Иқтисодиёт | 19:12 / 15.12.2021
90486
3 дақиқада ўқилади

Янги 50 ва 100 минг сўмлик банкноталар тасвирлари эълон қилинди

Банкноталар 2021 йилнинг 22 декабридан бошлаб муомалага чиқарилади.

Янги кўринишдаги номинал қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгиларини муомалага чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Янги 50 минг сўмлик банкнота тасвири:

Фото: Марказий банк
Фото: Марказий банк

Банкнот олд томони чап қисмида Сурхондарё вилоятида жойлашган XI-XII асрларга тегишли ABU ISO TERMIZIY MAQBARASI меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

Банкнот орқа томонида милоддан аввалги III-I асрларга тегишли бўлган Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимий ёдгорлик – FAYOZTEPA ARXEOLOGIYA YODGORLIGI тасвирланган.

Янги 100 минг сўмлик банкнота тасвири:

Фото: Марказий банк
Фото: Марказий банк

Банкнот олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган ICHAN QAL'A тарихий музейи тасвирланган.

Банкнот орқа томонида III-IV асрларга тегишли бўлган қадимий Хоразм давлатининг пойтахти вазифасини бажарган қалъа - ANGKAQAL'A  ARXEOLOGIYA YODGORLIGI тасвирланган.

Марказий банк хабарига кўра, янги кўринишдаги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар 2021 йилнинг 22 декабридан бошлаб муомалага чиқарилади. Ҳозир амалда бўлиб турган 2017 йилда чиққан 50 минг сўмлик ва 2019 йилда чиққан 100 минг сўмлик банкнотлар ҳам муомаладан чиқарилмайди ва улар ўз тўлов қобилиятини сақлаб қолади.

«Муомалага чиқарилаётган янги кўринишдаги қиймати 50 000 сўм ва 100 000 сўм бўлган пул белгилари бугунги кунда муомалада бўлган 2017 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 2019 йил намунасидаги 100 000 сўмлик банкнотлар билан бир қаторда (параллел равишда) муомалада бўлади.

Яъни 2017 йил ва 2019 йил намунасидаги 50 000 сўмлик ва 100 000 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотмайди.

Шунингдек, янги кўринишдаги пул белгилари айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт», дейилади МБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб номинал қиймати 2 000 сўм ва 20 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгилари муомалага чиқарилганди. 2021 йилнинг 26 августидан бошлаб эса муомалага Ўзбекистонда 5 минг ва 10 минг сўмлик банкноталар янги кўринишда чиқарилишини бошлаган эди. Ўшанда Марказий банк вакили 5 минг ва 10 минг сўмлик банкноталар янги кўринишда чиқарилишига банкнотларни ягона тематикага бирлаштириш мақсади ҳам сабаб бўлганини айтиб ўтганди. 

Маълумот учун, ҳозирги 50 минг сўмлик 2017 йилда, 100 минг сўмлик 2019 йил 25 февралдан муомалага чиқарилган.

Мавзуга оид