ошириш учун базавий станциялардан биргаликда фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
Саноати ривожланган 27та туманда савдо, умумий овқатланиш, логистика, меҳмонхона, техник хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар масканлар хизматларига устуворлик берилади. Хусусан, келгуси йилда Оҳангарон туманида йирик қурилиш материаллари кластерлари ишга тушиши ҳисобига логистика, қурилиш, аутсорсинг, экспертиза, савдо ва овқатланиш, меҳмонхона каби хизматларга талаб камида 2 баробарга ошади.
«Бунда, камида 50 мингта иш ўринлари яратиш назарда тутилиши керак. Бу мақсадлар учун ушбу 27та туманга 200 миллиард сўм ажратилади. Қишлоқ хўжалигида даромад юқори бўлган туманларда (жон бошига 8 миллион сўм) умумий хизматлар билан бирга, замонавий агрохизматлар ривожлантирилади.
Мисол учун, 158та қишлоқ туманида бир ойда ўртача бир кишига 270 минг сўмлик хизмат кўрсатилса, Қамашида бу кўрсаткич 180 минг сўмни ташкил этади. Лекин туманнинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали бу кўрсаткични келгуси йилнинг ўзида 300 минг сўмга етказиш мумкин.
Хусусан, туманда пахта ва ғалладан бўшайдиган 940 гектар, жумладан келгуси йилда 400 гектар ер майдони 1 минг аҳолига ижарага берилади. Ушбу ерларда уруғ ва кўчат, ўғит етказиб бериш, агроҳимоя, сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатиш ва мини техника билан таъминлаш бўйича алоҳида Агрохизматлар маркази ташкил этилади.
Бундан ташқари, туман аҳолисида 100 минг бошдан ортиқ қорамол, 200 мингдан зиёд қўй-эчки ва 450 мингга яқин парранда мавжуд. Шу боис, туманда камида 5та хусусий ветеринария хизмати корхонаси ташкил этиб, 50дан зиёд иш ўрни яратиш зарур. Бунинг учун, туман бюджети ҳисобидан 50 нафар ёшлар зоотехник-ветеринария йўналишидаги ўқув курсларида ўқитилади.
Туман марказида қуввати 200 тонналик совиткичга эга янги «Эко-бозор» қурилади ва мингта иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, Қамашида янги иш бошлаган 60 нафар ҳоким ёрдамчилари томонидан аҳоли учун кундалик зарур бўлган 21 турдаги хизматлар бўйича 600дан зиёд лойиҳалар шакллантирилган.
Туманнинг 2та марказий кўчасига ёритгич чироқларини ўрнатиб, 100дан зиёд савдо, овқатланиш ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш режа қилинган. Ушбу туманларда хизматларни ривожлантириш учун келгуси йилда 1 триллион сўм ажратилади.
Умуман, келгуси йил 21та қишлоқ туманида 10 минг оила учун «Янги Ўзбекистон» массивлари, мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Бу – ҳоким ёрдамчилари учун сервис ва савдони ривожлантиришга жуда катта имконият», деган давлат раҳбари.
Мавзуга оид
12:30 / 27.05.2025
Мебел маҳсулотлари хомашёси учун бож ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади
12:26 / 26.05.2025
Биржага чиқариладиган олтин ҳажми оширилади
12:18 / 26.05.2025
Якка тадбиркорларга тилла буюмлари билан савдо қилишга рухсат берилади
11:46 / 26.05.2025