Жаҳон | 10:19 / 15.12.2021
12756
2 дақиқада ўқилади

NASA қурилмаси тарихда биринчи бўлиб қуёш атмосфераси юқори қатламларига етди

АҚШнинг қуёшни ўрганишга мўлжалланган Parker сайёралараро станцияси қуёш атмосферасининг юқори қатламларига етган тарихдаги биринчи қурилма бўлди. Бу ҳақда NASA коинот агентлиги хабар берди.

Фото: NASA

“Тарихда биринчи марта фазовий қурилма қуёшга “тега олди”. NASA Parker Solar зонди қуёш атмосферасининг юқори қатламлари – унинг тожи орқали учиб ўтиб, қуёш энергияси зарралари ва унинг магнит майдонлари ҳақида маълумотларни тўплади”, деб айтилган хабарда.

Таъкидланишича, келгусида ҳам қурилма қуёш ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш учун унинг тожи орқали ўтишни давом эттиради.

“Parker қуёш атрофида айланишни давом эттириб, унга максимал масофага — 3,83 млн километрга яқинлашади”, деб қўшимча қилинган коинот агентлигида.

NASA’нинг маълум қилишича, зонднинг қуёш тожидан навбатдаги учиб ўтиши 2022 йил январида юз бериши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, зонд 2018 йилда Delta-IV ракетаси ёрдамида қуёш томон учирилган. Оғирлиги 635 кгни, ўлчами 1х3 метрни ташкил қилувчи зонд магнит майдонлари, қуёш плазмаси ва энергияси зарраларини ўрганиш учун турли қурилмалар, қуёш тожи ва шамолларини тасвирга олиш учун камералар билан жиҳозланган. Parker қуёшга яқинлашганда ёниб кетмаслиги учун 11 см қалинликдаги углепластикдан ишланган ва 1370 даража иссиққача бардошли ҳимоя панели билан таъминланган.

Давомийлиги 7 йилни ташкил қиладиган миссия давомида зонд қуёш ёнидан 24 марта учиб ўтади. Унинг асосий вазифалари орасида қуёш тожининг қизиши ва қуёш шамоллари тезлашишининг сабабларини ўрганиш бор. Миссия давомида олинадиган маълумотлар метеорологларга коинот об-ҳавосида Ердаги ҳаётга таъсир қилиши мумкин бўлган муҳим ўзгаришларни аниқроқ прогноз қилишга ёрдам беради.

Мавзуга оид